Даврон Файзиев ва «Динамо» мураккаб аҳволда...ми?
Ads

Самарқанднинг “Динамо”клуби барчани ажаблантиришда давом этяпти. Клуб 9-турдан кейин 4 та дуранг ва 4 та мағлубият билан охирги ўринда боряпти. Суперлигага чиқиш учун асосий даъвогарлар қаторида эътироф этилган “Динамо”нинг ҳалигача ғалаба қозона олмаётгани жуда ажабланарли бўляпти. Яқинда бош мураббийликка Даврон Файзиев таклиф этилганидан хабарингиз бор. Лекин Файзиев келганидан кейин ҳам самарқандликлар ғалаба қозона олишмаяпти. “А” гуруҳида етакчилардан бири саналган “Динамо”нинг яққол аутсайдерга айланиб қолгани ғалати кўринар экан. Лекин жамоанинг кўрсатаётган ўйини ёмон эмас. Шунчаки, “Динамо”нинг ўйинига сифат етишмаяпти. Шунинг учун Даврон Файзиев ҳам дарҳол вазиятни ўзгартириб юборишга қийналмоқда. Аммо унинг ўзи жамоасининг ишлари ҳали яхшиланиб кетишига ишонмоқда. Мураббий яқинда биз билан мулоқотда “Динамо”да иш бошлагани, салбий натижалар ва мавжуд вазият ҳақида гапирди.

“Футболчиликдаги фаолиятимда ҳам “Сўғдиёна”дан кейин “Динамо”га боргандим”

- Тўғрисини айтсам, менга кўплаб жамоалардан таклифлар бўлди. Эътибор берган бўлсангиз, “Сўғдиёна”да ишдан кетганимдан кейин интервью бермагандим. Шунчаки, мен дам олишни хоҳлагандим, соғлигим ҳақида ўйладим. Яна ўша таклифлар ҳақида гапирадиган бўлсам, про-лига клубларидан бош мураббийлик учун чақирувлар бўлди. Суперлигадаги жамоалардан эса ёрдамчи ва катта мураббий лавозимлари учун таклифлар бўлди. Самарқандликларнинг таклифини қабул қилганимнинг сабабига келсак, бу ерда ўзим учун қандайдир ўхшашликлар бор. Футболчилик фаолиятимда “Сўғдиёна”дан кейинги жамоам – Самарқанд бўлганди. Қолаверса, янада танилишимда ва Россияга кетишимга ҳам “Динамо” клуби сабабчи бўлган. Энди эса мураббийлик фаолиятимда ҳам шунга ўхшаш жиҳатлари сезиляпти. Бундан ташқари, “Динамо”нинг олдига суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Жамоада футболчилар бор ва фақат ишни тезроқ тўғри йўлга қўйишимиз керак. Қишда роса шуғулланиш керак бўлган пайтда жамоа вақтдан ютқазган. Шунинг учун яхши тайёргарлик кўра олишмаган. Селекция ишларида ҳам оз-моз камчиликлар бор. Ҳозирги пайтда футболчиларнинг жисмоний ҳолати панд беряпти. Яна бир муаммоларимиздан бири шуки, иккита асосий ҳимоячимиз - Бунёд Исроилов ва Виктор Григорьев оғир жароҳат олиб бир неча ой муддатга сафдан чиқишди. Футболчиларнинг кўрсаткичлари жуда паст. Ўз олдига жиддий вазифа қўйган жамоанинг ўйинчиларида бундай бўлмаслиги керак. Тўғри, маҳаллий футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиляпти. Аммо йигитларга тажриба етишмаяпти. Масалан, жамоа етакчиси Илҳом Юнусов жароҳатидан қутулиб энди сафга қайтди. 

“Сеҳргар мураббий эмаслигимни айтганман”

- “Шўртан”га қарши ўйнаганимизда тўғриси, рақибнинг ўйини менда яхши таассурот қолдирди. Агарда “Динамо”нинг ҳам ўзаги сақланиб қолганида бизга анча енгиллик бўларди. “Шўртан” эса жамоа ўзагини сақлаб қолган. Про-лига менга таниш, ишласа бўлади, фақат вақт керак. Мен сира ўзимни оқламоқчи эмасман. Ҳеч қачон бир йилда жамоа тузиб бўлмайди. Мен ҳам буни клуб раҳбарларига тушунтирдим. Уларга сеҳргар мураббий эмаслигимни айтгандим. Бу ерда ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Клубдаги ёшлар ҳам ҳали кўнгилдагидек эмас. Мен айбдорни қидираётганим йўқ. Ҳозирча қўлимиздаги бор “материал”дан фойдаланишга мажбурмиз. Футболчилар билан бирма-бир гаплашяпман, аммо муаммолар кўп. Жамоавий ўйинни шакллантириш учун вақт керак. 

“Жўжани кузда санаймиз”

- Мени ташвишга солаётгани, футболчилар имкониятлардан фойдалана олишмаяпти. Ютқазаётган ўйинларимизда ўз хатоларимиз эвазига голлар ўтказиб, якунда мағлубиятга учраяпмиз. Ҳеч бир учрашувда ўйин жиҳатидан ютқазмаяпмиз. Ўзимиз имкониятларни йўққа чиқаряпмиз. “Шўртан” ва “Орол” билан беллашувларда ҳам 100 фоизли вазиятлардан фойдалана олмадик. “Сурхон”га қарши учрашувда пенальтидан ҳам гол ура олмадик. Боя  футболчиларга тажриба етишмаётганини айтдим. Аммо ном жиҳатидан қарайдиган бўлсак, ёмон эмас. Майдонда ҳеч қандай ном ёки фамилия ўйнамайди. Фақат югурган ва меҳнат қилгани ютади. Жиззахда ишлаганимда футболчиларда мотивация кучли бўларди. Аммо ҳозирча “Динамо” ўйинчиларида кучли иштиёқни кўрмадим. Бу ерда ҳар томонлама қиладиган ишлар кўп. Мен ҳам максимал даражада ишлашга ҳаракат қиламан. Қолганини вақт кўрсатади. Жўжани кузда санаймиз дейишади. Кузгача эса ҳали анча бор. Жамоалар билан энди биттадан ўйнадик. Олдинда эса ўйинлар кўп. Ҳали ҳеч нима йўқотилмаган. Маҳаллий мухлисларга ҳам раҳмат, улар бизга ишонч билдиришяпти. Лекин бу ерда иш бошлаган бўлсам, аста-секин футболчиларнинг машғулотларида ўзгаришлар ҳам сезиляпти.

“Биринчи давра тугагунча синов муддати берилган”

- “Динамо”га келиб бировни ишдан олиб ташлаш, ўрнига кимнидир олиб келиш, каби ҳолатлар ҳақида ўйлаганим йўқ. Учқун Қобилов билан Рафаэль Баласанян шу ерда. Биринчи давра тугагунча ҳаммасига синов муддати берилган. 29 июлда биринчи давра тугайди, шундан кейин қаерда қандай ўзгариш қилиш кераклигини муҳокама қиламиз. Ҳозирдан у ёки бу футболчини олиб келаман, деб айтишнинг мавриди эмас. Айни пайтда барча ўйинчиларнинг дардини эшитиб, ўзим учун хулосалар чиқаряпман. Қийинчиликлардан қўрқмаяпман. “Динамо”да ишларимиз яхши бўлиб кетишига ишонаман.  - “Динамо”га келиб бировни ишдан олиб ташлаш, ўрнига кимнидир олиб келиш, каби ҳолатлар ҳақида ўйлаганим йўқ. Учқун Қобилов билан Рафаэль Баласанян шу ерда. Биринчи давра тугагунча ҳаммасига синов муддати берилган. 29 июлда биринчи давра тугайди, шундан кейин қаерда қандай ўзгариш қилиш кераклигини муҳокама қиламиз. Ҳозирдан у ёки бу футболчини олиб келаман, деб айтишнинг мавриди эмас. Айни пайтда барча ўйинчиларнинг дардини эшитиб, ўзим учун хулосалар чиқаряпман. Қийинчиликлардан қўрқмаяпман. “Динамо”да ишларимиз яхши бўлиб кетишига ишонаман.  

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.