Диёр Холматов: "Лионель Мессини ёқтирганман, лекин..."

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ва "Пахтакор" ярим ҳимоячиси Диёр Холматов ФИФАга интервью берди. Унда вакилимиз клуб ва ОТЖдаги фаолиятига тўхталиб ўтган.

"Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларни кўриш ва улар билан бирга Париждаги иштирокдан ҳиссиётларни бўлишиш ажойиб бўлади. Медаллар учун курашадиган кўплаб спортчилар бор, аммо Оксана Чусовитина улар орасида алоҳида эътиборда. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон гимнастикасининг афсонавий спортчиларидан бири саналади. У 1992 йил илк бор мусобақада қатнашган, энди эса 9-марта қатнашиши мумкин! Унинг профессионаллиги, хотижамлиги ва фаолиятининг давомийлиги ўрнак олишга арзийди.

"Пахтакор" академиясида футбол билан шуғулланишни бошлаганман ва ҳамон футболдаги саёҳатим шу ерда давом этмоқда. Лионель Мессини ёқтирганман, лекин отам мен учун ўхшашга интиладиган футболчи сифатида қолади. У ҳам "Пахтакор"да мен каби 8-рақамда ўйнаган. Биз бир позицияда ўйнаймиз!

Ўзбекистоннинг Олимпия ўйинларидаги дебюти барчамиз учун жуда муҳим. Ўзимизнинг энг кучли томонларимизни кўрсатиб, орзуларимизни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонда одамлар футболни жуда севишади, терма жамоани ҳиссиётлар билан қўллаб туришади. Олимпиадага чиқишимиз уларга хурсандчилик улашиб, катта ғурур беради.

Ёшлигимдан кучли мутахассислар қўл остида шуғулландим. Асосий жамоада Шота Арвеладзе ва Максим Шацких сингари мураббийлар билан ишлаганим омадим деб ўйлайман. Улар ўз даврида ажойиб футболчилар бўлишган. Мураббий сифатида ўз билимларини футболчиларга ўргатиб боришмоқда.

Болалигимдан жуда кўп футбол ўйнардим - кўчада дўстларим билан ва "Пахтакор" академиясида. Отамнинг футболчи экани юқори даражага чиқишга интилишда менга иштиёқ берган. Ёш футболчи нафақат тўп билан ишлаши, балки жисмоний, тактик ва футболни тушуниш бўйича ақлан ҳам ривожланиб бориши зарур", - дейди 21 ёшли хавбек.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!