Ди Мариядан Де Хеагача ёхуд ёзда жамоасиз қолиши мумкин бўлган юлдузлар терма жамоаси

Футбол ­– миллионлар ўйини. Бунда ҳар бир жамоа ўз ўйинини маҳоратли футболчилар устига қуришга интилади.Бироқ шундай вазиятлар бўладики, айнан ўша футболчилар жамоани тарк этиши билан клубнинг тактикаси, ўйин услубида ҳам сезиларли ўзгаришлар юзага келади. Баъзан ўша футболчининг ўрни бошқа бир маҳоратли футболчилар билан тўлдирилганда ҳам мухлислар ўша аввалги қадрдонларини соғинаверишади.

Биз ҳам қуйида эътиборингизга мавсум сўнггида жамоа билан озод агент сифатида хайрлашувчи ана шундай футболчилардан тузилган рамзий терма жамоа таркибини ҳавола қиламиз.

Дарвозабон

Давид Де Хеа (“Манчестер Юнайтед” Англия)

Фуқаролиги: Испания

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

27 ёшли испаниялик дарвозабон 2011 йилнинг 1 июлида манкнунианлар дарвозасини голландиялик Ван Дер Сарга муносиб ўринбосар сифатида кўрилганди. МЮ ўшанда 20 ёшли дарвозабон учун “Атлетико”га 18 миллион евро тўлаганди. Бугунги кунга келиб Де Хеа “қизил иблислар”нинг алмаштириб бўлмас посбонига айланган. Аммо мавсум сўнггида унинг жамоа билан тузилган шартномаси ўз якунига етади. Агарда жамоа раҳбарияти Де Хеа билан ҳамкорликни давом эттиришни истаса, қишки трансфер ойнасига қадар футболчи билан янги шартнома борасида келишиб олиши лозим. Акс ҳолда, уни бошқа клуб сафида кўришимиз мумкин.

Ҳимоячилар: Филипе Луис, Венсан Компани, Давид Луиз, Антонио Валенсия

Филипе Луис (“Атлетико” Испания)

Фуқаролиги: Бразилия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Филипе Луис 2015 йилнинг 28 июль куни “Челси”дан қайта сотиб олинганди. Бразилиялик футболчи аслида “Фигейренсе” тарбияланувчиси ҳисобланади. Аммо у айнан “матрасчилар” сафида футбол оммасига танилганди. 2014 йилги мавсумдан сўнг унга Англиянинг “Челси” клуби қизиқиб қолади. Аммо унинг Лондондаги фаолияти узоқ чўзилмади ва у яна қадрдон жамоаси сафига қайтди. 33 ёшли футболчининг мадридликлар билан тузилган шартномаси мавсум сўнггида ўз якунига етади. Симеоне эса ҳозирча бразилиялик шогирдига янги битим таклиф қилганича йўқ. Агар вазият шу тарзда давом этса, Филипе Луис ёзда эркин агентга айланиши мумкин.

Венсан Компани (“Манчестер Сити” Англия)

Фуқаролиги: Бельгия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

“Андерлехт” клуби қарийб 10 йилдирки, “шаҳарликлар” сафида тўп суриб келмоқда. Ўтган мавсумда у Гвардиоланинг ҳимоя чизиғидаги ишонган тоғларидан бирига айланди. Айни пайтда билагида жамоа сардори боғичини тақиб майдонга тушаётган 32 ёшли футболчи яқин йилларда “Сити”ни тарк этишига ишониш мушкул. Аммо унинг шартномаси муддати мавсум сўнггида якунланишини ҳисобга оладиган бўлсак, яқин ойларда томонлар музокара столи атрофига жам бўлишларини тахмин қилишимиз мумкин.

Давид Луиз (“Челси” Англия)

Фуқаролиги: Бразилия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Давид Луизнинг тақдири ҳам кўп жиҳатдан ватандошиникига ўхшаб кетади. У ҳам Филипе Луис каби Моуриньо билан келиша олмади ва Лондондан Парижга кўчиб ўтди. 2016 йилда жамоани италиялик Антонио Конте қабул қилиб олгач, яна ортга қайтарилди. Жорий мавсум сўнггида Давид Луизнинг Лондондаги саргузаштларига якун ясалиши мумкин. Бироқ бошқа томондан Маурисио Сарри энг асосий ҳимоячисининг кетишига шунчаки қараб туришига ҳам ишониш қийин...

Антонио Валенсия (“Манчестер Юнайтед” Англия)

Фуқаролиги: Эквадор

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Европадаги фаолиятини “Вильярреал”да бошлаган 33 ёшли ҳимоячи “қизил иблислар” сафида 2009 йилдан буён тўп суриб келмоқда. Айни пайтда болдир мушакларининг чўзилиши оқибатида орттириб олинган жароҳат сабаб, сўнгги ўйинларни ўтказиб юбораётган 33 ёшли футболчи Моуриньоннинг ишонган футболчиларидан саналади. Айни пайтда “қизил иблислар” сардори ҳисобланган Валенсия ёзгача жамоа билан янги битим борасида келиша олмаса, эркин агентга айланади.

Ярим ҳимоячилар: Сеск Фабрегас, Хуан Мата, Жеймс Милнер

Сеск Фабрегас (“Челси” Англия)

Фуқаролиги: Испания

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Фабрегас жорий мавсум сўнггида катта эҳтимол билан Лондонни тарк этиши мумкин. Ўтган сафарги “саёҳат” Барселонага эди. Энди унга Миланнинг икки гранди кўз тикмоқда. 31 ёшли ярим ҳимоячи 2014 йилда “Барселона”дан “Челси” сафига келиб қўшилганди. Орадан ўтган 4  йил оралиғида у “аристократлар”нинг асосий футболчиларидан бирига айланди.  Энди эса уни катта эҳтимол билан сўнгги сафар кутиб турибди.

Хуан Мата (“Манчестер Юнайтед” Англия)

Фуқаролиги: Испания

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Хуан Мата жорий мавсумни жуда яхши бошлади. Ўтган икки ўйинда  1 та голга ассистентлик қилган футболчи Моуриньо учун энг муҳим фигуралардан. Португалиялик мутахассис 30 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи билан қишга қадар шартномани узайтирмаса, у клубни тарк этиши мумкин. Матанинг ўйин услуби испан жамоалари учун жудаям мос. Агар жорий мавсумда Моур уни жамоада олиб қололмаса, Матани кейинги мавсумдан Ла Лигада кўриб қолишимиз ҳеч гап эмас...

Жеймс Милнер (“Ливерпуль” Англия)

Фуқаролиги: Англия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Жеймс Милнер Юрген Клоппнинг ярим ҳимоя чизиғидаги энг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. 32 ёшли ярим ҳимоячи жорий мавсумда 5 та учрашувда майдонга тушиб,  1 та гол ва иккита самарали узатмани амалга оширди. 2015 йилда “Манчестер Сити”ни эркин агент сифатида тарк этган “қария” бугун “мерсисайдликлар” сафида ажойиб ўйин намойиш этмоқда. Шундай экан, Клопп ушбу футболчи билан яқин орада янги битимга имзо чекиш эҳтимоли юқори.

Ҳужумчилар: Арьен Роббен, Даниэль Старриж, Анхель Ди Мария

Арьен Роббен (“Бавария” Германия)

Фуқаролиги: Голландия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Январь ойида 35 ёшни қаршилайдиган Арьен Роббен ҳамон ўзининг юқори тезлиги ва юксак тезлигини сақлаб келмоқда. 2009 йилда “Бавария” сафига келиб қўшилган голландиялик бугун клубнинг энг асосий футболчиларидан бирига айланган. Жорий мавсумда Роббен Бундеслига доирасида 3 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, Нико Ковач ўнг қанотдан уюштириладиган ҳужумларда айнан унга таянади. Роббен сўнгги маротаба жамоаси билан жорий йилнинг май ойида янги келишувга эришганди. Агарда Ковач уни жамоада сақлаб қолишни истаса, январь ойига қадар унга яна янги шартнома таклиф этиши лозим.  Аммо баъзи маълумотларга қараганда, Роббен шартнома муддати тугагач, фаолиятига якун ясаши мумкин, шунингдек, унга МЛС ва Хитой клубларидан ҳам ёғли таклифлар бор.

Даниэль Старриж (“Ливерпуль” Англия)

Фуқаролиги: Англия

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Бир вақтлар Луис Суарес билан ҳужумда ажойиб тандем ҳосил қилган Старриж Мане-Салоҳ-Фирмино учлиги келганидан сўнг асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. Токи Роберто Фирмино бор экан, Эрген Клопп Старрижни асосий таркибга киритмаслиги аниқ. 29 ёшли футболчи ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини “Вест Бромвич”да ўтказди. Шу ёшида унинг захира ўриндиғига михланиб қолиши ҳам яхши эмас. Шундай экан, Старриж катта эҳтимол билан “мерсисайдликлар” сафини тарк этиши мумкин.

Анхель Ди Мария (ПСЖ Франция)

Фуқаролиги: Аргентина

Шартнома муддати: 30.06.2019 гача

Аргентиналик футболчи 2015/16 йилги мавсумда Париж пойтахтига кўчиб ўтганидан сўнг жамоанинг энг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Жорий мавсумда ПСЖ сафида 5 та ўйинда майдонга тушган футболчи 2 та гол урди ва 3 та  голга ассистентлик қилди. Якунига етган трансфер бозорида Ди Мариянинг “Барселона”га кўчиб ўтиши мумкинлик бот-бот такрорланди. Агар Тухель футболчи билан қишга қадар янги битим имзоламаса, Ди Мария кейинги мавсумни каталонияликлар сафида бошлаши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!