Чемпионлик йўлидаги катта синов! "Атлетико" "Реал"ни меҳмон қилади (превью)

Кучли бешликнинг қолган чемпионатларидан кўра, Испания Ла Лигаси интригага бой ўтмоқда. Айниқса, чемпионлик кураши нуқтаи назаридан олиб қаралса, бу мавсум бош совринни ким боши узра баланд кўтариши каттагина сўроқ остида турибди. Пешқадамлик қилаётган "Атлетико" иккинчи даврада барқарорлик намойиш эта олмаяпти. "Барселона" ва "Реал" жароҳатлар гирдобида қолиб кетди. Испаниянинг ушбу икки гранд жамоаси бу мавсум 7 йиллик анъана янгиланишига қаршилик қила олмаслиги ҳам мумкин.

Сўнгги бор 2014 йилда Ла Лига чемпионлиги "эл-класико" иштирокчиларига насиб қилмаган эди. Бу ҳолат яна такрорланиши мумкин. Агарда бугун "Мадрид дербиси"да "Атлетико"нинг қўли баланд келса, "матрасчилар" таъқибчиларидан олдинлаб кетиши катта эҳтимол. Қўшимчасига, руҳий устунлик ҳам айнан Симеоне шогирдлари томонига ўтиб кетади.

Бир қизиқарли маълумотни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик: "Барселона" бош мураббийи Рональд Куман ушбу учрашувда "Реал"дан ғалаба кутмоқда. Ҳар қандай вазият ўз йўлига, бу икки принципиал клубларнинг қайсидир мавзуда бир-бирига мухлислик қилиши жуда ғалати ҳолат, назаримизда.

IMG_20210307_184505_155

"Атлетико"

Симеоне қўл остидаги жамоа бугун кичик фаворит ролида ҳаракат қилади. Биринчидан, улар ҳозир Ла Лига пешқадами. Иккинчидан, таркиб яхши ҳолатда. Тўпурарлик пойгасида пешқадамлик сари дадил одимлаётган Суарес, ўз техник ҳаракатлари билан рақибларига катта муаммо туғдирувчи Жоау Фелиш, "Реал"да тарбияланиб, клубга керак бўлмай қолган Маркос Льоренте ва дарвоза қўрғони Ян Облак азалий қўшниларини мағлуб этишга тайёр. Фақатгина бир жиҳат "матрасчилар" зарарига ишлаши мумкин: "Атлетико"ни бир неча кундан кейин ЕЧЛ доирасида "Челси"га қарши муҳим беллашув кутиб турибди. Ўз уйида имкониятни бой берган испанларнинг меҳмонда хато қилишга ҳаққи йўқ. Шу сабабли, босим остида қоладиган Симеоне шогирдлари тўлиқ консентрацияни "Мадрид дербиси"га қарата олмаслиги мумкин.

IMG_20210307_184429_090

Тахминий таркиб: Облак, Триппьер, Савич, Фелипе, Эрмосо, Коке, Сауль, Корре, Карраско, Фелиш, Льоренте, Суарес.

Диего Симеоне: "Бу мавсум жуда зўр ўтмоқда.  Эртага бир хил шароитда бўлган ва турнир жадвалининг юқори поғонасига кўтарилган иккита жамоа тўқнаш келади. Уч очко учун кураш бўлади, бу аниқ. Олдинда ҳали кўплаб ўйинлар бор. Яқинда "Реал" ва "Барселона" чемпионлик пойгасидан чиқди, дейишди, аммо ҳозир қаерда эканликларига эътибор беринг".

IMG_20210307_184415_395

"Реал"

Мадриднинг оқ либослилари катта талафотлар билан ушбу дербига етиб келди. Асосий таркибда ҳаракат қилиши мумкин бўлган Рамос, Карвахаль, Азар каби футболчилар ўйин қайдномасидан ўрин олмади. Шунингдек, бош мураббий яқиндагина жароҳатидан фориғ бўлган Бензема ҳамда Вальверде билан таваккал қилишни истамаётганлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳам асосий таркиб футболчиларига руҳий босим юклайди, ҳам ўйин картинасига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ўзи шундоқ ҳам охирги ўйинларда ишончсиз ҳаракат қилаётган "қаймоқранглилар" учун бу муаммо туғдириши тайин. Бироқ Зидан шогирдларини хурсанд қиладиган жиҳат ҳам йўқ эмас: "Реал" "Атлетико" майдонида ўтказилган сўнгги 5 учрашувда мағлубият нималигини билмаяпти. 3 дуранг ва 2 ғалаба қайд этган "Қироллик клуби" бугун яна ўша "Ванда Метрополитано"да меҳмон бўлади. Бир неча кундан кейин бўлиб ўтадиган ЕЧЛ нимчорак финали жавоб ўйини олдидан "қаймоқранглилар"ни жиддий синов кутиб тургани аниқ.

IMG_20210307_184425_422

Тахминий таркиб: Куртуа, Васкес, Варан, Начо, Менди, Каземиро, Кроос, Модрич, Асенсио, Родриго, Иско.

Зинедин Зидан: "Дербида фаворитлар йўқ. Бундай ўйиннинг бир қисми бўлиш жуда яхши. Мухлислар ушбу учрашувни кўришни истайди. Ушбу ўйиндан олдин нима бўлганлиги муҳим эмас. Биз яхши ўйин ўтказиш ниятидамиз - барчаси шу. Нима бўлишини билмайман, лекин биз жуда яхши ўйнашимиз керак, чунки биз жадвални бошқараётган ажойиб рақиб билан тўқнаш келмоқдамиз.

Ҳимояда яхши ўйнашимиз керак, бу бизнинг кучли нуқтамиз. Биз дербига яхши тайёргарлик кўрдик".

15273696538179

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!