Дэвис кубоги кимга насиб қилади?
Ads
Теннис бўйича норасмий жаҳон чемпионати - Дэвис кубоги финалида Хорватия ва Аргентина терма жамоалари ўзаро куч синашмоқда.
 
Беллашувнинг биринчи кунида ҳар икки жамоа биттадан ғалабага эга бўлди. Марин Чилич (Хорватия) рақиб теннисчиси Федерико Дельбонис (Аргентина) устидан 6:3, 7:5, 3:6, 1:6, 6:2 ҳисобида зафар қучди.
 
Иккинчи учрашувда тажрибали теннисчи Иво Карлович (Хорватия) жаҳон рейтингида юқори ўринларга даъвогарлик қилаётган Хуан-Мартин дель Потрога (Аргентина) 4:6, 7:6, 3:6, 5:7 ҳисобида ютқазди.
 
Қоидага кўра, мусобақанинг иккинчи кунида жуфтлик беллашувлари ўтказилди. Уч соатга яқин давом этган баҳсда хорватияликлар - Марин Чилич ва Иван Додиг рақиблар дуэти - Хуан-Мартин дель Потро ва Леонардо Майерни 7:6, 7:6, 6:3 доғда қолдирди.
 
Дэвис кубоги ғолиби бугун бўладиган Марин Чилич — Хуан-Мартин дель Потро ва Иво Карлович — Федерико Дельбонис учрашувларидан сўнг аниқланади.