Диёр Имомхўжаев: Биз бугун қўшниларимиз учун хурсандмиз, аммо...
ЎзПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ОЧЛ 4-тури доирасида бўлиб ўтган "Истиқлол" - "Ал-Ҳилол" (4:1) баҳси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:
"Биз бугун қўшниларимиз учун хурсандмиз. Душанбенинг "Истиқлол" клуби Чемпионлар Лигасидаги дебют мавсумида ажойиб юришни амалга оширяпти.
Очиғи, бу унчалик ажаблантираётгани йўқ. Чунки, "Истиқлол" бунга босқичма-босқич етиб келди. Икки йил аввал, Тошкентда "Локомотив"нинг яхши шаклланган таркибини бежизга мағлуб этмаганди, бекорга АГМК дарвозасига ўша куни 3 та гол урмади ва албатта, ОФК кубогида сўнгги 5 йил ичида бекорга икки марта финалда тўп сурмади.
Чунки, "Истиқлол" Тожикистон миллий термаси базаси сифатида шакллантирилган. Мамлакат президентининг ўғли, бугунги кунда Тожикистон ФА президенти Рустами Эмомали "Истиқлол"ни янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Ва бу 2002 йиллардаги "Пахтакор"ни жуда ёдга солиб юборади. Ёдингизда бўлса, "Пахтакор" ҳам Чемпионлар Лигасидаги илк юришида ярим финалга қадар етиб борган, бутун Осиё унинг ўйинлари ҳақида бонг урган.
Аммо "Пахтакор"нинг терма ўзаги сифатида шакллантирилиши бизнинг футболда оламшумул бурилиш ясамади. Битта яхши авлод етишиб чиққанини айтмаса, биз на мундиалга чиқдик ва на Осиёни забт этдик. Қайтага миллий чемпионат узоқ йиллар давомида чалажон кўринишга келди, "Пахтакор" рақобатдан ҳоли жамоага айланиб қолди.
Тожикистон футболига ҳам бу жиҳат хавф солиши мумкин. Биз бугун қўшнилар қувончига шерикмиз, албатта. Ва уларга биз йўл қўйган хатолардан хулоса қилишларини, иложи борича уларни четлаб ўтишга интилишларини тилаймиз. Бугунги "Истиқлол"нинг деярли Тожикистон миллий термаси экани мана шундай хулосамизга сабаб. Ҳозирча эса уларга фантастик ғалаба муборак бўлсин деймиз", - деб ёзди Имомхўжаев ўз "Телеграм" саҳифасига.
Фикрлар
Nasaf.bunyodkor.paxtakor.AGMK.
Luboyi blan oynaydi