Даврон Файзиев: Бир йигит борки, у майдонга тушиб қоидаларни парчалаб ташлайди. Гўё мактабда ўзидан кичик синф ўқувчилари билан ўйнагандек, яққол ажралиб туради
Таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги саҳифасида бугун туғилган кунини нишонлаётган жаҳон юлдузи Лионель Месси ҳақида пост ёзиб қолдирди.
- 33 йил олдин футбол ўзгарди. Футболда тактика асосий планга чиқмоқда дейишади. Бугунги жамоалар аввалгига нисбатан яхшироқ ҳимояланишади дейишади. Яна айтишадики, тобора индивидуаллик йўқолиб бормоқда. Бу гапларда жон бор. Бироқ бир йигит борки, у майдонга тушиб ана шу қоидаларни парчалаб ташлайди. Унга қарши персонал футболчи билан ўйнаб кўришади, унга қарши бутун ҳимоя тайёрланади, унга қарши ҳатто алоҳида тактика билан чиқишади. Фойдасиз. Гўё мактабда ўзидан кичик синф ўқувчилари билан ўйнагандек, яққол ажралиб туради. Бошқалар учун қийин ишларни у фантастик енгиллик билан бажаради. Энг катта клублардан бирида, клубданда катта номга айланди. Феноменал талант эгаси Лионель Месси! У бугун 33 ёшга тўлди. Табриклаймиз!
Унинг яқин йилларда футболдан кетишини тасаввур қилгим келмайди. Баъзилар Мессини замонамизнинг энг зўри дейди, айримлар бутун футбол тарихида зўр деб билади. Иккала вариантни тан олмайдиганлар ҳам етарли ва уларнинг ўз хақиқати бор. Бироқ ҳамма бирдек тан оладиган нарса бор, Лео Мессисиз Аргентина кучсиз, Мессисиз "Барселона" заиф, Мессисиз футбол зерикарли, - деди Даврон Файзиев.
Фикрлар