Диёр Имомхўжаев: Бу жамоани мусобақадан четлатиш бўйича тегишли тартибот амалга ошгач, бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинади
Фарғонанинг "Истиқлол" клуби яна Про лигада иштирок эта олмаслигини билдирди. Жамоа ўтган мавсум ҳам шундай қарор қилганди. Бироқ якунда фарғоналикларнинг фикри ўзгарганди. Энди эса ...
ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида "Истиқлол" мусобақада қатнашмаслиги борасида хат йўллаганини хабар берди.
- Фарғонанинг "Истиқлол" футбол клуби жамоада юзага келган ички вазият ҳамда иқтисодий масалалар туфайли Про лига мусобақасини давом эттира олмаслиги юзасидан хат берди. Клуб 2022 йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказиш истаги бор экани ҳақида ҳам ёзган.
Мазкур масала тегишли инстанция орқали тасдиқлангач, Регламентнинг 8.9-бандига асосан, "Истиқлол" клубининг жорий мавсумдаги ўйинлари натижаси бекор қилинади. Бунгача клуб 4 та учрашувда иштирок этиб, уларнинг барчасида имкониятни бой берганди: "Хоразм" 1:2, "Динамо" 1:2, "Нефтчи" 0:2, "Оқтепа" 1:3.
"Истиқлол" 2020 йилги мавсумда ҳам шундай хат билан мурожаат қилган, сабаб ўрнида эса "Истиқлол" стадионидан фойдалана олмаётганини кўрсатганди. Кейинроқ ЎзПФЛ ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда бу масалани ҳал қилганди.
"Истиқлол"нинг расман мусобақадан олиниши бўйича тегишли тартибот амалга ошгач, бу ҳақда ташкилот расмий сайтида расман маълум қилинади, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар