Канчельскис ҳоким нега кийиниш хонасига кириши, футболимиздаги ҳакамлик, ишқибозларнинг тош отиши ва бошқалар ҳақида гапирди
Маълум муддат Наманганнинг «Навбаҳор» клубини бошқарган россиялик мутахассис Андрей Канчельскис яқинда «Матч-ТВ» вакилларига интервью берди. Бу ҳақда "interfutbol" газетаси хабар берди.
Унда турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтарган мураббий Ўзбекистондаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталди. Қуйида ушбу суҳбатнинг ўзбек футболига тааллуқли қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Июнда ҳам «Навбаҳор»да ишлаётгандингиз. Бу қандай клуб?
- Наманган шарафини ҳимоя қилади. Ўтган йили 14 йиллик танаффусдан сўнг илк марта совринли поғоналардан бири - 3-ўрин эгалланди. Раҳбариятнинг мақсадлари улкан, инфратузилма эса унчалик эмас. У ерга эндигина борганимда маҳаллий стадиондаги чим жуда ёмон ҳолатда эди. Мендан аввал ишлаган мураббийлар етакчиларга қарши ўйинларда майсага тегмасликни сўрашган, шу тариқа рақибнинг комбинацион ҳаракатларни амалга оширолмаслигини таъминлашни ният қилишган. Кўп ўтмай янги чим ётқизилди.
- Шаҳар каттами?
- Яхшигина, катта ҳудудни эгаллаган. У Фарғона водийсида жойлашган, Наманганда футболни яхши кўришади, томошабинлар ташрифи жиддий, етакчилар билан ўйинларда 20 мингдан ортиқ мухлислар келди. Ислом анъаналари кучли.
- У ерга борганингизда, футболчилар таркиби мазмунли футбол кўрсатишга имкон берармиди?
- Кимлар бўлса, ўшалар билан ишладим. Кимдир кетди, бошқаларни олдик, гарчи ўзимиз хоҳлаганларни бўлмасада. Аввалдан келишув белгиланганди: агар жамоа «Пахтакор»дан 9 ёки ундан кўпроқ очкога ортда қолишни бошласа, шартномани бекор қилиш мумкин. Компенсацияси билан. Худди шундай ҳам қилинди, ваҳоланки, биринчи давранинг сўнгги 9 ўйинини биз мағлубиятсиз ўтказгандик. «Навбаҳор»нинг икки футболчиси миллий жамоага, бири олимпия термасига, яна бир ўйинчи эса ёшлар термасига таклиф қилинганини ижобий ҳолат сифатида кўрсатиш мумкин.
- «Навбаҳор»ни молиявий томондан ким қўллаб-қувватлайди?
- Ҳоким, ўзимизнинг тилимизда айтганда - губернатор. Футбол учун жон куйдиради, аммо унинг ёнида бошқа нарсалар учун қайғурадиган маслаҳатчилари бор. «Навбаҳор» - «Пахтакор» ёки «Локомотив» каби катта пулга эга клуб эмас, аммо халқ жамоаси. Ишқибозлар ўз суюклиларини яхши кўришади, қизиққонлар, керак бўлса майдонга тош улоқтиришлари мумкин. Ҳеч бир мураббий Намангандан яхшиликча кетмаган, у ерда талабчанлик юқори. Нолисам гуноҳ бўлади, менга яхши муносабатда бўлишди, деярли қўлларида кўтариб юришди. Олий натижаларга эришмадим, аммо топ клубларга муносиб кураш тақдим этишни ўргандик, қандайдир антирекордларни йўқотдик, сафарда ғалабаларга эришдик.
- Сиздан аввал сафарда ғалаба қозонишмаган эканми?
- Шундай мавсумлар бўлганки, жамоа сафарда атиги икки очко олган. Бунга нима сабаб бўлганини ўзингиз тахмин қилаётгандирсиз?
- Тўлиқ эмас.
- Таъбир жоиз бўлса, нотўғри футбол ўйнашган. Сўнг мураббийга жарима жазоси белгиланиб, у беш йилга дисквалификация қилинган.
- Ўзбекистондаги ҳакамлик ҳақида нима дейсиз?
- Ўзимни гўёки, бир муддат МДҲ ташқарисига чиқиб, яна унга қайтгандек ҳис қилдим. Лекин машҳур ҳакам Равшан Эрматов маҳаллий футбол ассоциацияси раҳбариятидан ўрин олгач, вазият бироз ўзгара бошлади.
- Ўз вақтида Зико, Сколари ва Ривалдони таклиф этган «Бунёдкор»нинг ишлари қандай?
- Катта пуллар тугаган. Аммо академия ишламоқда, савияли ёшлар тўп суришмоқда.
- Ўзбекистондаги фаолиятингиз ортда қолди. Энди режалар қандай?
- Музокаралар олиб боряпман, бу фақат Россияга тааллуқли эмас. Яқин орада Тошкентга қайтаман - 11 август куни «Пахтакор»-79нинг авиаҳалокатга учраганига 40 йил тўлиши муносабати билан ўтказиладиган ўйинда тўп сураман.
- У ерда август футбол ўйнаш учун иссиқлик қилмайдими?
- Ҳа, кундуз пайтлари кондиционерсиз кўчага чиқмаган маъқул. Машғулотларни фақат кечки соат саккиздан кейингина ўтказиш мумкин.
- «МЮ»нинг собиқ устози Алекс Фергюсон истаган футболчисига қичқириб, керак бўлса зарба ҳам берган. Жамоа кийиниш хонасида бананлар учарди, чойлар тўкиларди. Ўзбек футболи бу борада тинчроқми?
- Турлича. Ҳоким ўйиндан олдин қўнғироқ қилиши мумкин: «Мана бу футболчини эмас, мана бунисини таркибга кирит». Ёки ҳисобни буюртма қиларди: «Бугун 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишингиз керак». Гўёки, 1:0 ғалаба эмасдек. Дарҳол айтдим, менга бундай гаплар билан қўнғироқ қилмасликларини сўрадим. Ҳоким кийиниш хонасига ҳам кирарди, танбеҳ берарди: «Сизлар қанақа футбол ўйнаяпсиз?!» Иттифоқо, ўйинлардан бирининг дастлабки бўлими 0:0 ҳисобида тугади, кейинги 45 дақиқаликда эса жавобсиз учта гол уриб, ғалаба қозондик. Ҳоким ўшанда ушбу муваффақият унинг хизмати экани, танаффус пайтидаги койишлар иш берганини таъкидлаганди. Сўнгра у билан яккама-якка гаплашдик, бутун жамоани безовта қилмай, муайян футболчилар билан индивидуал тарзда суҳбатлашишни маслаҳат бердим. Бир-биримизни тушундик, ҳаммаси яхши бўлди. Наманган ҳокими вилоят футболи ривожи йўлида кўп ишлар қилди, аммо унинг маслаҳатчилари...
Фикрлар
Hamma joyda uziniki tiqishtiradi