Даврон Ҳошимов: "Яхши таклифларга қарамай, "Навбаҳор" Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишига ёрдам бермоқчиман"
Яқинда тажрибали ҳимоячи Даврон Ҳошимов “Навбаҳор” билан шартномасини узайтиргани эълон қилинганди ва шунга кўра, у келаси йилни ҳам наманганликлар сафида давом эттирадиган бўлди. Жамоада ўз ўрнига эга бўлган ўйинчига Самвел Бабаяннинг ишончи катта. Ҳошимов шартнома узайтирилгач, “Навбаҳор” матбуот хизматига интервью берди.
- Ассалому алайкум! Янги мавсумда “Навбаҳор” ўз олдига юксак мақсадлар қўйган, - дея гап бошлади футболчи. - Буни амалга ошириш учун клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби астойдил бел боғлаган. Албатта, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақов, клуб президенти Отабек Саматов футболни теран тушунадиган футбол ичидаги инсонлар. Шунингдек, янги мавсумда жамоани юртимизнинг таниқли мутахассисларидан бири бўлган Самвел Бабаян бошқаради. Самвел Вячеславович билан кўп йиллар давомида “Пахтакор”, шунингдек, бироз муддат “Локомотив”да бирга фаолият юритганман ва ушбу мураббийнинг қандай салоҳиятга эга эканлигини яхши биламан. Шу боис, 2-3 та клублардан яхши таклифлар бўлганлигига қарамай, келаси мавсумда “Навбаҳор”га Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритишида ёрдам бериш мақсадида, клуб билан тузилган шартномам муддатини узайтиришга қарор қилдим. Янги мавсумда “Навбаҳор” мухлисларига қувонч улашишга интиламиз.
- Ўтган мавсумда жамоа 6-ўринни эгаллади ва табиийки, ушбу натижа қониқарли бўлмади. Сизнингча, жамоага совриндорлар сафидан жой олиши учун нима етишмади?
- Албатта, “Навбаҳор” сингари жамоа учун 6-ўрин ярашмайди. Бироқ бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор. Жумладан, илк турдан кейиноқ бош мураббийнинг алмашиши, 1-даврадаги айрим ўйинларда омадимизнинг келмаганлиги ва ҳоказо. Футболда ўзингизга маълум, янги мураббийнинг тактикасига мослашгунингизга бироз вақт талаб этилади. Иккинчи давра баҳсларида “Навбаҳор” ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этиб, пешқадамларга ҳам муносиб қаршилик кўрсата олди. Бироқ 1-давра ўйинларида кўп очко йўқотганимиз якунда панд берди.
- Сиз учун “Навбаҳор”нинг ўтган мавсумдаги энг ёрқин ва энг аламли ўйинлари қайси учрашувлар бўлди?
- Ўтган мавсумда ёрқин ўйинлар кўп бўлди ҳамда улардан бирортасини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Лекин энг аламли баҳслар сифатида “Сўғдиёна”га қарши кечган ўйинларни келтиришим мумкин. Жиззахликлар билан бўлган ҳар икки учрашувда ҳам 0:1 ҳисобида аламли тарзда имкониятни бой бергандик.
- Майдон ва унинг ташқарисида қайси жамоадошингиз билан яхши чиқишасиз? “Навбаҳор”даги дўстингиз ким?
- “Навбаҳор”даги барча футболчилар бир – бири аҳил-иноқ, дўст. Клуб қароргоҳида битта хонада истиқомат қилишимиз, шунингдек, амплуадошим бўлганлиги боис, кўпроқ Мирзоҳид Ғофуров билан яхши чиқишаман, кўп масалалар бўйича маслаҳатлашиб тураман. Шунингдек, дарвозабон Ўткир Юсупов, болаликдан бирга катта бўлганлигимиз боис, жамоамиз сардори Азимжон Аҳмедов билан ҳам яхши муносабатдаман.
- Футболга қай тарзда кириб келгансиз? Футболчи бўлишингизга ким сабабчи бўлган?
- Футболга болаликдан қизиққанман. Шу боис, мендаги қизиқишни пайқаган дадам 5-синфда таҳсил олаётганимда қўлимдан етаклаб, Янгиердаги БЎСМга олиб борганлар, яъни, футболчи бўлишимга отам сабабчи бўлганлар. Шу тариқа, футболдаги илк қадамларим бошланган.
- Оилангизда сиздан бошқа футболчи ёки спортчи борми?
- Оилада икки нафар ўғилмиз. Дониёр исмли укам бор. У ҳам футболни танлаб, Бекободнинг “Металлург” таркибида бироз муддат ўйнаганди. Аммо кейинчалик жароҳатлар безовта қилганлиги боис, айни пайтда бошқа соҳа билан шуғулланяпти.
- Вақти келиб, ўғлингиз футболчи бўламан, деса, уни қўллаб-қувватлайсизми ёки бошқа касбни танлашини маслаҳат берасизми?
- Албатта, фарзандим футболчи бўламан, деса, уни қўллаб-қувватлаб, қўлимдан келганича маслаҳат бераман. Ҳар қандай ота ўғлининг футболчи бўлишидан хурсанд бўлса керак.
- Мабодо, футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?
- Тўғриси, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Таъкидлаганимдек, 11 ёшимдан футбол билан шуғулланиб, ўз олдимга футболчи бўламан, деган мақсад қўйгандим ва Худога шукр, ўз ниятимга эришдим. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг инояти ҳамда тақдири. Футболчи эканлигимдан фахрланаман.
- Жамоангиз ёки терма жамоамиз аламли тарзда мағлубиятга учраганида ҳеч майдонда йиғлаганмисиз?
- Албатта, ҳар футболчи учун мағлубият анча аламли ҳолат. Ошкора бўлмаса-да, қайси клубда ўйнасам ҳам, ўша жамоа мағлубиятга учраса (шу жумладан, “Навбаҳор” ва терма жамоамиз ҳам), ичимдан йиғлайман. Бошқаларни билмадимку, лекин менда ҳар бир мағлубиятдан сўнг, жуда кучли оғриқ юз беради, 2-3 кун давомида ўзимни ёмон ҳис қиламан. Бир сўз билан айтганда, жамоамизнинг мағлубиятга учрашини ҳазм қилолмайман. Умид қиламанки, янги мавсумда “Навбаҳор”нинг ғалабали онлари кўп бўлади.
- Миллий терма жамоамизнинг янги устози Сречко Катанец сизни бош жамоамизнинг ноябрь ойидаги ўқув-машғулот йиғинига чақирди ва Грузия термасига қарши кечган ўртоқлик баҳсида бошланғич таркибда майдонга тушдингиз. Терма жамоамиздаги машғулотлар жараёни ҳамда ўша ўйин ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз...
- Словениялик мутахассис Сречко Катанец миллий терма жамоамизнинг сўнгги йиғинига чақирди ҳамда Грузия термасига қарши кечган баҳсда бошланғич таркибда майдонда тушиб, 45 дақиқа тўп тепишга муваффақ бўлдим. Умуман олганда, клуб билан терма жамоа машғулотларида катта фарқ бор. Терма жамоага юртимизнинг энг кучли футболчилари жалб этилишади. Грузияликлар билан тенгма-тенг ўйнаб, муносиб қаршилик кўрсата олдик. Фақатгина ўз дарвозамиздан ўтказиб юборилган тўп панд бериб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик.
Қисқаси, терма жамоамизнинг ноябрдаги ўқув-машғулот йиғинидан катта таассуротлар қолди. Бош жамоамизга айнан “Навбаҳор”даги ёрқин ўйинларим сабабли чақирилдим. 2018 йили ҳам мазкур жамоадан терма жамоага жалб этилгандим. Шу боис, фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ва жамоадошларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Худо хоҳласа, келаси мавсумда ҳам “Навбаҳор” шарафини муносиб ҳимоя қилиб, терма жамоа таркибидан ўрин оламан, деган умиддаман.
- “Навбаҳор” мухлисларига тилакларингиз...
- Кириб келаётган 2022 йил барча ҳамюртларимиз, шу жумладан, “Навбаҳор” мухлисларига ҳам омадли ва барокатли келсин, илоҳим! Жамоамиз мухлисларига тилагим, ўз жамоаларини қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин. Биз – футболчилар эса уларнинг орзуларини рўёбга чиқариб, янги мавсумда Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар