Дания ва Австралия. Учинчи тўқнашувда омад кимга кулиб боқади?

Бугун “Самара Арена”да ЖЧ-2018нинг “С” гуруҳи 2-тур учрашувларига старт берилади. Ушбу гуруҳда дастлаб мухлислар Дания ҳамда Австралия терма жамоалари тўқнашувига гувоҳ бўлишлари мумкин.

ФИФА ҳакамлар қўмитаси бу баҳсни испаниялик Матеу Лаос бошчилигидаги ҳакамлар бригадасига ишониб топширган.

Эслатиб ўтиш лозимки, “соккерузлар” дастлабки турда мундиал ғолиблигига асосий даъвогар дея эътироф этилаётган Францияга қарши баҳс юритишган эди. Ўша баҳсда мусобақа фаворитларига етарлича қаршилик кўрсата олган Австралия якунда 2:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди.

Қисқа муддатли авлодлар алмашинувидан сўнг яна мўжизалар кўрсатиш учун мундиалга ташриф буюрган Дания терма жамоаси эса ягона гол эвазига Перу терма жамоасини мағлубиятга учратиб, дастлабки уч очкони қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Дания – Австралия қарама-қаршилиги олдидан қизиқарли фактлар:

- Ушбу икки юрт вакиллари шу кунга қадар расмий мусобақаларда уч марта тўқнаш келишган. Шуларнинг иккитасида Дания, бирида эса Австралияга омад кулиб боққан;

- Дания терма жамоаси XXI асрда фақатгина 2та жаҳон чемпионатида иштирок этган. Уларнинг мундиаллардаги энг яхши натижаси эса 2002 йилга тўғри келади. Ўшанда даниялик футболчилар мусобақанинг чорак финалига қадар етиб кела олишган.

- Австралияни жаҳон чемпионатига олиб келган голландиялик мутахассис Берт ван Марвейк мураббийлик фаолияти давомида Дания терма жамоасига қарши 2 марта ўйин ўтказган. Дастлаб ЖЧ-2010да Данияни 2:0 ҳисобида енган. Кейин эса Евро-2012да 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган. Ҳар иккала сафар ҳам Голландия бош мураббийи сифатида ўйинларда қатнашган.

- Австралия ўз тарихида фақат бир марта – 2006 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқа олган. Ўшанда уларга гуруҳда Хорватия, Бразилия ва Япония каби кучли терма жамоалар рақиблик қилишган эди.

Похожее изображение

Қуйида бугунги баҳсни асосий таркибда бошлаши мумкин бўлган футболчилар рўйхати билан танишиб олишингиз мумкин:

ЖЧ-2018 “С” гуруҳи 2-тур.

Дания – Австралия

Бошланиш вақти: 17:00

Стадион: “Самара Арена”

Бош ҳакам: Матеу Лаос (Испания)

Дания: Шмейхель, Дальсгаард, Кьяер, Кристенсен, Ларсен, Квист, Дилейни, Поульсен, Эриксен, Систо, Йоргенсен.

Австралия: Райан, Рисдон, Дегенек, Сэйнсбери, Бехич, Муй, Луонго, Рогич, Лекки, Круз, Наббут

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!