Диёр Имомхўжаев: "Майдонда "Реал" ўйнайдими, "Сити"ми ёки "Сурхон" — аҳамияти йўқ!"
Кеча Ўзбекистон Кубоги 2-тур учрашувлари якунига етди. ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган "Бунёдкор" - "Сурхон" ўйини ҳақида фикр билдирди:
"Ўзбекистон Кубоги 2-турининг энг яхши ва жонли ўйини кеча Тошкентда бўлди. "Бунёдкор" меҳмони бўлган "Сурхон" тажрибали рақибга нафақат очиқ футбол таклиф қилди, балки рақибидан яхшироқ ўйнади ҳам. "Сурхон" ғалабага ҳақли эди.
Бу ерда бизни қойил қолдираётган жиҳат — мураббий Анҳель Лопес. Чунки унда мавсумга тайёргарлик кўриш ва футболчиларни саралаш учун ҳатто бир ҳафта ҳам имконият бўлмади. Шундан келиб чиқилса, у деярли йўқдан бор қиляпти, дейиш мумкин. Қисқа фурсат ичида жамоа ўйинига бунча яхши таъсир кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Кечаги учрашувда ҳисобга олинмаган гол масаласида ўзимиз ҳам саҳарликкача баҳслашдик. Албатта, биз ҳакам эмасмиз, унинг қарорини муҳокама ҳам қилмаймиз. Бироқ ҳар қандай ҳолатга худдики мухлислар каби ўз фикримизни билдирамиз, талашамиз, тортишамиз.
Фикримча, ҳакам ўша эпизодни инобатга олмаса, ўйинни жуда яхши бошқарди. Унда ҳолатга қайта мурожаат этиш учун ВАР ҳам йўқ эди. Ҳакам тўғри қилдими ёки йўқ — муҳокама тугамайди. Бундай муҳокамалар бутун дунёда бор. Майдонда "Реал" ўйнайдими, "Сити"ми ёки "Сурхон" — аҳамияти йўқ. Баҳс ва мунозара футболнинг бир қисми.
Биз "Сурхон" мухлисларидан сабрли бўлишларини сўраймиз. Чунки Анҳелда ёзда жамоани бир қадар кучайтириш учун имконият бўлади. Жамоа тўғри йўналишга тушишга ҳаракат қиляпти ва мана шу ҳаракатларни босқичма-босқич кузатишнинг ўзи футболни янада жонли қилади".
Фикрлар