Чемпионлик йўлакчаси, Кубок илк бор "Бобур арена"да ёхуд "Андижон" ниҳоят уддалади
Ўзбекистон Кубогини қўлга киритганидан бери “Андижон”нинг ўз майдонидаги илк ўйини “Олимпик” жамоасига қарши кечди. Учрашувдан аввал “Бобур арена”да Ўзбекистон Кубоги жамоа сардори Илдар Маматказин томонидан яна бир мухлисларга намойиш этилди ва футболчилар Кубок билан расмга тушишди. Эътиборлиси, ўтган сафар “Металлург” клуби каби “Олимпик” футболчилари ҳам ўйиндан аввал “Андижон” аъзолари учун чемпионлик йўлакчасини ташкил қилдилар.
Доимгидек, “Андижон” фан-клуби ҳам учрашувга ўзгача тайёрланди. Бу сафар ҳам янги перформанс кўтарилди ва унда “Узавто раҳмат” ёзуви акс этганди. Бу клуб бош ҳомийсига миннатдорчилик ифодаси эди.
“Андижон” жамоаси учрашувни ҳужумкор руҳда бошлади. “Олимпик” таркиби асосан ёшлардан ташкил топгани сабабли улар босимсиз ва эркин ўйнашлари табиий эди. Лекин “Андижон” чемпионатнинг иккинчи даврасида ҳали ғалаба қозонмагани сабабли “Бургутлар”га уч очко ниҳоятда зарур эди. Шунинг учун жамоа ўз омадини рақиб жарима майдонидан излаган ҳолда кўплаб голли имкониятларни ҳосил қилдилар. Биринчи бўлим ўрталарида “Андижон” сафида мажбурий ўзгариш кузатилди. Леван Арвеладзе жароҳат олгани сабабли ўрнига Дамир Темиров туширилди. Ушбу футболчи ҳам ўйинга яхши қўшилиб кетди.
Мазкур учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилди. Иккинчи бўлимнинг 77-дақиқасида захирадан майдонга туширилган ҳимоячи Абдураҳмон Комилов 85-дақиқада “Бобур арена”нин ларзага келтирди. Владимир Бубаньянинг боши билан йўллаган зарбасини дарвозабон қайтаргач, Комилов қайтган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
“Андижон” голгача ҳам ҳужумлар ёмғирини ёғдириб ташлади ва “Олимпик” дарвозаси олдида қатор хавфли вазиятларни содир этиб, голга жуда яқин келганди. Якунда меҳнатига яраша ҳужумлардан бири гол билан якунланди. Бу эса “Андижон”га иккинчи даврадаги илк ғалабани тақдим этди.
“Андижон” – “Олимпик” – 1:0 (0:0).
26 октябрь. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 8411 томошабин.
Ҳакамлар: Олим Тўйчибоев, Шохруҳ Мақсудов, Адхам Рихсибоев
Захира ҳаками: Исроил Имомназаров
ВАР: Даврон Акмалов
АВАР: Ришат Нугмонов
Назоратчи: Рустам Бобомуродов
Комиссар: Владимир Назаров
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Абдулвоҳид Ғуломов, Сардор Азимов (Абдураҳмон Комилов, 77), Илҳом Абдуғаниев (Илҳом Алижонов, 69), Леван Арвеладзе (Дамир Темиров, 21), Бектемир Абдуманнонов, Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов (Шахром Самиев, 46), Рустам Турдимуродов.
“Олимпик”: Эдем Неманов, Мақсудхўжа Аълохўжаев (Абдулазиз Абдусаломов, 87), Нодирбек Абдухаликов, Фарруҳ Мухторов (Жалолиддин Содиқов, 87), Муҳаммадбобур Мўйдинов, Улуғбек Шарипов, Акбар Абдирасулов, Аҳмаджон Анваров, Муҳаммадазиз Иброҳимов (Риан Исломов, 60), Суннатилла Абдуллажонов (Муҳсин Бозоров, 71), Анвар Алижонов (Акбар Ўктамов, 60).
Гол: Абдураҳмон Комилов, 85 – 1:0.
Огоҳлантириш: Аҳмаджон Анваров, 58.
Фикрлар