Даврон Файзиев “Навбаҳор” клубининг салбий натижалари, Канчельскис ўрнига кучли мутахассис келмагани, шов-шувлардан чекиниш кераклиги ҳақида
Хабарингиз бор, таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев “SPORTS.uz haftasi” кўрсатувида эксперт сифатида фикр билдиради. Кўрсатувнинг охирги сонида Даврон Файзиев “Навбаҳор” клубининг охирги пайтдаги салбий натижалари сабабини қуйидагича изоҳлади.
- “Навбаҳор”нинг мағлубияти клубдаги тушунарсиз иш услуби бўлса керак. Чунки клуб бош мураббийи нега ўзгарди деган саволни ҳали ҳам ўзимга бераман. Андрей Канчельскиснинг нимаси тўғри келмади? Тўғри, “лочинлар” бирданига титуллар учун курашиб кетгани йўқ. Аммо ҳозирги “Навбаҳор”га Канчельскисдан кўра кучли мутахассис келмади. Агар ундан кучли мураббий таклиф этилганида бу олдинга ташланган қадам бўлди деб айтардим, ўзгариш ўзини оқлади дердим. Чунки айни пайтдаги мураббийдан Канчельскисдан кўра яхши натижаларни кутмаяпман. Энг қизиғи, жамоа, мухлислар зўр, атмосфера дахшат, тизим йўлга қўйилган, раҳбарият ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турибди. Бироқ мураббийни тез-тез алмаштириш ҳар доим ҳам яхши эмас. Буни “Челси” мисолида кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам гап “Навбаҳор”нинг ўзида деб ўйлайман. Мавсум кетаётган пайтда бирданига мана бундай қарор чиқарилиши шу натижаларга олиб келди.
Самвел Бабаянга нисбатан босим “Локомотив”нинг ички муҳити ва натижаларга ҳам таъсир қилмоқдами?
Канчельскис ҳоким нега кийиниш хонасига кириши, футболимиздаги ҳакамлик, ишқибозларнинг тош отиши ва бошқалар ҳақида гапирди
Охирги пайтда “Навбаҳор” билан боғлиқ бўлган хабарлар кўп чиқяпти. Жамоада барқарорлик йўқ. Барқарорлик бўлиши учун шов-шувлардан сал четлашиш керак. Жамоа ишини қилиши лозим. Футболчилар футбол ўйнаши, мураббий шогирдларини яхши тайёрлаши, раҳбарият шароитни таъминлаб бериши даркор. “Навбаҳор” эса футболчиларнинг трансфери билан боғлиқ жанжаллар, мураббийлар алмашиши ва ҳоказолар билан ўралашиб қолди. Шунинг учун жамоа стабил йўлга тушиб олиши керак. Энг қизиғи, клубда ҳамма нарса бор. Фақат ишни барқарорлиги йўқ. Улар шуни ўзгартиришса, Деян Журжевич билан ҳам натижани яхшилашга имкон бор, - деди Даврон Файзиев.
Фикрлар