Чемпионлар Лигаси ярим финалида ҳам топилмайдиган супер тўқнашув (превью)

Авваллари, “Манчестер Юнайтед” Чемпионлар Лигасидан Европа Лигасига равона бўладиган бўлса, 1/16 ёки нимчорак финалда иштирокини тўхтатарди. Сабаби, ушбу чемпионат нуфузи яқин-яқингача ҳам бу даражада баланд эмасди. Аммо Александр Чеферин президентлик даврининг энг ёрқин ишлари қаторида ушбу ривожланишни эътироф этиш жоиз. Бугун Европа Лигаси ярим финалида кичик номларни учратмайсиз. Ўзингиз кўриб, гувоҳ бўлишингиз мумкин: Италия вице-чемпиони, АПЛ бронза медаллари соҳиби, Испанияда ўзаро ўйинлар нисбатигагина 4-поғонада қолиб кетган жамоа ва Украинанинг бир неча йиллардан бери мутлақ чемпиони.
Бугун биз сиз билан афиша жиҳатидан ЕЧЛ ярим финалларини-да ортда қолдирган қарама-қаршилик ҳақида гаплашамиз.

https___st1.soccer365.ru_s1_photo_20_224_1_s3qk1AqPGqzk
“Севилья”

Хулен Лопетеги аслида улкан мавқега ва шунга яраша маҳоратга эга катта мураббий. Унинг Испаниядан кетишига омил бўлган сабаб натижага алоқадор эмасди. “Реал”га эса кетма-кет 3 мавсум ЕЧЛ ғолиби бўлган бир пайтда келди. Аммо айни шу даврдан янги “Қироллик клуби” қурила бошланган эди. 5 йил ичида 4 бор Европада тенгсиз, деб топилган мадридликларнинг ғурури янги шаклланиши лозим бўлган жамоанинг мағлубиятларини кўтара олмади. Кейин эса Хулен кетишга мажбур бўлди. Бугун Зидан қурган жамоа Испанияни аввалги ресурслари билан забт этган бўлса бордир. Аммо бутун Европа “Барселона” қай аҳволдалигини кўриб бўлди. “Реал”нинг бу “ҳунарлари” чорак финалда “Лион” тўсиғидан ўта олмаган “Манчестер Сити”га ҳам ўтмади.
Келинг, “Севилья” мавзусига қайтайлик! Лопетеги Андалусияда шундай жамоа қура олдики, бугун уларнинг ўйин барча учун бирдек мароқли. Бу жамоада ўзига яраша ижрочилар, феноменлар, бир сўз билан айтганда, кузатишга арзийдиган футболчилар етарли. Аммо, тан олиш керакки, “кўҳна қитъа”да испанлар таркиби у қадар катта номларга эга ҳисобланмайди. Демак, гап яна мураббийга бориб тақаляпти. Бугун Хулен жамоасини шу қадар тез фурсатда янги тактик услубларга қарши курашга тайёрлай олмоқдаки, ҳар бир учрашувда биз бошқача “Севилья”ни кўрмоқдамиз. “Рома”га қарши тажовузкор, қувноқ кўринган андалусияликлар “Вулверхэмптон”га қарши ўйинда анча босиқ, теран футбол намойиш этишди.
“Қизил иблислар” эса қандай ҳолатда бўлмасин ҳар қандай жамоа ҳисоблашишга мажбур бўлган рақиблар сирасига киради. Манчестерликларнинг ишлари жойида. Демак, улар ҳақида жиддий бош қотириш лозим.
Тахминий таркиб: Буну, Навас, Диего Карлос, Кунде, Регилон, Банега, Фернандо, Жордан, Сусо, Эн-Несери, Окампос.

529

“Манчестер Юнайтед”

“Копенгаген” манкунианларга росмана жиддий бош оғриғи бўла олди. “Севилья”дан фарқли ўлароқ, МЮ футболчилари 120 дақиқалик учрашувдан ўтиб келаётгани бор гап. Аммо ҳар икки жамоада дам олиш учун етарлича вақт бўлди.
“Қизил иблислар”ни ўша учрашувдаги кеч урилган гол учун буткул айбдор қилиб қўйиш нотўғри бўларди. Сабаби, вазиятлар қанча кўп ва хавфли тус олмасин, данияликлар посбони Йонссон ўзининг ишончли ҳаракатлари билан барчани баттар ҳайратлантира бошлади. Пенальти бўлмаганида кейинчалик манчестерликлар гол ура олармиди ёки йўқ, буни билиш қийин. Аммо шу нарса аниқки, инглизлар ҳам испанларникидан кам бўлмаган даражадаги қийин синовдан ўтиб, ярим финалга етиб келди.
Сульшернинг “Юнайтед”и Брунуга тобора боғланиб бораётганини клубдагилар ҳам сезган кўринади. Клуб мутасаддилари “Боруссия”дан Санчони португалияликка шерик қилиб олиб келиш ҳаракатида куйиб пишяпти.
Тахминий таркиб: Ромеро, Уан-Бисакка, Байи, Магуайр, Уильямс, Фред, Гринвуд, Бруну Фернандеш, Погба, Рэшфорд, Марсьяль.
Иштирок эта олмайди: Жонс.

543

Мураббийлар

Хулен Лопетеги: “МЮ январь ойидан бери АПЛда мағлубиятга учрамади. Бу кўп нарсани англатади. Аммо бу Европа Лигаси ярим финали. Бизга хотиржамлик бера оладиган жиҳат шундан иборатки, жамоам улкан иштиёқ, мотивация ва финалда ўйнаш истаги билан машғулот олиб бормоқда. Юқори даражадаги рақибларга қарши бу каби турнирларнинг ярим финалида ўйнашнинг ўзиёқ сени руҳлантириб юборади. Биз масъулиятни тўлиқ англаган ҳолда муҳим учрашувга тайёрланяпмиз”.

thumb700_20190918184206948
Оле-Гуннар Сульшер: “Биз бир неча кун давомида тикланиш ва яхши тайёргарлик кўришга муваффақ бўлдик. Бу каби имконият доим ҳам бўлавермайди. 6 кун дам олган ҳолда ушбу баҳсга тайёрландик. Шундай экан, биз тайёрмиз! Ҳар қандай ўйинда яхши старт олиш муҳим. Биз ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз лозим. Уларнинг кучли прессингидан қутула олишимиз муҳим. Индивидуал маҳорат ҳам кўп нарсани ҳал қилади”.

unnamed_6
Сульшер ўзига ишониб турибди. Аммо бугун “Севилья” МЮни анчагина тер тўкишга мажбур қилади. Ушбу беллашувда яққол фаворит йўқ. Умуман, ярим финалда бу каби доминантлар кам бўлади. Жорий йилги еврокубоклар ярим финаллари орасида энг қизиқарлиси бўлиши кутилаётган ушбу баҳсда номлар жиҳатидан “қизил иблислар”да кичик устунлик бор. Аммо испанларда мураббийнинг тажрибаси анча катта. Шахсий интуициялар эвазига гапирган тақдиримда ҳам, қайси жамоа ғалаба қозонишини айтиш қийин. Менимча, кичик ҳисобдаги ғалаба қайд этилса керак. Аммо мағлуб жамоа ҳам бошини тик кўтариб чиқиб кета оладиган даражада кучли ўйнаши аниқ.

0_GettyImages-1227993550

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!