Даврон Файзиев: Юрген Клоппнинг “1001 кеча” эртаги

Кеча АПЛ доирасида "Ливерпуль" - МЮ қарама-қаршилиги кузатилди. Беллашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди.

Ўйиндан сўнг таниқли шарҳловчи Даврон Файзиев телеграмдаги ўзининг саҳифасида "Леверпуль" намойиш этаётган ўйин борасида тўхталиб ўтди.

- Юрген Клоппнинг “1001 кеча” эртаги.

Айнан шунча кун "Ливерпуль" АПЛда ютқазмаяпти. Бу такрорланмас рекорд ёки тарихий кўрсаткич эмас, унинг ўзига хос томони Клопп жамоаси гўёки рақамлар учун ўйнамаётгандек. Бу клуб ҳақида - киллерлар, машина, бенуқсон механизм каби сўзлар ҳам ишлата олмайсиз. Шунчаки жамоа футболдан ўзи ҳам завқ оляпти ва мухлисларга ҳам завқ беряпти. Рақамлар эса йўл-йўлакай ошиб бормоқда. Дейлик, баъзи инсонлар бойиш учун ҳар ишга қўл уради, кечаю кундуз тиним билмайди, қоида ва қонунларни четлаб ўтади, одамгарчилигу меҳр-оқибатни унутади, лекин якунда ўз мақсадига эришади, бойийди. Бошқа бир тоифа борки, улар шунчаки ўзи севиб қиладиган ишини аъло даражада бажаради ва йўл-йўлакай бойиб ҳам боради. Шу иккинчи тоифани эслатяпти Клопп ва унинг йигитлари.

Юзаки ҳаммаси осон ва енгил кечаётгандек. Аммо биламизки, спортда четдан қараганда енгил кўринган ҳар қандай ҳаракат тагида оғир меҳнат ётади (ғашга тегадиган штамп гап, биламан, лекин ҳақиқат-да).

Жуда катта сири ҳам йўқ буларни. Бошида ҳимоя чатоқ эди, Виржилни олди. Дарвозабон панд берганди, Алиссон келди. Боксинг-дэй ва мавсум оҳирида чарчаб қолаётганди, кўпроқ ротация ишлатишни бошлади. Робин Гудга чиқариб қўйишганди, энди дуч келганни уриб келмоқда. Ҳаммаси мантиқий ва тушунарли бажарилмоқда.

Яна сабаблар кўп. Битта постга сиғмайди. Кейинга қолдираман.

Ҳа, Алиссон деганга эсга тушди, у жамоаси дарвозабонлари орасида 10 йилда биринчи бор ассист муаллифига айланди. Ундан аввал 2010 йилда Рейна Торресга голли узатма берганди.

Салаҳ эса АПЛда ўзига қарши ўйнаган 24 клубдан 23 таси дарвозасига гол урди. Фақат "Суонси" Чемпионшипга қочиб қутилган.

Мана, таҳлилий пост ҳам информативга айланиб кетти. Информацион ошхона маҳсулотимиз, нима қилса ҳам, - дея фикрларини якунлади Даврон Файзиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!