Диёр Имомхўжаев: "Ёмғирдаги жанг узоқ вақт ёдимиздан чиқмайдиган бўлди..."

ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграм каналида Самарқандда ўтган Ўзбекистон Суперкубоги, Самарқанд сафари ҳамда кейинги режалари ҳақида фикр билдирди:

"Самарқанд сафари ажойиб бўлди. Биз вилоят раҳбарияти эътиборини катта футболга қаратиш учун ҳам мавсумнинг илк учрашувини Самарқанд шаҳрига тақдим этдик.

Менимча, мухлислар яхши футбол гувоҳига айланишди. Ёмғирдаги жанг узоқ вақт ёдимиздан чиқмайдиган бўлди. Майса чакки эмасди, прожектор ёруғлиги етарли даражада. Биз ёмғирсиз об-ҳаво билан стадион тўлишига умид қилгандик. Аммо шаррос ёмғирга қарамай, 5 мингдан зиёд ишқибоз учрашувни бевосита стадиондан кузатиб борди. Уларнинг барчасига ташаккур.

Буёғи янада қизиқ бўлади. Насафда 4 кун ичида реванш олиш имконияти бор. Coca-Cola Суперлиганинг илк турида бошқа қизиқарли беллашувлар бизни кутиб турибди. Хуллас, бир жойда тўхтаб турмаяпмиз, иложи борича янада яхшироқ бўлиши учун ҳаракатдамиз.

Эслайсиз, йиллар аввал кубокларнинг асосий ўйинлари фақат ва фақат пойтахтда ўтказиларди. Биз сўнгги бор аёллар Суперкубогини Зоминда, Ўзбекистон Coca-Cola кубоги финалини Наманганда ва мана энди эркаклар Суперкубогини Самарқанд шаҳрида ўтказдик. Бундан кейин ҳам бу анъана давом этади. 2021 йилги кубок финали мезбони ҳам қуръа ташлаш йўли билан аниқланади".

Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги учрашувда "Пахтакор" "Насаф"ни 1:0 ҳисобида енгиб, ўз тарихида илк бор Суперкубокни қўлга киритган эди. Маълумот учун, улар 1-турда ҳам тўқнаш келишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!