Достонбек Ҳамдамов билан эксклюзив интервью (Тўлиқ шаклда)
Ads

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби аъзоси Достонбек Ҳамдамов SPORTS.uz меҳмони бўлди.

Сўнги пайтларда ўзиннинг ёрқин ўйинлари билан мухлисларини хурсанд қилаётган Достонбек Ҳамдамов Ўзбекистон чемпионати, кубок баҳслари, ШЎҲ парчаланиши, қишда хориждан бўлган таклифга нима учун қизиқмагани ва бошқалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бунёдкор” нима сабабдан Бекободда очко йўқотди?

- Ҳар доим меҳмонда “Бунёдкор” учун қийин ўйин бўлади. Ўйлашимча, бошқа клубларда ҳам шундай. Чиройлик ва вазиятларга бой учрашув ўтказилди. Қолаверса, ҳакамларнинг хатоси ҳам бор эди.

Нима учун “Металлург” ўз майдонида кучли рақиблар билан тенгма-тенг ҳаракат қилади-ю, сафарда аксинча деб ўйлайсиз?

- Бу ўзларининг руҳий тайёргарликлари деб ўйлайман. Ҳақиқатдан ҳам грандларга қарши бемалол туриб бера олади. Уй учрашувларида мухлислари куч бағишлаб туради.

Энди “қалдирғочлар”ни 2-ўрин учун курашдан чиқди дейиш мумкинми?

- Йўқ, олдинда беллашувлар бор. Иложи борича ғалабага эришиб, юқори поғоналарни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Ҳали биз курашдан чиқдик дегани эмас.  

“Бунёдкор”га 2-ўрин учун курашда ким асосий рақобатчи, “Насаф” ёки “Пахтакор”?

- Ҳозир бирор бир фикр билдириш қийин. Чунки “Бухоро” ҳам курашмоқда. Биз “Насаф” ва “Пахтакор”га қарамасдан фақат 3 очко учун итилишимиз шарт. Бошқа натижа бизни умуман қониқтирмайди.

Умуман олганда, чемпионатнинг бориши олдинги мавсумлардан нимаси билан фарқ қилмоқда?

- Олий лигамиз ижобий томонга ўзгармоқда. Савия борасида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Ёшлар кашф этиляпти, сифатли майдонларга эга бўлмоқда. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Қизилқум”да яхши шароитлар яратилган. Бошқа ўйингоҳларда ҳам ўзгаришлар кетмоқда.  

Бу мавсумдаги кутилмаган натижаларни кўплаб қайд этилиши грандлар кучсизланганими ёки ўртамиёна клублар ўсганидан даракми?

- Йўқ, кучли жамоаларда пасайиш бўлмади. Сиз айтганингиздек, бошқалар кучайди. Масалан, “Қўқон-1912”, “Бухоро” ва бошқалар. Бу йил оддий жамоанинг ўзи йўқ.      

“Бунёдкор” нима учун “Динамо” билан Тошкентда кечган олий лига ва кубок баҳсларида гол ура олмади?

-Биринчи даврада самарқандликлар дастлаб бизнинг дарвозамизни ишғол қилишган. Шунда ҳисобни тенглаштириш учун астойдил тўп тепдик ва мақсадимизга эришганмиз. Кубок беллашувида ҳам имкониятларни юзага келтиргандик. Бироқ омад биздан юз ўгирди. Самарқанддаги баҳсларда бунинг акси кузатилди.

Ҳозирги кунда “Локомотив” бошқалардан яққол устунлик қилмоқда. Бунинг сабаби нимада деб биласиз?

- Сабаблар кўп. “Локо”да кучли ўйинчилар жамланган. Қолаверса, уларнинг рақиблари етарликча очколарни бой бергани ҳам ҳозир орадаги очколардаги фарқ катталашишига олиб келди. Ҳали ҳеч нарса йўчотилгани йўқ. “Темирйўлчилар” билан олдинда 2 та беллашувимиз мавжуд.

“Бунёдкор”нинг кубок финалидаги имкониятлари қандай? Ички чемпионатда вақти-вақти билан очколар қўлдан бой берилмоқда. Бу муҳим беллашув олдидан футболчиларга руҳий босим туғдирмайдими?

- Кубок финалига осонликча чиққанимиз йўқ. Бир қадам қолди соврин ютишимизга. Бунинг учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Миржалол Қосимов бизга фақат бугунги ўйин ҳақида ўйлашимиз кераклигини айтиб ўтади. Навбатдаги учрашувга олдимиздаги беллашувда ўтиб олсак, ўшанда тайёргарлик кўрамиз. Чунки фикр-у ҳаёлимиз биринчи ўтказиладиган баҳсга қаратилишини уқтирадилар.

“Локомотив” таркибида энг ҳавфли ўйинчи ким?

-Уларда жамоавий ўйин шаклланган. Шунинг учун рақиб таркибидан айнан кимнидир ажрата олмайман. Ҳужумни якунлай оладиган футболчилар ҳам жамланган. Масалан, Марат Бикмаев, Мурод Бобожонов ва бошқалар.  

Финал “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши “қалдирғочлар”га қўшимча куч бағишлайдими ёки ортиқча босим?

- Ортиқча босим туғдирмайди. Биз ўз уйимизда ўйнаймиз. Қўшимча куч биғишлаши аниқ.

“Бунёдкор” учун ҳозирча мавсумнинг энг қийин учрашуви қайси?

- Барча беллашувларда муаммолар бор. Танлаш қийин. Лекин Тошкентда “Насаф” билан ҳақиқий драматик учрашув бўлганди.

Андрей Микляев сўнги интервьюларида айни пайтда “Насаф” Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси деб атади. Сиз бунга қўшиласизми?

- “Насаф” ҳозиги кунда уй ва меҳмонда ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатмоқда. Рўзиқул Бердиев яхши жамоа шакллантирган. “Аждарлар” бу мавсум анча кучайган.

Чемпионатнинг энг яхши легионери ким?

- Мен учун “Локомотив”даги Кахи Махарадзе энг яхшиси.

Олий лига-2017нинг тасодиф ёки сюрприз клуби

- Сюрприз жамоа бу – “Динамо”. Олег Тюлькин шогирдлари биринчи даврада мухлислар томонидан “Лестер” номини ҳам қўлга киритишди.  

Достонбек Ҳамдамов қайси футболчига қарши тўп тепганда қийинчиликларга дуч келади?

- Ўзимни техник томондан кучли футболчи деб билмайман. Ёшлигимдан жамоавий ўйин мослашганман. Тўғриси, кимдир менга қаршилик кўрсатганда қийинчиликларга дуч келишим борасида ўйлаб кўрмаган эканман. Қайсидир вазиятларда мендан устунлик қилганлар ҳам бор. Бироқ...

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тақдира ҳал бўлди. Энди кейинги чемпионатларга режаларни ҳозирдан тузиш шарт. Сизнингча, бош мураббий лавозимга қайси мутахассис муносиб? Яъни, ўзимизга яқинроқ Россия ва Украинаданми ёки Европа? 

- Европа варианти яхшироқ. Аммо айни пайтда Рўзиқул Бердиев вақтинчалик янги бош мураббий этиб тайинланди. Билмадим, энди воқеалар ривожи қандай тус олади. Футболчилар эса МТЖга ким устозлик қилишидан қатъий назар, майдонга чиққанида чин дилдан меҳнат қилиши шарт.  

Терма жамоамизга кимларнинг ўрнига қайси футболчиларни жалб қилган бўлардингиз? Ёки ўзингиз учун оптимал бўлган 11 футболчи

- Ўзбекистон чемпионатида ёш кучли футболчилар кўп. Янги мураббий танлаб шулар орасидан танлаб, энг муносибларини МТЖга жалб қилади.

МТЖмиз ЖЧдан қуруқ қолаётгани барчани дилини хира қилиши аниқ. Аммо сўнги пайтларда ўсмирлар ва ёшларимиз ҳам мундиаллардан мосуво қолишмоқда. Бир неча йил аввал кучли саккизликка кирган футболчилар бугунги кунга келиб, чемпионатлардан четда қолишяпти. Бу ўзбек футболининг ортга қараб кетаётганидан даракми?

- 1996 йилги авлоддан сўнг ривожланишдан тўхтади. Ундан кейинги ёшлар ЖЧга чиқа олмаяпти. Бунга нима сабаб бўлганлигини билмаймиз. Келажаги ёрқин истеъдодлар бор. Аммо... Охирги марта биз мундиалда иштирок этдик.  

Сизга мавсумлар аввалида хориждан айнан қайси клублардан таклифлар бўлганди?

- “Бунёдкор”га таклифлар тушганлигини эшитдим. Аммо ўзим қизиқиб кўрмадим. Чунки “қалдирғочлар” билан шартномам бор. Агар у гапларга эътибор берсам, муҳим ўйинлар олдидан чалғиб қолишни истамадим. Қолаверса, ўзим ҳам Европанинг кучли чемпионатларида тўп тепишни истайман.   

Ўз имкониятингиздан келиб чиқиб, қайси биринчиликда ўйнаб кета оламан деб ўйлайсиз?

- Ла Лигани ёқтираман. Техникага асосланган футбол намойиш этилади. “Барселона” мухлисиман. Премеро ўйинларини кузатиб бораман. Шу боис Испанияда фаолият олиб боришга кўзим етади.  

Агентингиз ким?

- Ҳозирча агентим йўқ.

Ўзбекистон ва жаҳонда қайси футболчига ҳавас қиласиз?

- “Реал”да Роналду ва Бэйл, “Барселона”да Мессининг ҳаракатларини мароқ билан томоша қиламан.  

Бир неча йил олдин футбол оламида кучли триолар юзага келганди. Биз ҳам ўша пайтда ББС, МСНга ҳавас қилиб “Бунёдкор” ҳужумчиларини ШЎХ деб номлагандик. Яъни, Шомуродов, Ўринбоев ва Ҳамдамов. Ҳўш айтингчи, ШЎХ нима сабабдан парчаланди?

- Ростдан ҳам бу каби ўхшатишни олдин эшитгандим. Ҳаммани ўз йўли бор. Заби аввал “Олмалиқ”, кейин “Пахтакор”га йўл олди. Элдор Россия чемпионатида тўп тепмоқда. Аммо ҳозир ҳам жамоада кучли футболчилар жамланган. Улар билан бошқа номларни чиқаришга ҳаракат қиламиз.   

Элдор Шомуродов Россия чемпионатида йўқолиб қолди, деган қарашлар мавжуд. Сиз бунга футболчи сифатида қандай изоҳ берган бўлардингиз?

- Шомуродов жуда кучли ўйинчи. Ҳали ўз сўзини айтади. Голлар уриб, жамоасига фойдаси тегишига ишонаман.  

Забихилло Ўринбоев масаласида нима дея оласиз? Рақобат юқори бўлиши кутилган “Пахтакор”дан кўра “Олмалиқ”да тўп тепгани маъқулмасмиди?

- Барча футболчини ўз стили бор. Забихилло иккинчи қаватда устунликка эга.  Нима сабабдан “шерлар” сафига бориб қўшилганини билмайман. Аммо вақти келиб ўзини кўрсатиб, МТЖга номзодлар қаторига кира олади.

Бу мавсумнинг энг яхши уч футболчиси ким?

- Акрамжон Комилов, Икром Алибоев ва Шохруз Норхонов.

 

Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди