"Динамо" БАА йиғинидаги охирги ўйинда Саудия клуби билан дуранг ўйнади

«Динамо» жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари йиғини доирасидаги сўнгги ўйинни Саудия Арабистонининг «Ал-Шабоб» клубига қарши ўтказди.

Ар-Риёд ва Самарқанд клуби ўртасидаги баҳсда «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов барча ўйинчилари хизматидан фойдалана олган бўлса, Саудия клубининг номдор легионерларидан бири Янник Феррейра Карраско «Динамо»га қарши ўйинда кичик жароҳати сабабли майдонга туша олмади. У «Ал-Шабоб»нинг 4 кун аввалги «Рома»га қарши ўйинида (1:2, Карраско – Лукаку, Кошта) гол муаллифига айланган, аммо жароҳат олганди.

Абу-Дабидаги ўйинда «Динамо» 30-дақиқада Про лига тўпурари Анваржон Ҳожимирзаевнинг яккама-якка вазиятдаги голи эвазига ҳисобни очган бўлса, кўп ўтмай саудияликлар Колумбия миллий жамоаси аъзоси Густаво Куэльярнинг фаоллигидан кейин «Ал-Шабоб»нинг бразилиялик форварди Карлос Карвальо Жуниор чиройли голи билан ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Иккинчи бўлимда ҳам ҳар икки жамоа гол уриб, ғалабани илиб кетиш учун шиддатли ўйин намойиш этди, аммо Ўзбекистон ва Саудия клуби ўртасидаги баҳсда кучлар тенг келди.

Шу тариқа, Вадим Абрамов мураббийлигида кўҳна шаҳар жамоаси БАА йиғини доирасидаги сўнгги икки учрашувда Саудиянинг икки клуби «Ал-Файҳа» ва «Ал-Шабоб» билан ўйинларда дуранг қайд этиб, йиғинни якунлади. «Динамо» 29 январь куни Самарқандга қайтиши режалаштирилган.

Ўртоқлик ўйини. 28 январь
«Ал-Шабоб» (С.Арабистони) – «Динамо» (Ўзбекистон) – 1:1
Голлар: Карлос Жуниор 32 – Анваржон Ҳожимирзаев 30
«Ал-Шабоб»: Мусса Камара, Ҳуссайн, Яго Дос Сантос, Надер Ал-Шарари, Ҳамад Ал-Яъми (Муҳаммад Ҳарбуш, 65), Густаво Куэльяр (Наваф Ал-Саади, 60), Риёд Шараҳили, Мажид Канаба (Муайяд Ал-Шувайфай, 58), Абдулла Ал-Жуи (Ҳусайн Ал-Қаҳтони, 46), Ҳаттан Баҳбари (Носир Ал-Биши, 60), Карлос Карвальо Жуниор.
«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Улуғбек Абдуллаев, Артём Сокол, Хуршидбек Убайдуллаев, Анваржон Файзуллаев, Владимир Козак, Санжар Шоаҳмедов, Францис Нарх, Хислат Халилов, Фарруҳ Икромов, Анваржон Ҳожимирзаев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Равшанбек Ягудин, Салим Мустафоев, Душан Мийич, Комил Шарофутдинов, Воҳиджон Оқбўтаев, Ҳумоюнмирзо Иминов, Дамир Темиров, Жавлон Маликов, Ҳусниддин Ғофуров, Эммануэл Ягр, Баҳодир Насимов.

"Динамо" матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
АЛИ
29/01/2024 12:24
Омад