Чемпионни "қийнаган" "Оқ-тепа", Наманганда меҳмонларнинг ғалабаси одатга айланмоқда, ҳакамнинг антиқа қарори - Ўзбекистон Кубоги чорак финаллари

21-22 август кунлари Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳслари ўтказилди. Битта ўйиндан иборат учрашувларнинг учтасида меҳмонлар ғалаба қозонишди. Фақатгина “Пахтакор” ўз уйида зафар қучди.

“Оқ-тепа” амалдаги чемпионга муаммолар туғдирди. “Бунёдкор” Жиззахда охирги дақиқада ғалабани илиб кетди. Наманганда финал олди финал бўлиб ўтди. Игорь Сергеев “Пахтакор”га кейинги босқич эшикларини очди.

Қуйида кубок чорак финаллар шарҳи билан танишишингиз мумкин:

ОҚ-ТЕПА – АГМК 3:4

АГМК биринчи бўлимни катта устунлик билан ўтказди. Дастлаб бурчакдан оширган тўпни Дилшод Жўраев боши билан дарвозага аниқ йўллади. Танаффусга яқин Элгужа Григалашвили аввалига Жўраев, сўнгра Байдуллаевнинг узатмасини деярли бир хил нуқтадан голга айлантирди.

Иккинчи тайм аввалида захирадан майдонга тушган Павел Пуришкин кетма-кет иккита гол уриб, орадаги фарқни қисқартирди.

Ҳисобдаги устунлик таъсирида бўшашган олмалиқликлар яна тошкентликлар томон юриш қилишди. Шу куни фаоллиги билан ажралиб турган Элгужа Григалашвили хет-тригини нишонлади.

Беллашув тугашига оз қолганда, иккинчи таймда захирадан ўйинга қўшилган Павел ҳам хет-трик қайд этди. Аммо бу гол пойтахтликларга дуранг учун камлик қилди.

photo_2019-08-21_17-56-50

 

СЎҒДИЁНА – БУНЁДКОР 1:2

Жиззахдаги стадионга йиғилган ишқибозлар чиройли ўйин гувоҳига айланишди. 2-дақиқадаёқ ҳисобнинг очилиши мезбон жамоа мухлисларини шод этди.

“Қалдирғочлар” дарвозабонининг қўпол хатосидан Жасур Ҳасанов фойдаланиб қолди.

Иккинчи бўлимда “Бунёдкор” вакиллари мувозанатни тиклашди. 55-дақиқада мезбонлар ҳимоячиси рақиб ҳужумчисидан тўпни узоқлаштираман деб Миржаҳон Мираҳмадовга ёрдамлашиб юборди. Ҳимоячи Мираҳмадовнинг оёғига жуда қулай тарзда тўпни узатди ва тошкентликлар ўйинчиси дарвозани ишғол этди.

photo_2019-08-22_10-46-14

Вазиятларнинг бирида Лутфулла Тўраев рақиб билан тўқнашувда жабрдийдага айланди, “бунёдкорчилар” стандарт вазиятига эга бўлишди.  Қизиғи шундаки, ҳакам ушбу ҳолатда Лутфулла Тўраевни иккинчи марта огоҳлантириб, майдондан четлатди. Тушунарсиз қарор. Такрорий лавҳада биз Тўраевга нисбатан қўполлик ишлатилганини кўрдик. Балки Лутфулла реферига нисбатан ноўрин гап айтгандир деган тахминимиз бор ҳолос.

Учрашувга қўшиб берилган дақиқада Вадим Абрамов шогирдлари кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди. Чап қанотдан узатилган тўпни Шоҳруҳ Гадоев тўхтатмасдан тўрга йўллади.

 

НАВБАҲОР - НАСАФ 0:1

Учрашув дастлабки дақиқаларданоқ кескин курашлар остида бошланди. Жамоалар ташаббусни қўлга олиш учун интилишди. Голга қадар меҳмонлар қулай имкониятга эга бўлишди. Шароф Муҳитдинов жаримадан йўллаган тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Мезбонлардан Азизбек Турғунбоев ҳам устунни нишонга олгани эътиборга молик.

37-дақиқада ҳисоб очилди. Қарши ҳужумда Бобир Абдихолиқов жамоадоши Ҳумоюн Муртозаевга пас берди ва у бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

photo_2019-08-22_19-59-37

Иккинчи таймда майдон эгалари кутилганидек катта устунликка эришишди. Жуда кўплаб имкониятларга эга бўлишди. Айрим ҳолларда Абдувоҳид Неъматов қаршиликлар жонига оро кирди. Унинг сейвлари жамоасини голдан қутқарди. Натижада наманганликлар ҳисобни тенглаштира олишмади ва мусобақа билан хайрлашишди.

 

ПАХТАКОР – СУРХОН 2:0

Ўйин бошидан тўпни назорат қилиш орқали ташаббусга эришган "шерлар" ҳисобни очиш учун 21 дақиқа сарфлашди. Достонбек Ҳамдамовга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган жаримадан Жалолиддин Машарипов тўпни дарвоза томон оширди. Ҳаммадан чаққонроқ ўйнаган Игорь Сергеев боши билан гол урди.

6331566554787

Иккинчи таймда "Пахтакор" кўплаб қулай имкониятларни қўлдан чиқарди. Сергеев, Черан, Собирхўжаев, Машариповнинг зарбаларидан кейин меҳмонлар тўпни қайтаришди. 89-дақиқада худди биринчи голдагидек ҳолат такрорланди. Машарипов жаримадан узатган тўпни бу сафар ҳам Сергеев боши билан тўрга киритиб, ўйинга нуқта қўйди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Farhod Komilov
23/08/2019 19:03
Kimga achko kerak bulsa namanganga kelinglar bizni uyinchlar ulawadi muxlislar bir tiyin ekan bu naslarga