Даврон Файзиев: Ўйинчиларимга шундай дейман: сизлар ҳаммадан кучлисизлар!

Суперлиганинг дастлабки олтита тури ҳам ортда қолди. Турнир жадвалига қарасангиз кутилмаган манзараларга гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК жамоаси охирги ўринга тушиб қолди. «Қўқон-1912» эса 13-ўринда. Бу йил Суперлигага қайтарилган дебютантлар – «Сурхон» билан «Динамо» эса мос равишда 6- ва 7-поғоналарда боришмоқда. Айниқса, таркиб жиҳатидан у қадар мақтана олмаётган самарқандликларнинг Суперлигада яққол аутсайдер бўлиб қолишини тахмин қилганлар кўп эди. Бироқ Даврон Файзиев бош мураббийлигидаги жамоа кўпчиликнинг тахминларини йўққа чиқаришни бошлади. Улар олтита турдан сўнг 8 очко жамғаришди. Ҳар бир учрашувда эса рақибларига етарлича муаммоларни туғдиришяпти. Яъни, «Динамо» чиндан ҳам аутсайдер эмаслигини ўз ўйинлари билан исботламоқда. Қисқа фурсат ичида ўртамиёна футболчилардан рақобатбардош ва курашувчан жамоани туза олган бош мураббийга қойил қолса арзийди. Файзиев бошқаларни ўз жамоасига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга ўргата олди. Энди ҳеч ким «Динамо» ҳақида енгил-елпи фикрларни билдираётгани йўқ. Ҳар бир учрашувда жамоадаги футболчиларнинг кўзи «ёнаётганини» кўриш мумкин. Мураббий шогирдларини қандай бўлмасин ўйинларга пухта тайёрлай олаётгани кўриниб турибди. Айни пайтда мухлислар ҳам «Динамо»нинг ўйинлари ва натижаларидан мамнун. Эътиборлиси, жамоа ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпти. Доим меҳнатда қочмасдан, ўртача даражадаги футболчилар билан ишлаб бинойидек жамоани шакллантириб келган Даврон Файзиевнинг «Динамо»да олиб бораётган ишларини ҳам қадрласак арзийди. Куни кеча ушбу мутахассис билан бир қатор масалаларда суҳбатлашдик.   

- Дастлабки олтита турдан кейин «Динамо»да ҳамма кўрсаткичлар деярли тенг ҳолатда. Ғалаба, дуранг ва мағлубият иккитадан. Мавсум бошланмасдан аввал эса жамоангизнинг имкониятларини кўпчилик паст баҳолаганди. Лекин «Динамо» бир қанча клубларга нисбатан мавсумни яхши бошлади. Гўёки, «Динамо»нинг аутсайдер эмаслигини исботлаётгандексиз…

- Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Ҳамма гап ўз ишингизга сидқидилдан ёндашишда холос. Футболчиларга тўғри тушунтириш, йўналтиши ва талаб қилиш каби хусусиятлар ўз вақтида бажариляпти. Бундан бошқа ортиқча гап йўқ. Ҳар доим меҳнат талаб қилинади. Биз меҳнатдан қочмаяпмиз. Бундан ташқари, мураббий қўл остидаги ўйинчилар билан ҳам қандай ишлашни билиши керак. Лозим бўлса, улар билан ота-бола, ака-ука ва яна керак пайтда мураббий ва футболчи сифатида гаплашиш керак. Ҳар бирига алоҳида муносабат билан ёндашиш талаб этилади. Бунинг устига ихтиёрингиздаги ўйинчиларнинг ҳар биттасига алоҳида ёндашишингиз керак. Барчасида ўзига яраша характер бор. Шундай қилиб, жамоада чинакам муҳитни яратиш лозим. Машғулотда қанчалик қийин бўлса, ўйинда шунчалик осон бўлади.

- Мураббий сифатида ўзингиз ҳам ортда қолган ўйинларни таҳлил қилаётганингиз табиий. Айтинг-чи, ҳаммаси режангиз асосида давом этяптими?

- Шунча интервью берган бўлсам, бирор марта кўнглим тўляпти деб жавоб бермаганман. Шундай экан, ҳозир ҳам кўнглим тўлаётгани йўқ. Тўғри, мавсумни ёмон бошламадик. «Пахтакор», «Насаф» каби жамоалар билан ўйнадик. Аммо жамоамизнинг ҳақиқий кучи энди кўринади. Лекин мен ўз жамоамга ҳеч қачон баҳо бермайман. Четдан туриб кузатадиган журналистлар ва мутахассислар баҳо беришлари мумкин. Мен доим футболчиларимга бир гапни айтиб келаман: мен сизларга ишонаман ва сизлар ҳаммадан кучлисизлар! Шу боис сизлар ҳам ўзларингга ишонинг ва қўрқмасдан футбол ўйнанглар дейман. Уларга шундай деб кўрсатмалар бераман. Самарқанд вилояти ҳокими, Самарқанд халқи, ҳомийлар, ҳаммаси бизга ишонч билдиришяпти. Ҳеч қачон мураббийнинг бир ўзи ҳеч нима қила олмайди. Олдинга қадам ташлаш учун ҳаммаси бир мақсад йўлида йиғилади. Бунда ҳаттоки, шафёр, қоровул, ошпазларни ҳам айтишим мумкин. Бизга билдирилган ишончларни оқлаш учун бор имкониятимизни ишга солишга ҳаракат қиляпмиз. Вилоят ҳокимининг футболга ишқибозлигини бутун Ўзбекистон билади. Бизга ундай ёки бундай шароитларни яратиб беришяпти деб мақтанмоқчи эмасман. Лекин ҳаммаси аста-секин амалга ошириляпти. Масалан, жамоамиз учун янги автобус берилди. Ажойиб базамиз бор. Эндиликда «Динамо» учун янги база барпо этиляпти. Биздан талаб этилаётгани эса жамоани йилдан-йилга юксалтириш. Лекин шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, бизга ишонмаганлар ҳам бўлди. Албатта, чемпионат яқиндагина бошланди. Ўйлашимча, мавсум ўзининг қизғин палласига кириб боряпти. Қолганини эса вақт кўрсатаверади. Яна бир нарсани ҳам унутмаслик керакки, биз бошқа клубларга ўхшаб селекцияда ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ишларни амалга оширмадик ва таркиб жиҳатидан ўта кучайганимиз ҳам йўқ. Хабарингиз бор, биз аслида про-лигада иштирок этиш учун тайёргарлик кўриб бораётгандик ва олдимизга Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилганди. Лекин бошимизга бахт қуши қўнди ва биз Суперлигада иштирок этадиган бўлдик. Натижада энди ҳамма жамоалар билан ўйнаш имкониятига эга бўлдик. Ҳозирча натижаларимиз ёмон эмас ва бундан кейин ҳар бир ўйинда муносиб кураша олишимизни исботлашимиз лозим. Бундан кейин ҳам шу руҳда давом этишимиз шарт. Фақат футболчиларимизда юлдузлик касали пайдо бўлиб қолишидан қўрқувим бор. Ҳар доим мақтовлар бўлаверганидан кейин бу барибир ўйинчиларга ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, матбуотда ҳам «Динамо» ҳақида илиқ гаплар айтиляпти. Масалан, «Навбаҳор»га қарши учрашувдан кейин энг зўр ҳакамимиз – Равшан Эрматов анчадан бери бундай ажойиб ўйинда ҳакамлик қилмагандим деб иккала жамоа ҳақида ҳам илиқ фикрларни айтиб ўтди. Хоҳлаймизми-йўқми, футболчига ҳар томонлама эътибор юқори бўлиб турганидан кейин барибир ҳаволаниб кетишлар бўлиши табиий. Лекин мен жамоамдаги йигитларнинг юлдузлик касалига дучор бўлиб қолмаслигига йўл қўймаслигим керак. Бундан буёғига ўйинлар янада кескин тус олаверади. Мени хурсанд қилаётгани шу бўляптики, учрашувдан олдин футболчиларимизда умуман қўрқувни сезмаяпман. Лекин ҳамма ҳам ютишга ҳаракат қиляпти. Бироқ футболда доим ҳам сиз ўйлаган ишлар бўлавермайди. Масалан, ОКМК жамоасини охирги ўринга тушиб қолишини ҳеч ким кутмаганди. Қолаверса, футболда омад ҳам муҳим аҳамиятга эга. Футболдаги бундай паст-баландликлар ҳар бир жамоа ва мураббийнинг бошида бор. Бизнинг олдимизда «Андижон»га қарши жиддий ўйин кутиб турибди. Бўлажак рақибимизнинг ўйинларини таҳлил қиляпмиз. Мисол учун «Локомотив»га йирик ҳисобда ютқазишган бўлса-да, биринчи бўлимда муносиб қаршилик кўрсатганди. Айтмоқчиманки, Суперлигада ҳар бир рақибга жиддий қараш керак. «Андижон» жамоаси ҳам яхши даражадаги селекция ишларини олиб борди. Ҳозир шундай пайтки, исталган жамоадан сюрприз кутиш мумкин. Заррача бўлса ҳам бўшашишга ҳаққимиз йўқ.

- «Динамо» Суперлигада қишдан бери тайёргарлик кўргани йўқ, боя айтилганидек, мавсум бошланиши арафасида элитада қатнашиши маълум бўлди. Балки шунинг эвазига Суперлига клублари «Динамо»нинг кучига етарлича баҳо беришмаётгани ва бу ҳолат жамоангизга қўл келяпти десак, бунга сиз қандай қарайсиз?

- Йўқ, мен бундай фикрга қўшилмайман. Ҳар бир жамоанинг олдига қўйган мақсади бор ва ҳамма ҳам очко жамғариш пайида юрибди. Рақибларнинг бизга қарши бўшашиб ўйнашяпти деган фикрлардан жуда йироқдаман. Эътибор бераётган бўлсангиз, ҳар бир жамоа бизга жиддий қараяпти. Шунинг учун рақиблар бизни менсишмаяпти деган фикрларга мутлақо қўшилмайман. Сиз «Навбаҳор», «Металлург» ёки «Сўғдиёна» жамоалари Самарқандга бориб, «Динамо»ни осонликча ютиб келишади деб ўйлаганмидингиз? Лекин ундай эмас. Ушбу жамоалардан биз етти очко олдик. Ваҳоланки, ўша клублар ҳам бизга қарши жиддий тайёрланишганди. Хуллас, бизга аутсайдер сифатида қарашаётгани йўқ деб ўйлайман. Табиийки, бошқа жамоалар бизни ҳам кузатиб боришяпти.

- Ихтиёрингиздаги таркибда номи чиққан ёки юлдуз футболчиларни кўрмаймиз. Лекин сиз уларни яхлит бир жамоа сифатида шакллантира  оляпсиз. «Динамо»да етакчи ўйинчи деб кимни кўрсата оласиз?

- Бизнинг таркибда етакчи футболчи йўқ. Менда фақат бир оила бор. Шу сабабли оиладагилар билан ҳаммамиз аравамизни биргаликда тортяпмиз. Бизни қўллаб тураётган вилоятимиз раҳбарлари бор. Доим маслаҳатлашамиз. Қолаверса, Илҳом Шарипов билан ҳам ҳамиша бамаслаҳат иш қиламиз. Айтмоқчиманки, бу ерда биргина мураббийнинг иши кўринмаяпти. Агар «Динамо»нинг мавсумни яхши бошлагани фақатгина мураббий билан боғлиқ дейишса, унда хато қилишади. Юқорида айтганимдек, биз катта оиламиз ва бунда ҳамманинг ҳиссаси бор.

- «Динамо» таркибида тўп сураётган футболчиларга назар ташлар эканмиз, уларнинг аксарияти бунгача про-лигада ўйнашган. Суперлигада илк бор тўп сураётган ўйинчилар ҳам бор. Мени қизиқтираётгани шуки, бу футболчилар «Динамо»га нима мақсадда келишган? Улар ўзларини «Динамо» орқали реклама қилиш учун клуб уларга трамплин вазифасини бажаряптими ёки жамоа манфаатини устун қўйиб ўйнашяптими?

- Ўзбекистон U-23 терма жамоамиз Осиё чемпиони бўлганида муҳтарам Президентимиз ўзимизда ҳам жайдари болалар ўсиб келишяпти деб юқори баҳо берганди. Лекин кўпчилик легионерларга «ёпишиб» олишган. Шунинг эвазига уларни ўзимизнинг футболчилардан устун қўйишади. Бироқ маҳаллий футболчиларимиз керак бўлса ўша легионерлардан устун. Ҳарқалай мен шундай фикрлайман. Саволингизга келадиган бўлсак, сафимизда ёшлар билан бирга ёши катта, тажрибали ўйинчилар ҳам йўқ эмас. Аммо ҳаммаси биринчи навбатда «Динамо»нинг манфаатларини устун қўйишган. Улар бу жамоада ўйнаб футболчи сифатида янада ўсишади. Ҳеч бирида бизнинг жамоа улар учун трамплин деган вазифа йўқ. Раҳбар ва ҳомийларимизнинг «Динамо»ни янада ривожлантиришга доир бир йиллик эмас, балки кўп йиллик режалари бор. Энди буни қанчалик амалга ошишини эса вақт кўрсатади. Айни пайтда жамоамиз сафида ўйнаётган ҳар бир футболчи аввало «Динамо»нинг брендини юқорига кўтариш учун меҳнат қилишяпти. Кейинчалик футболчи қай даражада ўсади ва қайси клубга кетади, буниси энди клубнинг ички сиёсати ҳисобланади.

- Аммо эшитишимча, биринчи даврадан сўнг «Динамо» таркибида эътиборга молик ўзгаришлар бўлар экан. Шу ростми?

- Ростини айтсам, буни вақт кўрсатади. Олдиндан катта гапиришни ёқтирмайман. Агар ўзгаришлар бўладиган бўлса ҳам фақат яхшилик томонга бўлади. Самарқанд тарихий шаҳар  ва бу ерда футболни жуда севишади. Шаҳарга келган туристларни ҳам футболга жалб этиш масаласида маркетинг томонидан ишлар олиб бориляпти.

- Айтинг-чи, «Динамо»даги фаолиятингиз мураббийликдаги ташриф қоғозингизга айлана оладими?

- «Динамо»га келганимда клубнинг номини кўтариш ва жамоани Суперлигага олиб чиқиш вазифаси қўйилганди. Ўтган йили шартнома имзолаганимда унинг бандида шулар кўрсатиб ўтилганди. Тақдир тақозоси билан бу йил Суперлигада ўйнаб кетдик. Бизга берилган бундай имкониятдан эса фойдаланмасак бўлмайди. Шу боис бундай вазиятда сиз ўз ишингизнинг устаси эканлигингизни исботлашингиз керак. Ҳаммаси меҳнатга боғлиқ. Шунингдек, жўжани кузда санаймиз деган гап бор. Куз фаслига келганда, «Динамо»ни юқори ўринларда кўрмоқчимиз. «Динамо»да футболчи сифатида ўйнаган пайтларимда ҳам клуб яхшигина ривожланишга эришганди. Мақсадим эса мураббий сифатида «Динамо» билан юқори чўққига чиқиш. Биласиз, ҳар бир мураббий ҳар бир ўйинда ютишни хоҳлайди. Ҳеч ким ютқазишни истамайди. Футболчилар ҳам худди шундай.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!