Достон Турдиев:Шоҳжахон Эргашев ҳамда Бобоусмон Ботуровлар жиддий рақиб бўлганди

- Аввало, профессионал боксда навбатдаги ғалабага эришганингиз билан табриклайман. Ўз ўрнида сухбатимизни ушбу бокс оқшоми борасидаги таассуротларингиз билан бошласак?

- Катта рахмат. Бу бокс кечаси борасида фақат яхши гапларни гапириш мумкин. Ўзингиз гувохи бўлган бўлсангиз, хеч қандай жаҳон стандартларидан қолишмади. Бу борада фидойилик қилган инсонлар  Набижон Исмонов, Зуфар Сулаймонов, Хусрав Насруллаев қолаверса, Ўзбекистон профессионал бокс Федерацияси, “SAFPRO”промоушени ҳамда “REAL HAUS” мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.  

- Мазкур жангда рақибингиз дебютант ёш боксчи Ислом Насруллаев бўлди. Айтингчи, Исломнинг ҳаракатлари унинг жанг олиб бориш услублари борасида нима дея оласиз. Уни профессионал боксдаги келажаги қандай бўлиши мумкин?

- Исломда профессионал боксчига керак бўлган барча нарса бор. Кучли зарба, бўй борасида ҳам мукаммал, қўллари ҳам узун, умуман олганда яхши хислатларга эга. Албатта, профессионал бокс оламига энди кириб келмоқда. Ўйлайманки, ўз устида ишласа яхши натижаларни қайд эта олади.

достон

- Мана еттинчи ғалабангизни қайд этдингиз. Ушбу зафарлар замирида ҳаваскор боксда олган тажрибаларингиз қўл келаяпти деб ўйлайсизми?

- Албатта. Техник ва тактик томонлардан жуда кўп асқотади.

- Келинг хаваскор боксдаги натижаларингизга эътибор қаратамиз. Энг катта армонингиз шубхасиз Олимпиадада иштирок эта олмаганлигингиз бўлса керак?

- Шубҳасиз. Ҳаваскор боксда жуда кўп ғалабаларни, совринларни қўлга киритдим. Лекин Олимпиадада иштирок этишни ҳар қандай спортчи ҳам орзу қилади. Албатта, бу ўзига хос армоним десам янглишмаган бўламан.

- 2016 йилги Олимпиада йўлидаги сўнги Ўзбекистон чемпионатида 69 кг вазн тоифасида жуда кучли рақобат кечганди. Шахрам Ғиёсов, Бобоусмон Ботуров, Исроил Мадримов, Махмуд Ғойипов ва сиз айни шулар ичида финалга қадар етиб боргандингиз. Айнан Шахрам билан кечган жангда сизга нима етишмаган эди?

- Барчаси яратганни инояти. Тўғри айтасиз, 2015 йилги чемпионатда бизнинг вазнимизда жуда кучли боксчилар йиғилганди. Бир-биридан ҳар қандай жабхада қолишмасди. Лекин барчамиздан Шаҳрам кучлироқ чиқди ва ғалабани қўлга киритди. Албатта финалга қадар етиб бордим. Лекин ўша кун Шаҳрамники эди. Ўша жангда бироз тезлигим панд берган.

- Фаолиятингиз мобайнида Шохжахон Эргашев билан икки бора дуч келгансиз ва ғалба қозона олгандингиз. Яқиндагини Шохжахон билан бирга машғулотларда иштирок этдингиз. Айтингчи аввалги Шохжахон билан хозиргисининг фарқи нимада? У қанчалик даражада кучая олган?

- Тўғри, у билан дуч келганман. Дўстим бўлади. Қолаверса, ўқув-машғулот йиғинларида кўп бирга бўлганмиз. Унинг зарбаси жуда кучли яъни профессионал боксга жуда мос. Ҳаваскорда катта натижалар кўрсатиш учун бироз тезлик етишмаган бўлиши мумкин. Албатта, бу шахсий фикрим. Лекин у ҳозир профида ажойиб ҳаракат қилмоқда. Катта ўсишга эришган. Бир сўз билан айтганда мутлақо бошқа Шоҳжахонга айланган. Ўз ўрнида унга нуфузли камарларни қўлга киритишга тилакдошман.

дп

- Бобоусмон Ботуров борасида қандай фикрдасиз? Айнан ўша 2015 йили уни ютиб финалга чиққан эдингиз. Ҳозирда, у юртимизда 69 кг вазн тоифасида биринчи рақамли ҳисобланади?

- Бобоусмон жуда кучли ҳарактерга эга. Доимий рақибни босим устида ушлаб туради. Доимо, биринчи рақамли боксчи бўлишга ҳаракат қилади. Рақиблари унинг тақиб қилиши натижасида холдан тояди. 2015 йил у билан финал остонасидаги жанг жуда шиддатли бўлганди.

- 16 июнь куни бўлиб ўтган профессионал бокс оқшомида Жанубий Кореянинг “Cocky Buffalo”промоутерлик компанияси вакиллари ташриф буюрган эди. Жангдан сўнг, сиз билан мулоқотда бўлишди. Айтингчи, балки ўзига хос янгилик бордир?

- Мазкур промоушен вакиллари албатта ғалаба билан табриклашди. Қолаверса, хозир мураббийим Набижон Исмонов билан шартнома борасида мухокама бўлмоқда.Ўйлайманки, тез кунларда янгилик бўлиб қолади.

- Мураббийингиз борасида айтиб ўтдингиз. Ҳозирги кундаги натижаларингиз қолаверса ҳаваскордаги муваффақиятлар бевосита Набижон Исмоновга боғлиқ десак муболаға бўлмас?

- Аввало, мураббийимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.Нимага эришга бўлсам барчаси  шу инсонга боғлиқ. Анча йилдан бери бирга ишлаб келамиз. Ўз ўрнида мураббий, керак бўлса сиз билан дўст сифатида ҳам гаплаша олади. Кучли психолог. Қолаверса, катта тажрибага эга. Ҳорижда ҳам яхши билишади. Чеченистондан  профессионал боксчиларни тайёрлаш учун таклифлар бўлганлиги ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Мен учун ҳар доим жон куйиктириб келган. Насиб қилса, ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан!

ддд

- Профида еттита жангингизни нечтасини юртимизда ўтказгансиз?

- Учта жангим ҳорижда бўлган. Тўрттасини ватанимизда ўтказганман. Рақибларимни 4 нафари бошқа юрт вакиллари бўлган.

- Маълум бир вақт бокс оламида кўзга ташланмадингиз. Бунга нима сабаб бўлганди. Балки, оила қурганлигингиз бўлса керак?

- Албатта, орада бир оз танаффус бўлди. Жароҳатлар гирдобида қолиб кетдим. Оила қурганлигим ҳам рост. Айнан шу омиллар сабаб бўлди деб ўйлайман.

- Жанг олиб бориш услубингизга эътибор қаратсак авваллари оёқ билан фаол ишлардингиз. Ҳозир бироз бу борадаги ҳаракатларингиз сусайгандек. Бу тактик ўзгаришми ёки хали тўла формага кириб улгурмадингизми?

- Тўғри, аввал оёқда кўп ҳаракат қилардим. Лекин 10-12 раундлик жангларда бу қўл келмаслиги ҳам мумкин. Бу учун катта энергия кетади ва оқибатда тез чарчаб қолишингиз мумкин. Шунинг учун, тактикани бироз ўзгартиришга тўғри келди. Таиландда ўтказган 10 раундлик жангимда шундай йўл тутишга тўғри келганди.

- Балки, ҳаваскор боксда ҳам ўзингизни синаб кўрарсиз. Чунки, хозирги кунда 69 кг вазн тоифасида бироз рақобат камроқдек назаримда. Мисол учун, Бобоусмон Ботуров, Иқболжон Холдаровлардан бошқа боксчиларни эслай олмадим тўғриси?

- Хеч қачон дема деган нақл борку. Балки қайтиб қоларман. Аслида, профессионал йўналишдан чалғиш ниятим йўқ. Ушбу вазн тоифасида мамлакатимизда кучли боксчилар етарлича топилади.

- Профида фаолият юритаётган тенгдошларингиз, орасида ҳозирги кунда кимнинг имкониятларини юқори бахолайсиз?

- Умуман олганда барчасида имконият мавжуд. Лекин Қудратулло Абдуқаххоровнинг жанг олиб бориш услубларига хавас қилса арзийди. Ўз навбатида қойил ҳам қолмоқдаман. Унинг нуфузли камарларни қўлга киритишига ишонаман. Албатта, бунга оз фурсатлар қолди.

- Одатда, чапақай боксчи ҳисобланасиз. Чапақайликнинг ўзига хос ижобий ва салбий  жиҳатларини айтиб ўта оласизми?

- Чапақай боксчилар одатда ноқулай рақиб саналади. Ижобий тарафи жигарга зарба бериш бир мунча осонроқ бўлади. Салбий тарафи борасида бирорта факт айта олмайман.

Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!