Даврон Файзиев: "Хави қисқа муддатда эски "Барса"ни деярли қайтарди"
Мавсумнинг сўнгги "эл-класико"сида "Барселона" азалий рақибини 4:0 ҳисобида тор-мор келтирди. Ўйиндан сўнг Даврон Файзиев ушбу баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди:
"Реал" бугунги ўйинда деярли ҳимоясиз ҳаракат қилди. Биринчидан Начо. Ҳатто ўзининг одатий позицияси бўлмиш марказ учун ҳам у анча секинлашган. Бунинг устига қанотда фойдасиз футболчига айланди. Дембеле хоҳлаганини қилди.
Марказ, Милитао ва Алаба ҳали жуфтлик сифатида шаклланмаган. Ўзаро контакт йўқ, бир-бирининг позицияни ёпиш йўқ. Натижада, Каземиро қайтишга мажбур бўлди ва схема бузилиб кетди.
"Барселона" ҳужуми жуда мобил. Тики-така фақат марказда. Олдинга ўтилгач, кўпи билан 2-3 та узатма билан зарбага чиқиб бориш. Ферран ва Альбада боғлиқлик бор. Дембеле Обамеянг билан максимал тезликда пас беришни йўлга қўйган. Педри ўта ақлли ва жуда катта зонани қамраб олади. Натижада, Фрэнки фақат Модрич билан шуғулланиши учун имкон берилди.
Ўнгда Араухо Винисиусни хавфсиз масофада ушлаб турди. Ҳаммасининг ортида Хавининг синчков ёндашуви. Майда деталларигача ўйинни олдиндан проектлаштирган. Хави қисқа муддатда эски "Барса"ни деярли қайтарди.
"Реал" бу оқшомни унутиб, ҳаракатда давом этиши керак. ФИФА танаффуси айни муддао. Олдинда иккита нуфузли турнир учун кураш. Фақат Анчелотти руҳият масаласида йигитлари билан жиддий гаплашиб олса керак".
Фикрлар