Диққат, савол: Суперлига муҳимми ёки Осиё кубоги?

Хабарингиз бор, юртимизда иккита футбол бўйича муҳим мусобақа параллел тарзда ўтказилди. Бири 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги бўлса, иккинчиси ўзимизнинг ўша ҳар йили бўлиб ўтадиган "одатий" Суперлигамиз. Биринчисида вакилларимиз чемпионликни қўлга киритиб, Осиё кубоги соҳибига айланди. Хўш, сизнинг фикрингизга кўра қайси турнир биз учун муҳимроқ бўлиши керак: ОФК томонидан ўтказилаётган ва бизга ишониб топширилган Осиё кубогими ёки ҳар йили "зерикмасдан" ўтказиладиган жонажон Суперлигамизми? Жавобингиз аниқ биринчиси бўлди, шундайми? Афсуски, кўпчилик танловда шу қарорга келади. 

супер

Халқаро майдон учун бор, ўзимизга келганда эса...

Осиё кубогининг деярли барча ўйинларида журналист сифатида ишладик. У ерда бизга ажратилган шароитлар аъло даражада. ОФК турнирларида ишлаш бўйича тажрибага эга бўлмаган журналист имкониятларни кўриб, Ўзбекистонда эканига шубҳа қилиб қолади, очиғи. Интернетдан фойдаланиш (Wi-Fi), кўнгилли(волонтёр)лар хизмати ва шу каби бошқа жиҳатлар (ҳаммасини санашга сал эриндик, тўғриси) алоҳида эътиборга олинган. Бу ОФКнинг Осиё кубоги U-20 мусобақаси эди.

Энди Суперлига ҳақида гаплашамиз. Интернетдан фойдаланиш ҳамма стадионларда ҳам (ҳеч бирида десак ҳам муболаға бўлмас) яхши йўлга қўйилмаган, афсуски. Кўнгиллилар ҳақида гапирмасак ҳам бўлаверади. Айрим маълумотларни клуб матбуот хизматларидан эмас, ПФЛнинг ўзидан олишга тўғри келади. Бу худди Ўзбекистон ҳақида маълумотни ЎФАдан эмас, ОФКдан сўрашдек гап эмасми ахир? Айниқса, интернет муаммоси жуда ачинарли ҳолатда. На журналист, на фотограф тайинли ва сифатли интернетдан фойдаланиш имконига эга. Устига-устак, стадионга кўпроқ мухлис кирадиган ўйин бўлса, қанчалик ғалати эшитилмасин, бу ОАВ учун омадсизлик. Сабаби - оддий. Одам кўп бўлса, интернет тезлиги ҳам камайиб кетаверади. Бу эса онлайн тезкор ишлашга "ғирт" тўсиқ бўлади. 

фас_1

Масалан,  Фарғонада Ўзбекистон - Индонезия ўйинида бир ажойиб ишлаб турган Wi-Fi тармоғи Суперлиганинг марказий баҳси, "ўзбек класикоси" ҳисобланмиш "Нефтчи" - "Пахтакор" учрашувида бирдан "йўқолиб қолади".

Фотографлар учун ҳам ҳал этиладиган масалалар йўқ эмас. Эркин ижодкор ҳисобланган ушбу касб вакиллари нафақат интернет, балки ўтириб ишлаш имкониятидан ҳам маҳрум бўлиб қолишади баъзан. Ўзи учун шароит қилиб олмаган фотомухбирга ачинишдан ўзга илож қолмайди, афсуски...

Бу атиги битта стадиондан мисол, холос. Ваҳоланки, бу каби ҳолатлар бошқа беллашувларда ҳам кузатилади, минг афсуслар бўлсинким.

вьет_1

Хўш, ечим борми?

Бу муаммони тўғрилаш жуда оғриқли муаммо бўлиши мумкиндир, балки. Бироқ қачондир шу каби масалалар ижобий ҳал этилиши керак эмасми? Журналист қачонгача халқаро майдондаги мусобақада эркин ва қулай иш қила оладию, ўзимизнинг турнирларда чекловларга дуч келади. ОФК ва Ўзбекистоннинг футболдаги шароитларини таққослаш хато туюлиши мумкин. Лекин айнан ўша ОФК шу каби имкониятларни бизнинг юртда яратаётган экан, биз ҳам ўз уйимизда шу сингари ишларнинг камида ярмини қилишга қурбимиз етади.

Қитъа турнирларнинг бизда ўтаётгани ёмон эмас, албатта. Бу биз учун яхшигина тажриба тўплаш имконини беради. Халқаро стандартларга жавоб берадиган бу каби мусобақалардан ўрнак олса арзийди, шубҳасиз.

фотоо_2

Мақсадимиз кимнидир танқид қилиб, "очко ишлаш" эмас. Айнан бир клуб номини кўрсатиб, қоралаш ҳам эмас. Шунчаки, мавжуд муаммоли вазиятнинг ҳал этилишини истаймиз, холос. Ўзимизни қанча ҳурмат қилсак, ўзгалар олдида ҳам шу ҳурматга эга чиқамиз. Ўзимизнинг ички чемпионатимиз даража ва эътибор жиҳатидан Осиё кубогидан сира қолишмаслиги керак. Ҳатто, у ҳар йили ўтказиладиган бўлса ҳам. Чунки Суперлига - бу ўзбек футболининг юзи.

П.с. Айтганча, "бу муаммоларни ҳал қилиш учун пул етарли эмас", деган гаплар ишонарли бўлмайди. Легионерлар, хориждаги йиғинлар ва яна бошқа нарсалар (ҳаммасини санашга сал эриндик яна)га аямасдан пул сарфлаётган клубларимиз учун биз айтаётган нарса уддалаб бўлмас нарса эмас, адашмасам.

 

Шоҳрух Зоиров мақоласи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Pardayev Shavkat
19/03/2023 20:23
Росаям эринчоқ экансизлар. Ўзбек футболи мутасаддилари ҳам ё эринчоқ,- ёки ўша катта маблағни "сарф" қилишаяпти. Эринмасдан, ўша харажатларни ҳисоблаб чиқиш керак эди. Президентимиз сизларга ишониб, катта ҳуқуқлар бериб қўйган бўлса, ... ... ... .
&
Хайит дехконов
19/03/2023 12:29
Суперлигамиз хам ривожланиб колар. Рахбарлар зора инсофга келса.