“Челси” яна бир қимматбаҳо харидини арзон-гаровга сотмоқчи
"Челси" ҳужумчиси Тимо Вернер "Лейпциг"га қайтишга яқин, деб хабар берди “Sky Sport Deutschland”.
Манбага кўра, клублар ўртасидаги сўнгги музокара муваффақиятли якунланган ва трансфер яқин вақт ичида амалга ошиши мумкин.
Қайд этилишича, 26 ёшли германиялик 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида яхши формада бўлиш учун немис клубига қайтмоқчи.
Форварднинг трансфери қандай тартибда амалга оширилиши ҳозирча маълум эмас. Бу катта эҳтимол билан сотиб олиш шарти билан ижара асосида бўлади.
6 август, шанба куни Вернер Лондон клубининг Англия Премьер лигасининг 1-туридан ўрин олган “Эвертон”га (1:0) қарши ўйин учун рўйхатга ҳам киритилмади.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи 2016 йилдан 2020 йилгача "Лейпциг"да ўйнаган. Немис футболчиси 64 миллион евро эвазига Лондон клуби сафига кўчиб ўтган. У “буқалар” сафида 156 учрашув ўтказиб, 90 та гол ва 40 та голли узатма муаллифига айланган.
Фикрлар