Драган Черан: Назаримда, АГМКга қарши мавсумдаги энг яхши ўйинимизни кўрсатдик
“Пахтакор”нинг АГМК майдонида жавобсиз олтита гол уришини бизнингча кўпчилик кутмаганди. Чунки олмалиқликлар кучли учлатикда боришаётганди. Шунга қарамай, “Пахтакор” ушбу баҳсда ким хўжайин эканлигини кўрсатиб қўйди, дейиш мумкин.
Арвеладзе жамоаси олтита гол урар экан, бундай пайтда клуб тўпурари Драган Черан майдонни голсиз тарк этармиди? Албатта, йўқ. У ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди ва тўпурарлар пойгасида худди жамоаси сингари якка пешқадам бўлиб боряпти. АГМКга қарши учрашувдан кейин Черандан қисқача интерьвю олдик.
- Бугун ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонишингларни кутганмидингиз?
- Бу катта ва ажойиб ғалаба бўлди. Айтишим керакки, биз чемпионлик учун жиддий қадам ташладик.
- АГМК ҳам совринли ўринлар учун курашаётганди. Улар кучсиз ўйнадими ёки “Пахтакор” кучли ўйин кўрсатдими?
- Менинг назаримда, биз бугун мавсумдаги энг яхши ўйинимизни кўрсатдик, деб ўйлайман.
- Энди “Пахтакор”нинг чемпион бўлишига шубҳа қилмаяпсизми, бемалол чемпионликни нишонлаяпсизми?
- Ҳеч қачон жамоамнинг кучига шубҳа қилмаганман.
- Сизни янги мавсумда ҳам яна “Пахтакор”да кўрамизми? Шартномангизни узайтирасизми?
- Менинг клуб билан яна бир йиллик шартномам бор. Шу сабабли кейинги мавсумда ҳам яна сиз билан кўришамиз.
- Ўтган йили 23 та гол билан тўпурар бўлгандингиз. Ҳозиргача эса 19 та гол урдингиз. Ўтган йилги шахсий рекордингизни янгилай оласизми?
- Мен рекордларга қарамайман. Киритаётган голларимга келсак, бу албатта жамоавий меҳнатимизнинг самарасидир. Табиийки, ҳозирги ўйинларимиз ҳамда натижаларимиздан қониқиш ҳосил қиляпман.
- Агар Арвеладзе мавсум тугагач, кетиб қолса, сиз ҳам кетасизми?
- Кўрамиз.
- “Пахтакор”га чемпионатда ҳеч ким қаршилик кўрсата олмаётгани учун Суперлига сиз учун зерикарли бўлиб қолмаяптими?
- Зерикарли эмас. Қайтанга, қизиқарли деган бўлардим. Ҳар йили биз учун қийинроқ бўлиб боряпти.
Фикрлар