Чемпионлар лигаси-2: “Насаф” рақибларини билиб олди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистоннинг энг кучли клубларидан ҳисобланган “Насаф” футболчилари Осиё футбол конфедерацияси Чемпионлар лигаси-2нинг 2026/27 йилги мавсуми гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олди.

“Насаф” мусобақанинг А гуруҳидан ўрин олди. Қаршиликлар БААнинг “Ал-Ваҳда”, Кувайтнинг “Кувайт” ҳамда Баҳрайннинг “Ал-Халдия” клубларига қарши баҳс олиб боради.

Қаршиликлар сўнгги йилларда Осиё мусобақаларида ушбу уч рақибдан иккитаси билан тўқнаш келган. Ўтган мавсумда “Насаф” ОФК Элит Чемпионлар лигасида ўз майдонида “Ал-Ваҳда”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган.

Шунингдек, 2024/25 йилги ОФК Чемпионлар лигаси-2 мусобақасида Ўзбекистон клуби “Кувайт”га ҳам ўз майдонида 1:2 ҳисобида ютқазган эди.

Ўзбекистоннинг уч клуби ОФКнинг клублар миқёсидаги  иккита асосий мусобақасида иштирок этади. “Насаф” Чемпионлар лигаси-2да, “Нефтчи” ва “Пахтакор” эса Элит Чемпионлар лигасида тўп тепади.

ОФКнинг эркаклар клублари ўртасидаги учта мусобақаси учун 2026/27 йилги мавсум иштирокчилари таркиби июнь ойида расман тасдиқланган.

Чемпионлар лигаси-2 гуруҳ босқичида ҳар бир клуб 6 тадан ўйин ўтказади — ҳар бир рақиб билан биттадан уйда ва биттадан сафарда. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа 1/8 финалга йўлланма олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!