Дастин Порье ёки Майкл Чендлер ёхуд улар ўртасидаги жанг санаси маълум!
UFC оламидаги яна бир шов-шувли жанг санаси маълум бўлди. Албатта, бу тўқнашув ҳақида турли миш-мишлар пайдо бўлганди ва якунда бу хақиқатга айланди. Яъни, UFC промоушенининг енгил вазн (70.3 кг) тоифасининг том маънодаги юлдузлари Дастин Порье (28-7-1) ҳамда Майкл Чендлер (23-7) ўртасидаги жанг расман тасдиқланди.
Мазкур тўқнашув 12 ноябрь куни Нью-Йорк, "Мэдисон Сквер Гарден" аренасида, "UFC 281" турнири доирасида бўлиб ўтади. Маълумки, ушбу кечанинг карди ҳам ажойиб кўриниш олган. Марказий жангда ўрта вазн (83,9 кг) тоифаси чемпиони Исраэль Адесанья ўзи учун жиддий хавф сифатида эътироф этилаётган бразилиялик Алекс Перрейрага қарши октагонга кўтарилади. Иккинчи марказий баҳс эса, аёллар ўртасидаги минимал вазн тоифаси вакилалари чемпион Карла Эспразага қарши Вейли Жанг баҳс юритади. Куни кеча эса ушбу жуфтликлар қаторига юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Порье-Чендлер қарама-қаршилиги ҳам қўшилди.
Албатта, бу тўқнашув жуда ва жуда қизиқарли, томошабоп ўтишига шубҳа йўқ. Ҳар иккиси ҳам "стойка"да ажойиб тарзда ҳаракат қилади. Бир-бирига хос ва мос рақиблар десак, янглишмаган бўламиз. Бироқ, барибир булар ўртасида озми-кўпми тафовут мавжуд деган бўлардик. Чендлер собиқ Bellator чемпиони сифатида UFCга ўтди ва иккинчи жангидаёқ чемпионлик учун октагонга кўтарилди. Унинг ушбу промоушендаги натижаси 2 та ғалаба ва 2 та мағлубиятдан иборат. Порье эса UFCда 20 та ғалабани қўлга киритган ва 6 та мағлубияти ҳам бор. Шунингдек, 1 та ҳисобга олинмаган жанг ҳам мавжуд. Лекин булар бари нисбий тушунча ҳисобланади. Зеро, Чендлер ҳам жаҳоннинг кучли промоушенида чемпионликни қўлга киритган ва юқорида айтиб ўтганимиздек, унда ҳам етарлича салоҳият мавжуд.
Энди реал имкониятлар ҳақида бироз сўз юритадиган бўлсак, имкониятларни 55-45 дея баҳолаган бўлардик. Албатта, Дастин Порье фойдасига! Сабабига бироз тўхталамиз. Шубҳасиз, улар ўртасидаги тафовут у қадар юқори деб ўйламайман. Порьенинг устунлик жиҳати шундаки, унинг кардиоси Чендлерникига нисбатан бироз яхшироқ назаримизда... Габарит жиҳатидан ҳам устунлик бор. "Тэйк-даун"лардан ҳам яхши ҳимоялана олади. Агар, Порье Чендлернинг 1-раунд бошланишидаги кучли босимига дош бера олса, унда имконият янада ошиши мумкин. Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу тўқнашувда Порьенинг ғалаба қозониш имконияти юқори деган фикрдамиз. Бироқ, бу UFC ва бу промоушендаги жангларда ҳар доим шубҳага ўрин бор. Леон Эдвардс ҳамда Камару Усман қарама-қаршилиги бунга яққол мисол бўла олади. Албатта, бу шахсий фикрлар ва якун қандай кўриниш олади, буни 12 ноябрь куни билиб оламиз!
Фикрлар