«Челси»га ўтган Сатпаев трансфери «Реал Сосьедад» юлдузи трансферига қиёс қилинди
Мустақил Oneclub1909 медиа-ресурсида «Реал Сосьедад» янгиликларини ёритиб борадиган журналист Айтор Қозоғистон терма жамоаси ҳужумчиси Дастан Сатпаевнинг «Челси» ва «Бёрнли» клубларига ўтиши атрофидаги қизғин муҳокамаларни япон юлдузи Такефуса Кубонинг трансфери билан қиёслади, деб хабар беради Sports.kz нашри ASnews.kz манбасига таяниб.
«Бу вазиятни Кубонинг „Реал Сосьедад“га келиши билан бемалол солиштириш мумкин. Басклар яшайдиган ҳудуд катта эмас, шу пайтгача стадионларимизда япон футболчисини деярли кўрмаганмиз. Кубо келганидан кейин эса ҳар дам ора: „Кубо, Кубо, Кубо, японлар, японлар!“ деган гап-сўзлар тўхтамай қолди. Япониядан фақат уни ёритиш учун 3–4 нафар журналист учиб келди ва у қаерга борса, улар ҳам шу ерда пайдо бўлди. Ростдан ҳам ажойиб ҳодиса эди! Сўнгги йилларда футболнинг глобаллашуви беқиёс даражада тезлашди. Бу жуда яхши, чунки биз бу жараёндан катта завқ олмоқдамиз», — дея таъкидлади Айтор.
Суҳбат давомида мутахассис бундай трансферлар нафақат спорт, балки маданий алоқаларни ҳам кучайтираётганини қайд этди: басклар япон маданиятини яқиндан таниш имкониятига эга бўлди, Сатпаевнинг Англияга йўл олиши эса маҳаллий мухлисларга Қозоғистон ҳақида кўпроқ маълумот олишга туртки бериши мумкинлигини айтди.
Дастан Сатпаев «Челси» билан шартнома имзолаганидан сўнг лондонликлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кескин фаоллик кузатилди — Қозоғистондан келган юз минглаб изоҳ ва лайклар клуб аккаунтларини «портлатди». Футболчи «Бёрнли»га ижарага ўтгач, қозоғистонлик мухлислар бу клубнинг расмий саҳифаларига ҳам оммавий тарзда обуна бўла бошлади.

Фикрлар