Денис Иванков: "Пахтакор"дан кетишим Арвеладзе билан боғлиқ эмас, аммо яна бирга ишлаш имкони бўлса, нега йўқ дейишим керак?
“Пахтакор”да қандай ўзгаришлар юз берганидан энди барча хабардор. Грузиялик Шота Арвеладзе шартномаси тугагани сабабли клубни тарк этишга қарор қилди. Унинг ортидан яна айрим мураббийлар ҳам кетишди. “Пахтакор”дан кетган мутахассислар орасида Денис Иванков ҳам бор.
Уни ҳамма яхши билади. Таъбир жоиз бўлса, Денис Александрович юртимизда энг яхши дарвозабонлар мураббийи дея тан олинган. Дарҳақиқат, унда бой тажриба бор. Ёдингизда бўлса, Иванков ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида “Пахтакор”да иш бошлаганди. Лекин унинг “Шерлар” сафидаги фаолияти узоқ давом этмади. 2020 йилги чемпионат якунланганидан кейин у ҳам клубни тарк этгани маълум бўлди. Иванков аввало бунинг сабабини қуйидагича тушунтирди:
- Бунга жавобим шуки, клуб раҳбарияти билан фикримиз бир жойдан чиқмай қолгани боис ўртадаги ҳамкорликни тўхтатишни маъқул кўрдик.
Денис Александрович доим дангал гапириб тураверади. У бирор нимани яширишга ҳам одатланмаган. Шунинг учун “Пахтакор”дан кетишини раҳбарият билан фикри бир жойдан чиқмагани билан изоҳлади. Лекин бизда яна бир фараз ҳам йўқ эмас. Унга кўра, балки Арвеладзенинг кетиши ортидан Иванков ҳам “Пахтакор”ни тарк этгандир. Яъни, Шота Юстинович туфайли дарвозабонлар мураббийи ҳам кетган бўлиши мумкинми?
- Йўқ, Арвеладзенинг “Пахтакор”дан кетиши менинг клуб билан хайрлашишимга ҳеч қандай таъсир ўтказгани йўқ. Арвеладзе ўз хоҳишига, мен эса ўз қарашларимдан келиб чиққан ҳолда жамоадан кетдим. Бу ерда Арвеладзенинг клубдан кетишимга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Агар раҳбарият билан фикримиз бир жойдан чиққанида ҳозир ҳам “Пахтакор”да ишлаётган бўлардим, - деди Денис Александрович.
У қаерда ишламасин ҳамиша ўз тажрибаси билан асқотиб келади. “Пахтакор” чемпион жамоа. Қизиқ, Иванков у ерда ишлаш орқали нимадир бера олдими ёки ўзи нимадир ўргандими? Қолаверса, Иванков билан бирга туркиялик бошқа бир дарвозабонлар мураббийи ҳам ишлаганди.
- “Пахтакор”да ўз мураббийлик фалсафамга биноан сидқидилдан меҳнат қилдим. Туркиялик мураббийдан нимани ўргандингиз, дейсизми? Ҳеч нарсани. Аксинча, у жуда бўш мутахассис экан. Қолаверса, ўзига яраша тажрибам борлиги учун бошқалардан ниманидир ўрганишимга ҳеч қандай эхтиёж сезмайман. Бизда танқидлар доим салбий кўринишда қабул қилинади. Мен кимнидир кескин равишда танқид қилганим йўқ. Эҳтимол, дарвозабонлар мураббийи ҳақида фикр билдирганимда бироз бўрттириб юборган бўлишим мумкин. Лекин буни кескин танқид ўрнида қабул қилмаслик керак.
Энди унинг янги иш жойи ҳақида ҳам қизиқишимиз табиий эди. Чунки бундай мутахассисларга доим эхтиёж сезилаверади. Унутмаслик керакки, у миллий терма жамоамизда ҳам дарвозабонлар мураббийи сифатида ишлаб келмоқда. Ундан кейинги режалари ҳақида ҳам сўрадик.
- Албатта, хизматимга чет элдан таклифлар йўқ эмас. Аммо ҳали бу масалада ҳеч нарса аниқ эмаслиги боис айнан қайси клублардан қизиқиш бўлаётганини айтишим мантиқан тўғри бўлмасди. Ҳаммаси қандай бўлишини эса вақт кўрсатади. Ҳозирдан бу масалада бирор нарса дейиш амримаҳол. Режаларга келсак, терма жамоа билан февраль ойида амирликларда бўлиб ўтадиган ўқув-йиғин машғулотларига ҳозирлик кўришни бошлаб юборганмиз. Худога шукрки, “Пахтакор”дан кетган бўлсам ҳам терма жамоадаги ишимни давом эттиряпман.
Иванков Арвеладзе хусусида жуда илиқ фикрда эканлиги маълум. Грузиялик мутахассис билан яна бирга ишлаш нияти борми? Денис Александрович унинг клубда олиб борган иши ва яна бирга ишлаш хоҳиши бор ёки йўқлиги ҳақидаги масалага ҳам атрофлича муносабат билдириб ўтди.
- Табиийки, Арвеладзе “Пахтакор” учун кўп ишларни амалга ошира олди. У нафақат айнан клубнинг ўзига, балки академия ва унинг тизимига тааллуқли бўлган бир қанча фойдали ишларни амалга оширди. Бундан кейин ҳам клубдагилар шу йўналишда давом этсалар, мақсадга мувофиқ бўларди деб ўйлайман. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, бу танганинг олди ва орқа томони бўлгани каби унга дабдурустдан жавоб қайтаришим мушкул. Биласизми, ўз вақтида “Манчестер Юнайтед”ни Сэр Алекссиз, “Нефтчи”ни эса Саркисянсиз тасаввур қилиш мушкул эди. Бироқ ҳаёт давом этади. Шу аснода гўёки ўзгармайдигандек туюлган нарсалар ҳам бутунлай бошқача кўриниш олади. Шак-шубҳасиз Шота “Пахтакор”да узоқ муддат ишламаган бўлса ҳам клуб манфаатлари йўлида катта меҳнат қилди. Агар Шота бундан кейин ҳам бирга ишлашни таклиф этса, албатта, буни жон дилдан қабул қиламан. Чунки у яхши инсон ва мутахассис. Шундай одам билан бирга ишлаш имкони туғилса, узоқ ўйланиб ўтирмай дарҳол розилик бераман.
Фикрлар