
Дилшод Комилов: "Молиявий томондан яхши таклиф бўлгани рост, аммо савияси пастроқ. Мен фақат "Андижон" ҳақида ўйлаяпман"
Юртимизда иқтидорли ҳимоячилар кўпайиб боряпти. Улардан бири “Андижон” шарафини ҳимоя қилаётган Дилшод Комилов.
Бунга қадар у Тошкентда “Локомотив” жамоасида ўйнаган. Бу йилдан эса футболчи “Андижон” таркибида тўп суриб келмоқда.
Албатта, футболчи ўзидан илиқ таассурот қолдириб келяпти. Унинг келажаги порлоқ. Яқинда унга хориждан таклиф бўлди, аммо рад қилди.
- Дилшодбек, эшитишимча сизга яқинда Бангладеш чемпионидан таклиф келиб тушган экан, шундайми? Нега қабул қилмадингиз ёки сизни қизиқтирмадими?
- Ҳа, таклиф бўлди, лекин мен буни рад этдим. Менинг мақсадим Худо хоҳласа янада кучлироқ чемпионатда тўп суриш.
- Қолаверса, Бангладеш чемпионати савияси ҳам таклифни рад этишингизда асосий ўринда бўлдими? Бундан ташқари, молиявий жиҳатдан қандай шароитларни ўртага ташлашди?
- Молиявий томондан яхши таклиф бўлгани рост. Аммо Бангладеш чемпионатининг савияси пастроқ ва шунингдек, иқлими ҳам ноқулай.
- Яна бошқа қизиқишлар ҳам бўлдими?
- Ҳозир мен фақат “Андижон” жамоаси ҳақида ўйлаяпман. Бутун эътиборим ушбу клубга қаратилган ва ҳозирда мени бу ердан кетиш ниятим йўқ. Фақатгина чемпионат тугагач, қизиқишлар ҳақида ўйлаб кўрса бўлади.
- Иккинчи давра бошланиш арафасида. Биринчи даврадан кейин "Андижон"дан яна ижобийлик кутаётганлар кўп...
- Ҳа, мухлисларимиз ижобий натижаларни ва ўз уйимизда ўйнашимизни кутишяпти. Худо хоҳласа, иккинчи даврада чиройли ўйинлар ҳамда ғалабалар билан ишқибозларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Бу бизнинг мақсадимиз.
- Ҳимоячи сифатида айтинг-чи, сиз учун чемпионатимиздаги хавфли ҳужумчи ким?
- Темурхўжа Абдуҳолиқов. Яна бири Рубин Хебай.
Шуҳратбек Жўраев.
Comments