“Динамо” давралар оралиғида қандай ўзгаришларга қўл урди?
Ads

 

Олий Лига давралар оралиғидаги бир ойлик танаффусда «Динамо» жамоаси таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

Жумладан, «Динамо» сафида ижара асосида тўп тепган Жавоҳир Қаҳрамонов («Бунёдкор»), Абдужамол Исроилов, Дамир Низанов («Нефтчи») сингари футболчилар клубни тарк этишди. Шунингдек, яримҳимоячи Омаджон Тайлоқов ҳам жамоа билан хайрлашди.

Бўшаб қолган ўринларга янги футболчилар билан ҳам шартномалар имзоланди. Хусусан, «Пахтакор» клубидан черногориялик ҳимоячи Аднан Ораховац «Динамо»га ўтди. Қолаверса, ижара шартномаси асосида «Олмалиқ»дан Муҳаммад Исаев, «Металлург»дан эса Дониёр Исмоилов сингари ярим ҳимоячилар таклиф этилди.

Тошкентдаги йиғин давомида самарқандликлар машғулотларида иштирок этган Андрей Сидоров, Артём Макарченко сингари футболчилар мураббийлар кўригидан кейин жамоани тарк этишди.

Эслатиб ўтамиз, «Динамо» Ўзбекистон Кубоги ярим финали доирасида сафарда 31 июль куни ўйин ўтказса, 5 август куни Олий Лига 16-тури доирасида Самарқандда «Металлург» жамоасига қарши саф тортади.