Дана Уайт 2 та катта хатога йўл қўйиб, танқидлар остида қолди

  • 11.08.2026 12:26
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

UFC раҳбари Дана Уайт Дублин шаҳрида ўтган "Zuffa Boxing 10" турниридаги гаплари билан муҳокамалар марказига тушиб қолди. Унинг изоҳи на география, на бокс қоидаларига тўғри келиши мухлислар эътиборидан четда қолмади, албатта.

Уайт 8 август куни жонли эфирда репортёр Нина Драма билан суҳбатлашар экан, журналист қиз Данадан: “Ринг карталарини кўтариб юрадиган қизлар қаерда? Ҳозир қайси раунд эканини ҳам билмаяпман”, деб сўради. UFC бош директори эса шундай жавоб берди: “Бу мавзуни очманг. Британияда карта кўтариб чиқувчи йигитлар бўлмагунча, қизларга ҳам ринг картасини кўтаришга рухсат берилмайди.”

Қисқа суҳбат видеоси тезда ижтимоий тармоқларда тарқалди ва томошабинлар дарҳол икки муҳим хатони кўрсатиб ўтишди.

Биринчи хато — география. "Zuffa Boxing 10" Дублинда, яъни Ирландия Республикаси пойтахтида ўтказилди. Дублин Бирлашган Қироллик таркибига кирмайди. Турнир Британия бокс назорат кенгаши эмас, балки Ирландия Бокс Иттифоқи юрисдикциясида ташкил этилган.

Иккинчи хато — амалдаги тажриба. Бугунги кунда ҳам Британиядаги кўплаб бокс кечаларида раунд кўрсатувчи қизлар одатий ҳол бўлиб қолган. Қолаверса, UFCнинг ўзи ҳам Британияда, ҳам Ирландияда фақат раунд кўрсатувчи қизлар билан кўплаб турнирлар ўтказган. "Карта кўтарувчи йигитлар бўлмагунча, қизларга ҳам рухсат йўқ" деган қоида эса умуман мавжуд эмасди.

Мухлислар эса изоҳларда асосий эътиборни Дананинг Дублинни Бирлашган Қироллик таркибидаги шаҳар сифатида тилга олганига қаратди. “Дублин Ирландияда, Британияда эмас”, “Ирландия 1921 йилдаёқ Британиядан ажралиб чиққан", “Дана нафақат боксни, энди географияни ҳам билмаслиги аён бўлди. Жуда ҳам шармандали” дея муносабат билдирилди.

Яна бир изоҳда: “Дублин Британияда эмас… Ҳатто Британияда бўлган тақдирда ҳам, у айтган ‘қоида’ мутлақо ўйлаб топилган”, деган фикр бор эди.

Ринг атрофида раунд кўрсатувчи ходимлар йўқлиги жанглар сифатини ўзгартирмади, аммо Уайтнинг беш сониялик изоҳи бутун кечанинг энг кўп муҳокама қилинган мавзусига айланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!