"Бухоро"дан сўнгги янгиликлар: таркиб ўзгаради, бош мураббий эса... ёхуд ёзги трансфер ойнасида клубни нималар кутаётганини биласизми?
Кўриб турибсиз, про лигада Суперлига йўлидаги кураш жуда шиддатли тус оляпти. Ҳар бир учрашув, айниқса, юқори ўринлардаги жамоалар иштирокидаги баҳслар ғоят томошабоп руҳда ўтяпти. Қизиқарли ва ҳужумларга бой ўйин гувоҳига айланяпмиз.
Ўз олдига элитага қайтишни мақсад қилиб қўйган клублар орасида “Бухоро” ҳам борлигини биласиз. Ўтган йилги каби бу йил ҳам Суперлигага қайтиш асосий вазифа қилиб белгиланган. Юқорида айтганимиздек, про лигадаги кураш жуда жиддий ва интрига ҳам шунга яраша давом этяпти. Айтмоқчимизки, ҳеч бир жамоага осон эмас, шу жумладан “Бухоро”га ҳам. Айни пайтда турнир жадвалида улар 18 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Ундан юқорида “Турон”, “Андижон” ва “Машъал” жамоалари бор.
“Бухоро” клуби 12-турда асосий рақобатчиларидан бири – “Турон”га қарши сафарда майдонга тушди. Ушбу беллашувда бухороликлар ўз дарвозасидан иккита гол ўтказиб юборишди ва мағлубиятга учрашди. Натижада 1-ўриндаги клубдан 10 очкога ортда қоляпти, иккинчи ўриндаги жамоадан эса 7 очкога.
“Турон”га қарши баҳсдан сўнг, Sports.uz мухбири “Бухоро” клуби бош директори Ўткир Олимович Қодиров билан боғланди. Бундан мақсад клубнинг натижалари нима сабабдан яхши томонга ўзгармаётганини билиш эди. Бу масалада Қодиров шундай деди:
"Ҳали ҳеч нимани йўқотганимиз йўқ. Олдинда ўйинлар кўп. Танаффус даврида таркибни янада кучайтиришга ҳаракат қиламиз. 7-8 нафар ўйинчиларни алмаштириш режамиз бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам орқага чекинмоқчи эмасмиз. Олдинда кучли бешталикка кириш ўйинлари бор. Биз учун орқага йўл йўқ, ўзимиз учун ижобий натижага эришамиз, деб умид қиламан".
Шунингдек, охирги пайтларда бош мураббийнинг ҳам курси қимирлаб қолгани ва “Турон”га қарши учрашув Ҳаким Фузайлов учун охирги имконият эканлиги ҳақидаги гаплар ҳам қулоққа чалинди. Ўйиндан кейин эса бош мураббий яна бир бор истеъфо ҳақида гапириб, бу борада раҳбарият билан гаплашиб олмоқчилигини айтди. Мутасаддилар мураббийга ишоняптими? Шулардан келиб чиқиб, клуб бош директоридан Фузайлов масаласида ҳам сўрадик.
"Олдимизда “Зомин” жамоасига қарши ўйинимиз бор. Ҳаким Фузайлов ушбу учрашувга ҳам жамоани ўзи тайёрлайди. Ўйлайманки, Ҳаким Қаюмович бошлаган ишини ўзи охиригача давом эттиради. Балки матбуот анжуманида истеъфо ҳақида ҳиссиётларга берилиб гапириб юборган бўлиши мумкин. Лекин биз бу масалада бир қарорга келганимиз йўқ. 24 июнь куни “Зомин” билан учрашувга тайёрланамиз. Фузайлов Бухорода. Истеъфо ҳақида у киши билан гаплашганимиз йўқ".
Раҳбарият жим тургани йўқ ва жамоани янада кучайтириш борасида бош қотиряпти. Ўткир Қодиров биз билан мулоқот чоғида ушбу масалага ҳам тўхталиб ўтди.
"Ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда ҳужум чизиғини ва марказни кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, ўнг ва чап қанот ярим ҳимоячиларини ҳам олишимиз мумкин. Бу борада футболчилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Трансфер ойнаси очилганида ҳаммасини ҳал қилиб оламиз. Легионер ўйинчилар билан хайрлашмоқчимиз, асосан маҳаллий футболчиларни олмоқчимиз. Албатта, мағлубиятлар ҳеч кимга ёқмайди. Мухлисларимизни ҳам тўғри тушунамиз. Уларга ҳам ғалаба керак. Албатта, биз ишқибозларимизни ишонтириб айта оламизки, яхши натижага эришамиз, деб умид қиламан, - дейди бош директор".
Фикрлар
кейин яна янгиларини олиб келиб эскиларини хайда
кейин яна янгиларини олиб кел
яна янгиларини олиб келиб
яна янгидан бошланглар ва хакоза