Дербида голлар шоусини кўрамизми ёхуд "Бунёдкор" рақибини енгиш йўлини топа олмаган. Бу сафарчи?
Чемпионатимизнинг 22-турида Тошкент дербиси бор. Бу сафар “Олимпик” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилади. Дерби ўз номи билан дерби. Шу сабабдан “Олимпик” – “Бунёдкор” тўқнашувига эътибор катта. Иккала жамоанинг йўналиши бир-бирига ўхшайди. Чунки “Олимпик”дан ташқари “Бунёдкор” ҳам иқтидорли ёшларга катта эътибор қаратиб келмоқда. Ҳа, “Олимпик”дан фарқли ўлароқ “Бунёдкор” легионерларнинг хизматидан фойдаланади. Шунга қарамай, барибир “Қалдирғочлар” ўз академиясидан етишиб чиқаётган тарбияланувчиларига катта аҳамият қаратиб келиши ҳеч кимга сир эмас.
Яна бир гап: “Бунёдкор” клуби бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган Александр Крестинин “Олимпик” клуби ва унинг устози Тимур Кападзени яхши билади. У юртимизда иш бошлашидан аввал ҳам Кападзе жамоаси ҳақида яхши тасаввурга эга бўлиб келган. Балки россиялик мутахассиснинг бўлажак рақибга қарши тайёрлаб қўйган сюрпризи бордир?
Тан олиш лозимки, Крестинин ҳали “Бунёдкор”да ўзининг ўйин услубини қуришга улгургани йўқ. Буни қайд этилаётган натижалардан билса бўлади. Ўз ўрнида “Олимпик” ҳам бу йилги мавсумда негадир ўтган йилгидек барқарорлигини намойиш эта олмаяпти. Солиштириш учун айтамизки, “Бунёдкор” 21 та ўйинда 7 ғалаба, 6 дуранг ва 8 мағлубият қайд этиб, 27 очко билан 8-поғонада. “Олимпик” эса 19 та беллашувда 5 тадан ғалаба ва дуранг, шунингдек, 9 та ўйинда имкониятни бой берган ҳолда 20 очко жамғариб мусобақа жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Кападзе жамоасида қолдирилган ўйинлар бор.
“Олимпик” – “Бунёдкор” тарихи ўтган йилдан бошланди. Жамоаларнинг илк тўқнашувида кутилмаган натижа қайд этилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. 2022 йилнинг 30 апрель санасида “Бунёдкор” ўз уйида дебютант “Олимпик”дан 1:5 ҳисобида енгилганди. Иккинчи даврадаги баҳсда кучлар тенг келган – 1:1. Бу йил биринчи даврадаги тўқнашувда ҳам яна 1:1 натижаси кузатилди. Тўплар нисбати 7\3 “Олимпик” фойдасига.
Эътибор берган бўлсангиз, “Бунёдкор” ҳали “Олимпик”нинг курагини ерга теккиза олмаган. Крестинин ва унинг жамоаси “Олимпик”ни мағлуб этиш йўлини топа олармикин? Жамоаларнинг салоҳияти юқори, фақат уларга барқарорлик етишмаяпти. “Олимпик” ҳам, “Бунёдкор” ҳам очиқ футбол кўрсатишдан қўрқишмайди. Балки голларга бой ўйинни кўрсак ҳам ажабланмаймиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар