"Динамо"дан истеъфога чиқарилган Даврон Файзиев Москвада Юрий Сёминдан нималарни ўрганди?

Ушбу мавсумда омадсизлик гирдобига тушиб қолган Даврон Файзиевга «Динамо» билан чемпионатни якунига етказиб қўйиш насиб қилмади. Хабарингиз бўлса, биринчи даврада унинг жамоаси деярли сенсация кўрсата олганди. Лекин иккинчи даврада Файзиев бошчилигида ўзи қатнашган барча ўйинларда ютқазишди. Натижада унга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишганди. Шундан бери ишсиз юрган жиззахлик мураббий бўш вақтидан унумли фойдаланган ҳолда малакасини ошириш учун ЎФА томонидан ташкил этилган «Про» курсларида фаол равишда қатнашмоқда.

Файзиев, Қурбонов, Ҳайдаров ва Абдуллаевнинг Москвага сафари ҳақида

Яқинда у билан алоқага чиққанимизда Москванинг «Локомотив» клубида малака ошираётгани ҳақида маълум қилганди. Ўтган ҳафтада эса Файзиев Россиядан қайтиб келди ва фурсатдан фойдаланиб, сафар таассуротлари билан ўртоқлашишини сўрадик.  

- Хабарингиз бўлса, биз «Про» лицензияси учун ўқишни 2018 йилнинг октябрь ойидан бошлагандик, - дея гап бошлади, Даврон Файзиев. - Ўқиш жараёнларини эса бир нечта модулларга бўлиб ташлашганди. Яъни, ҳаммаси босқичма-босқич бажарилмоқда. «Про» учун ўқишни эса 10 та модулга ажратиб чиқишганди. Шундан битта модули эса бошқа мамлакатга бориб малака ошириб қайтиш эди. Шу боис ўқиётган барча мураббийлар мураббийликдаги амалиётини сайқаллаштириш учун хорижий давлатларга бориб келишлари лозим эди. Ҳамма ҳар хил мамлакатларга кетишди. Кимдир, Россия, Украина ёки Туркияга йўл олди. Мен, Мухтор Қурбонов, Рустам Абдуллаев ва Баҳром Ҳайдаров билан бирга Россиянинг «Локомотив» клубида малака оширдик. Улуғбек Бақоевни эса Қозоғистоннинг «Остона» клубига кетганидан хабарим бор. Шунингдек, «Про» ўқишларида Ҳиндистон, Таиланд ва Туркманистондан келиб ўқиётган мураббийлар эса қаерда малака оширишаётганидан бехабарман. Шу тариқа, ўқиш жараёни охирига етиб қолди. Энди имтиҳон топшириш босқичи қоляпти.

файзиев_1

«Локомотив»даги амалиёт қандай ўтди?

Албатта, ўзбек мутахассисларининг «Локомотив» клубида амалиёт ўтаб қайтишгани бу ўзлари учун фойдалидир. Боз устига «Локомотив» Россиядаги таниқли клублардан бири ҳисобланади. Сафар давомида эса Даврон Файзиев ва унинг шериклари клубдаги тизим ва машғулот жараёнлари билан яқиндан танишишди. Тажрибали мутахассислар билан ўзаро мулоқотлар ўтказилди. Яхшиси, қолганини Файзиевнинг ўзидан эшитганингиз маъқул.  

- Москвага борганимиздан кейин «Локомотив»нинг бир ҳафталик машғулот жараёнларида қатнашдик. Умуман айтганда, у ерда 12 кун давомида бўлдик ва аслида сафаримизни «Локомотив»нинг иккита расмий баҳсига тўғрилаб боргандик. Биттаси Чемпионлар лигаси доирасда Германиянинг «Байер» жамоасига қарши ва яна биттаси дерби мақомидаги «Локомотив» - «Динамо» ўртасидаги ўйин эди. Албатта, бизнинг таассуротларимиз яхши. Ўйин кунлари маркетинг, менежмент, умуман ҳамманинг ишлаши асосан клуб учун хизмат қилади. Ҳаттоки, кўча тозаловчидан тортиб, ҳайдовчи-ю, ошпазгача барчаси клубнинг манфаати учун ишлашади. Ўйин кунги муҳитни шунчаки оддий сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ташкилий томондан амалга оширилаётган тадбирлар юқори даражада. Чипталар эса кассаларда сотилмайди. Ҳаммаси асосан интернет орқали онлайн равишда сотиб бўлинади. Шунингдек, биз клубнинг академияси билан ҳам яқиндан танишдик. Масалан, клубда бош мураббий алмашган тақдирда ҳам академия, футбол мактаби ва клубдаги ишлаш тизими давом этаверади. Мураббий алмашгани мутлақо таъсир қилмайди. Айтмоқчиманки, у ерда тизим яратилган ва у ишлаяпти. У ерда мураббий учун ишлаш осон. Мураббийлар учун танлов катта. «Локомотив»даги малака ошириш жараёнида клуб президенти ҳамда академия директори билан ҳам учрашдик. Инфраструктураси билан яқиндан танишдик ва ўзимиз учун керакли жиҳатларни ўзлаштирдик. Клубдаги профессионаллик жуда юқори даражада. Масалан, у ерда машғулотларда кимгадир югур, чоп деб айтиш шарт эмас. Ҳамма ўз ишини билиб бажараверади. Мисол учун машғулотдан олдин мураббий ўзининг кўрсатмаларини беради ва буни ҳамма ўйинчи тўлиқ бажаради. Бизга ўхшаб нимага югурмаяпсан, нимага турибсан деб ортиқча саволлар йўқ. «Пахтакор»да олиб борилаётган ишларни эса «Локомотив»даги даражага яқинроқ десам бўлади. Футболчилар учун барча нарса муҳайё қилинган. Шу боис ҳам бу борада Шота Арвеладзенинг клубда олиб бораётган сиёсати уларникига ўхшаш.

файзиев2_1

Юрий Сёмин билан учрашув тўғрисида

Шу билан бирга «Локомотив» клубини бошқариб келаётган тажрибали мутахассис Юрий Сёминни ўзбек мухлислари яхши билишади. Табиийки, сафар давомида бизнинг мураббийларимиз Юрий Павлович билан ҳам учрашишган. Даврон Файзиев эса бу борада алоҳида тўхталиб ўтди.

- Албатта, клуб бош мураббийи Юрий Сёмин билан ҳам учрашдик. Ҳар бир машғулотдан кейин улар билан суҳбатлашдик. Уларда ҳам биздаги каби муаммо бор. Масалан, бизда нима учун ўзбекистонлик легионерлар кам деб айтамиз-ку, Россияда ҳам четда ўйнаётган легионерлари кам. Бу эса улар учун муаммо саналади. Тўғриси, уларга молиявий томондан тўланаётган иш ҳаққи маҳаллий футболчиларни қониқтиряпти. Шунинг эвазига Европанинг кучли бешлик чемпионатларига интилишмаяпти. Сёмин эса шу ҳақида гапирар экан, бизда ҳам худди сизлардаги каби муаммо бор деб айтиб ўтди. Лекин Одил Аҳмедов билан Элдор Шомуродов ҳақида жуда илиқ фикрларни билдирди. Ҳаттоки, Аҳмедовни ҳам, Шомуродовни ҳам ўз клубига ололмаганидан афсуслангани сезилди. Демак, Сёмин ҳам футболчиларимизга жиддий қизиққан. У биздан Одил Аҳмедовни ҳозир ҳам «Шанхай СИПГ» клубида ўйнаяптими деб сўради. Шунингдек, Юрий Павловичнинг ҳозирги кунда Шомуродовни Россия чемпионатидаги энг яхши ҳужумчиларидан бири эканлигини айтганида бундан фахрландик. Сёмин футболга қадам қўйган пайтларида Тожикистонда ишлагани боис барибир оз-моз бўлса-да, Осиё футболидан хабардор. Марказий Осиё минтақасида айниқса, Ўзбекистонда ҳар доим иқтидорли ўйинчилар кўп бўлганини айтди. Олдинги даврларни эслади. Қосимов, Абдураимов, Шквирин ва яна бошқа кўплаб собиқ футболчиларимиз ҳақида маълумотларга эга экан. У Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонга қараганда Ўзбекистон билан Тожикистонда истеъдодлар кўплигига урғу қаратди. Рашид Раҳимов, Муҳсин Муҳаммадиев ва яна бошқа тожикистонликларни ҳам яхши билади. Москвада ҳар кунимиз қандайдир учрашувлар билан ўтди ва ўзимиз учун доим янгиликларни олдик.

«Динамо»даги омадсизлиги хусусида

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Даврон Файзиев учун ушбу мавсум омадсиз ўтди. Бундан эса ўзи учун хулосалар чиқарган бўлиши ҳам табиий. Айниқса, собиқ клуби «Динамо»нинг Суперлигадан тушиб кетганидан хафа бўлганини яшириб ўтирмади. Шундай экан, Даврон Орифович клубда олиб борган ишлари ва собиқ клубининг про-лигага тушиб кетгани борасида ҳам фикр билдирди.  

- Мураббийлик фаолиятимга назар соладиган бўлсам, мен ҳали яхши, ўрнини топган жамоада ишлаганим йўқ, - дея мавзуни давом эттирди, мураббий. - Бунгача асосан «Сўғдиёна» ва «Динамо»да ишладим. Масалан, бу йил чемпионат бошланишига бир ҳафта қолганида бизни Суперлигага қўшишди ва бу ҳолат бизга қанчалик оғир бўлишини олдиндан билардим. Буларнинг бари ўзимиз учун тажриба тўплаш мактаби бўлди. Мисол учун биз Самарқандда ёмон жамоани шакллантирмагандик. Фақат вақт керак эди. Олдин ҳам айтгандим, бир жамоани шакллантиришингиз учун йиллар керак бўлади. Жамоа бир неча ой ёки ярим йилда шаклланиб қолмайди. Бизда эса мураббийдан дарров натижа талаб қилишади. Битта мен эмас, бошқа мураббийлар ҳам айнан шу томонлама қийналишади. Бирор натижага эришиш учун эса йиллар зарур. «Динамо» эса ёмон ўйин кўрсатмаганди. Қаердадир омад кулиб боқмади, қаердадир тажриба етишмади. Бундай вазиятда мураббийга боғлиқ бўлмаган жиҳатлар ҳам мавжуд. Чунки майдонда футболчига бўлган талаб бўлади. Лекин шуни бемалол айта оламанки, бу йил «Динамо»даги ўйинчилар ўсишга эришишганди. Фақат шу жамоани сақлаб қолиб тайёрланиш керак. Албатта, «Динамо»нинг Суперлигадан тушиб  кетганидан хафа бўлдим. Барибир натижа учун мураббий жавобгар бўлади. Мен ишлаган пайтда эса тажрибалироқ футболчи олиб беришмади, кучайиш учун шароит йўқ эди ёки бошқа сабабларни айтишим мумкин. Лекин энди бундай нарсаларни айтишнинг ҳожати йўқ. Ваҳоланки, биз биринчи даврада қандай иштирок этганимизни эсланг. 5- ва 6-ўринларда юрдик. Ўшанда ҳеч ким «Динамо»ни про-лигага тушиб кетиши ҳақида ўйламаганди. Юқорида айтганимдек, иккинчи даврага келиб жамоамиздан омад юз ўгирди. Қолаверса, биринчи даврадан кейин барибир таркибда селекция ишларини қилишимиз керак эди. Аммо бизда ўшанда бундай имконият йўқ эди. «Динамо»даги кўплаб ўйинчилар илк бор элитада ўйнашаётгани боис барибир уларга тажриба етишмади. Бу эса якунда ўз сўзини айтди. Шунга қарамасдан «Динамо»да охиригача имконият сақланиб турди.

файзиев1

Файзиев мураббийлик ишига қачон қайтади?

Хўш, Файзиев яна мураббийликка қайтадими? Ҳар ҳолда бу унинг иши ва кўп ҳам бекор қолмаса керак. Қолаверса, Москвада амалиёт ўтаб қайтгани ҳам бежиз бўлмаса керак. Шуни инобатга олганда Даврон Орифовичдан янги таклифлар хусусида сўрадик.

- Мураббийликка қайтиш ниятим бор. Таклиф ҳақида тўхталадиган бўлсам, мен доимо ҳар қандай чорловга очиқ инсонман. Ҳозирча ёрдамчи мураббий бўлиб ишлашга таклиф қилишяпти. Суперлиганинг барча клубларида эса ўзининг бош мураббийлари бор. Қолганини вақт кўрсатади. Янги йилгача ўйлашга вақт бор. Лекин айни пайтда оила-аъзоларим билан овораман ва иш ҳақида ўйлаётганим йўқ.

«Мавсум-2019» ҳақида қандай фикрда?

Шунингдек, якунига етган Ўзбекистон чемпионати борасида ҳар ким турлича фикр ва мулоҳазалар билдирмоқдалар. «Пахтакор»нинг яққол етакчилиги остида ўтган мавсум борасида Даврон Файзиев шундай деди:

- Жорий мавсум ёмон ўтгани йўқ. Ўйинлардаги шиддат ҳам барибир сезилиб турди. Кўрдингиз, тепада ҳам, пастда ҳам ўзига яраша курашлар кечди. Фақат биргина жиҳат шунда бўлдики, «Пахтакор»нинг ҳаммадан яққол кучли эканлиги кўриниб қолди ва бу амалда ҳам ўз исботини топди. Бошида Арвеладзени танқид қилишганди. Балки ўшанда у бошлаган ишни кўпчилик тушунмагандир. Унга ҳам тўлиқ жамоа сифатида шакллантириш учун камида икки йил керак бўлди. Мана, учинчи мавсумига келиб натижа қила олди. Буни эса футболни яхши билган ва ишларни таҳлил қила олган одамгина тушунади. «Динамо» эса ҳар бир жамоа билан охиригача курашганини ҳам айта оламан. Шунингдек, «Сўғдиёна» охирги тургача «Бунёдкор» билан учинчи ўрин учун жиддий равишда кураш олиб борди. Афсуски, охирги турларни кўра олмадик. Бу вақт давомида биз Москвада амалиётда эдик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!