Дидье Дешам Франция терма жамоасини тарк этади
Дидье Дешам энди Франция терма жамоаси бош мураббийи эмас.
57 ёшли мутахассиснинг терма жамоадаги фаолияти якунлангани ҳақида футбол оламидаги ишончли манба ҳисобланган инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди. Аввалроқ Дешамнинг ўзи ҳам жамоани 2026 йилги жаҳон чемпионатигача бошқаражагини айтган эди.
Француз мутахассиси 2012 йил 8 июлдан буён терма жамоага раҳбарлик қилиб келаётган эди. У ўша пайтда Лоран Блан ўрнини эгаллаган. Қарийб 14 йил давомида Дешам қўл остидаги Франция жаҳон футболида энг муваффақиятли жамоалардан бирига айланди.
Унинг фаолиятидаги энг катта ютуқ – 2018 йилги жаҳон чемпионатида қўлга киритилган ғалаба бўлди. Шунингдек, Франция 2022 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритди, 2016 йилги Европа чемпионатида эса финалгача етиб борди.
Дешам бош мураббий сифатидаги сўнгги учрашувини 2026 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида Испанияга қарши ўтказди. Ушбу беллашув французлар учун 0:2 ҳисобида мағлубият билан якунланди.
Шу тариқа, Франция терма жамоаси тарихидаги энг узоқ ва энг муваффақиятли мураббийлик даврларидан бири расман якунланди.

Фикрлар