"Чемпионатимиз оддий лига эмас, бизга қарши ўйнаш қизиқарли бўлади". "Mall of Antalya"да "Сурхон" мураббийи билан тасодифий учрашув

Термизнинг “Сурхон” клуби ҳам бошқалар қатори Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак.

Жамоада янги ўзгаришлар бўлган. Клуб 2023 йилги мавсумга тайёргарликни янги мураббий – Сергей Токов бошчилигида бошлади. Таркибга легионерлар жалб қилинмоқда.

Яқинда “Сурхон”га про лицензиясига эга мутахассис Рауф Инилеев бош мураббий этиб тайинланганлигини айтишди. Аммо Токов ҳам клубдаги ишини давом эттиряпти, фақат энди Инилеев билан бирга.

Токов билан суҳбатлашиш режамизда бор эди. Буни қарангки, Анталиядаги “Mall of Antalya” йирик савдо марказида айнан “Сурхон” мураббийини тасодифан учратиб қолдик. Вазиятдан фойдаланиб қолиш учун Токовга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

- Жамоа ва футболчилар янги, - дея гап бошлади, Сергей Токов. - Ўтган йилги таркибдан ўйинчилар ҳам қолган. Дўстона, аҳил жамоа тузишга ҳаракат қиляпмиз. Йиғинларимиз кўнгилдагидек давом этяпти. Албатта, вақт кам. Жамоани кеч қабул қилиб олдик. Ишлашда давом этамиз. Олдимиздаги вақтдан унумли фойдаланишга уринамиз. Бўлажак ўйинларда яхши футбол кўрсатамиз, деган умиддаман.

- Рауф Инилеев бош мураббий этиб тайинланди...

- Рауф Талгатович тажрибали мутахассис. Унинг маҳорати бизга керак. У терма жамоа ва клубларда яхши фаолият кўрсатган. Мураббий танлаётганимизда айнан унинг танловида тўхталдик. Бизда янги мураббий, янги футболчилар ва янги оила шаклланяпти. Шу боис ҳозирча бироз тажриба кам.

- Айтмоқчиманки, сиз ҳам клубда асосий мураббийлардансиз ва натижага ким жавоб беради?

- Натижага ҳаммамиз бирга жавоб берамиз. Массажистдан тортиб мураббийгача барчамиз бир ёқадан бош чиқарамиз.

токов

- “Сурхон”га янги ўйинчилар келган ва янги легионер ҳам бор...

- Ҳа, 5 нафар легионер билан шартнома имзоладик. Улардан биттаси ҳали етиб келгани йўқ. Келиши билан бу ҳақида ўзимиз расман маълум қиламиз.

- Легионерларда ўзингизга керакли сифатни кўряпсизми?

- Умид қиламанки, уларнинг ўйин бўйича сифати бизга ёрдам бера олади. Легионерларни кўрдик, ўйинларини томоша қилдик. Бизнинг чемпионатимиз оддий лига эмас. Легионер ўз чемпионатида ишончли ўйнаши мумкин. Бу Ўзбекистонда ҳам 100 фоиз ўзини кўрсатади, деган маънони англатмайди. Кимдир Ўзбекистон футбол даражасини паст деб ўйлаши мумкин. Лекин бундай эмас. Ўзбек футболчилари ёмон эмас, рақобат кучли. Жамоамиздаги легионерлар ўзларига билдирилган ишончларни оқлашади, деб ўйлайман.

- Кўпчилик “Сурхон”ни “Олимпик” билан қиёсламоқда. “Сурхон” иккинчи “Олимпик”ми?

- Биз иккинчи “Олимпик” эмасмиз, биз “Сурхон”миз. Бизнинг ўз услубимиз ва ўз фалсафамиз бор. Имкон қадар жамоани ёшартиришга ҳаракат қиламиз. Ёшларга ўйнаш имкониятини берамиз. Асосий вазифамиз ёш футболчиларга ишонч билдириш. Кимда салоҳият кўрган бўлсак, унда футболчи сифатида ўсиш имконияти мавжуд. Мақсадимиз сифатли футбол кўрсатиш.

- Куни кеча жамоанинг Анталиядаги йиғинига қўшилган Артём Филипосянни таклиф қилиш режаси кутилмаганда юз бердими ёки режалаштирилганмиди?

- Артёмни тажрибаси катта. Ўтган мавсумни Олмалиқда ўтказди. Бундай футболчилар ҳамма жамоага ҳам керак. Ёшларга тажриба улашишда Филипосянни тажрибаси катта бўлади.

- Бунгача “Оқтепа” футбол академиясида ишлаётгандингиз. “Сурхон” сиз учун янги чақирувми? Бу таклифни кутганмидингиз?

- Албатта, бу таклифга тайёрланмагандим. Лекин мен учун у қадар катта сюрприз эмас. Бунгача кўп йиллар давомида болалар ва ёшлар футболида, шунингдек, терма жамоаларда ҳам фаолият кўрсатганман. Мураббийлар штабидаги аксарият мутахассислар ҳам ушбу босқичдан ўтган.

анталия

- “Сурхон”нинг имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Мақсад мухлисларга ёқадиган футбол кўрсатиш. Раҳбарият ҳали олдимизга аниқ вазифа қўймади. Биз фақат сифатли футбол кўрсатиш устида ишлаяпмиз. Бизнинг кўрсатадиган футбол мухлисларга ёқиши керак.

- “Сурхон” “чақилмас ёнғоқ” бўладими?

- Кўп жамоаларга кураш тақдим қиламиз. Биз билан ўйнаш қизиқарли бўлади. Лигада яхши рақобат бўлса, футбол ҳам ютади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
14/02/2023 10:00
Легионерларни ахволи чаток яна кучли дейди