«Челси» қишда қайси позициясини кучайтириши зарур? (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Ads

«Челси» янги бош мураббий Маурисио Сарри қўли остида Премьер Лига ва Европа Лигасини анча муваффақиятли тарзда бошлай олди. Бироқ италиялик мураббийнинг талабларига ҳамма ҳам бирдай жавоб берганича йўқ. Шунингдек, лондонликлар сўнгги вақтларда бир неча марта мағлубият аламини ҳам тотиб кўрди.

Саррисмо ўтган мавсумда Контенинг ҳимоявий ўйин услубининг бутунлай қарама-қарши вариантини таклиф қилади. «Кўклар» айни вақтда турнир поғонасида 37 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда. Айнан улар Гвардиоланинг «енгилмас жамоаси»ни мағлуб этди.

«Челси» шунингдек Карабао Кубогининг ярим финалига йўлланма олган. Европа Лигаси гуруҳ босқичини осон тарзда босиб ўтиб 1/32 босқичига чиққан.

Аммо Сарри жамоасида бу муаммолар йўқ дегани эмас. «Кўклар» ҳозиргача учта мағлубиятни қабул қилиб олган. Охиргиси кеча «Лестер»га ўз уйида ютқазиб қўйгани бўлди.

Саррисмо тизимида ишламаётган баъзи нуқталар борки, клуб қишда бир неча трансфер қилиш орқали буларни ҳал қилиб олиши мумкин. Хўш, улар қайси “оғриқли нуқталар”? Қуйидаги таҳлил ана шу ҳақида.

Чап қанот ҳимояси

Маркос Алонсо Антонио Конте қўли остида икки мавсум энг яхши қанот ҳимоячисига айланганди. Унинг ҳужумлардаги иштироки обрўсини анча ошириб юборганди.

Испаниялик ҳимоячи икки мавсум ичида Премьер Лигала 18 голга ҳисса қўшди. 5 узатма ва 13 голга муаллифлик қилган.

Аммо ҳозир тўрт кишилик ҳимояда фақат ҳимояда ўйнашга мажбурлиги туфайли унинг ҳимоядаги ожиз нуқталари кўзга ташлана бошлади.

Алонсо ҳужумда ўйнашни ёқтиради. Бу мавсумда у ҳужумдан кўра кўпроқ ҳимояни ўйлашга мажбур бўлмоқда.

Рақиб эса Алонсонинг ортида очилиб қолаётган бўшлиқдан унумли тарзда фойдаланиб қолмоқда. Буни «Тоттенхэм» амалда исботлаб берди.

Саррида бошқа вариант ҳам бор. Эмерсон ҳам ушбу нуқтада ўйнай олишига қарамай италиялик мураббий унга унчалик ишонч билдиргани йўқ.

Ҳужумчи

Мавсумолди машғулотлар вақтида Сарри қўли остида тўртта ҳужумчи бор эди. Ёзги трансфер бозори ёпилганидан кейин унинг ихтиёрида атиги иккита қолди.

Миши Батшуайи ва Тэмми Абрахам ижарага бериб юборилди. Мората ва Жируларгина марказий ҳужумчи ҳисобланишади. Муаммо шундаки уларнинг бирортаси ишончли ўйин кўрсатмаяпти.

Мората октябрь-ноябрь ойларида 5 ўйинда тўрт гол уриб спорт формасини тиклагандек эди. Бироқ испаниялик ҳужумчи талаб қилинган спорт формасида эмас.

Мората кўп ўйинларда жисмоний жиҳатлари туфайли рақибга ютқазиб қўймоқда. Унда камига ўзига бўлган ишонч ҳам етишмаяпти. Буни у психолог қабулида бўлганини айтганидан тушунишимиз мумкин.

Унинг муқобили Жиру эса янги мураббий талабларига умуман жавоб бермаяпти. Француз ҳужумчиси ўзининг 10-ўйинида, «Тоттенхэм» дарвозасига ички чемпионатдаги биринчи голини уришга эришди. Аммо у Европа Лигасида ўзини кўрсатмоқда. Саррига эса Премьер Лигада ҳам гол урадиган ҳужумчи керак.

Ўнг қанот вингери

«Челси»да ўнг қанот вингерлари бор. Мавсум стартида Виллиан ва Педро ушбу позицияда ротация қилинди. Испаниялик ҳужумчи ўзининг олти голи билан яхшироқ вариант эканлигини исботлашга ҳам улгурди.

Бу ўйин тизими ишлади. Эден Азар чапда, марказда асосий ҳужумчи билан бундай услуб иш бергандек эди.

Муаммо шундаки, Сарри кейинчалик Азардан «алдамчи тўққизлик» сифатида фойдалана бошлаганида пайдо бўлди. Бундай услубда Сарри майдонга бир вақтнинг ўзида ҳам Педро, ҳам Виллианларни майдонга туширади.

Шу тариқа клуб ихтиёрида ўнг қанотда иккинчи вариант йўқолади. Сарри қўли остида фақатгина Педро унинг талабларини бажара олади.

Вариантларнинг йўқлиги Саррини Лофтус-Чикдан ушбу нуқтада ўйнатишга мажбур қилмоқда. Бироқ англиялик ҳужумчи қанотдан кўра марказда анча фойдалироқ ҳаракат қилади.

Хадсон-Одои ҳам ўнг қанотда ўйнаб кўрди. Лекин у ҳам бу ерда самарали ўйнай олмади. Унинг нуқтаси барибир чап қанот эканлиги сезилди.