"Челси"га Палмер учун рад этиб бўлмас сумма таклиф қилинди
Франциянинг ПСЖ клуби Лондоннинг "Челси" етакчиси Коул Палмер учун 200 миллион евро таклиф қилди.
Парижликлар Президенти Носир Ал-Хелайфи Европа Чемпионлар лигасида зафар қучишни ҳали ҳамон орзу қилмоқда. Шу сабабли, қишки трансферлар ойнасида яна топ футболчи харид қилишни мақсад қилиб қўйган.
"El Nacional" нашрининг хабарига кўра, ПСЖ сўнгги кунларда Палмер атрофидаги вазиятни ўрганмоқда. Қулай пайт туғилиши билан рад этиб бўлмас шартнома таклиф қилмоқчи. Манбага кўра, ҳозирда Коул учун францияликлар 200 миллион евро атрофидаги суммани таклиф қилмоқчи. Бироқ, "аристократлар" яқин йилларда англиялик ҳужумкор ярим ҳимоячини сотиш ниятида эмаслигини билдирган.
Маълумот ўрнида, 22 ёшли юлдуз бу мавсум лондонликлар сафида 22 та ўйинда иштирок этиб, 13 та гол ва 6 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клуб билан шартномаси 2033 йилгача мўлжалланган бўлиб, Тransfermarkt порталидаги нархи 130 миллион евро деб баҳоланмоқда.
Фикрлар