Даврон Файзиев: Бахтиёр Ашурматов ўз ўрнига қайтади
Суперлигасининг 3-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида “Қўқон-1912” жамоаси мураббийи Даврон Файзиев иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида нималарни айтиш мумкин? “Водий дербиси”да мағлуб бўлдик. Бундан олдинги дербида “Нефтчи”га ютқазгандик. “Навбаҳор”ни ғалаба билан табриклайман.
Ўйин ҳақида қисқача айтадиган бўлсам, ўз хатоларимиз эвазига мағлубиятга учрадик. Чунки футбол хатолардан иборат. Кимдир хато қилади ва рақиб бундан фойдаланади. Хато қилишимизда “Навбаҳор” мухлисларининг ҳам ўрни бор. Қизиқарли ва чиройли ўйин бўлди. Ҳар икки жамоа ғалаба учун курашди. Хатолардан хулоса чиқарамиз ва ишлашда давом этамиз.
- Биринчи бўлимда тезкор ўйин кўрсатган Билолхон Тошмирзаев нега захирага олинди?
- Тактик ўзгаришларни амалга оширдик. Биз биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида йўл қўйилган хато эвазига гол ўтказиб юбордик. Шу сабабли, иккинчи бўлимда ўзгаришни амалга ошириб, олдинги чизиқда ўйинни кучайтиришимиз керак эди. Алмаштириб бўлмайдиган футболчининг ўзи йўқ, мағлуб бўлаётганда ҳар бир мураббий ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилади.
- Бахтиёр Ашурматовнинг йўқлиги ҳам ўйинга таъсир кўрсатди, деб ўйлайсизми?
- Бош мураббийнинг ўрни муҳим ва ўйин давомида яққол сезилди. Ўтган турда “Олимпик” билан ўтказган ўйинимизда унинг ўрни билинганди. Насиб бўлса, кейинги турда Бахтиёр Ашурматов ўз ўрнига қайтади. Худо хоҳласа, “Навбаҳор” ҳам, биз ҳам ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришга интилишда давом этамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар