Дебют: Қувонч Тайғонбоевнинг профессионал боксдаги саргузаштлари қандай бошланган эди?

Қувонч Тайғонбоевни ўрта ва катта ёшли бокс ихлосмандлари яхши эсласа керак, у ўз вақтида ҳаваскор ҳамда профессионал бокс бўйича юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олганди.

Айниқса, профессионал йўналишдаги фаолияти орқали кўплаб мухлислар меҳрини қозона олганлигини ҳам айтиб ўтишимиз мумкин. У профессионал боксда 37 та жанг ўтказиб, уларнинг 31 тасида ғалаба қозонган. 6 бора мағлубиятга учраган эди. Рақибларини 19 бор нокаутга учратганди.

Ҳаваскорда ҳам мақтанса арзигулик натижалари бор. Жумладан, Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати кумуш медаль соҳиби, жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлган.

Лекин уни профессионал боксчи сифатида яхши билишган ва бутунжаҳон бўйлаб кўплаб мухлислари бор эди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, у ўз вақтида чемпионлик жангларида Феликс Тринидад, Оскар Де Ла Хоя, Айк Ковартейлар билан шиддатли баҳс юритган Оба Каррни мағлуб этганидан сўнг, у океан ортида ҳам кўплаб ишқибозлар аудиториясига эга бўлганди. Қолаверса, мутахассислар томонидан умидли боксчи сифатида эътироф этилиб, бир неча йўналишлар рейтингида кучли 10 таликдан ҳам ўрин олган. Бир сўз билан айтганда ажойиб боксчи бўлган. Шунингдек, фаолияти мобайнида WBO Asia Pacific  камарини ҳам қўлга кирита олганди.   

Қисқаси, “Дебют” рукнининг бугунги “қаҳрамон”и айнан, “Кува” номи билан машҳур бўлган, ушбу чармқўлқоп устаси бўлади.

Тайғонбоев 1997 йил Руслан Чагаев билан АҚШга йўл олади ва “Millenium Events” промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қила бошлайди. У 1997 йил 3 сентябрда ушбу йўналишдаги илк жангини ўтказади. Унга АҚШлик Альфредо Сервантес рақиблик қилади. Жанг бор йўғи бир раунд давом этади ва унда юртдошимиз техник нокаут эвазига ғалаба қозонади.

Сервантес бунга қадар икки бор жанг ўтказиб, бир ғалаба ва бир дуранг қайд этган эди. Илк мағлубиятини эса, Тайғонбоевдан қабул қилиб олади. Таъбир жоиз бўлса, унинг “қора” кунларини ҳамюртимиз бошлаб берган эди. Чунки ушбу жангдан сўнг, кетма-кет  4 маротаба муваффақиятсиз серия давом этади.

Шу тарзда Қувонч Тайғонбоев профессионал боксдаги саргузаштларини бошлайди...

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)