Драган Черан: "Шахсий совринлардан кўра жамоавий натижаларни биринчи ўринга қўяман"

«Пахтакор» бу йил анча кучайди. Таркиб жиҳатидан ҳам ва ўйин бўйича ҳам. Шу боис айни пайтда клуб ички чемпионатда мағлубиятсиз одимлаб келмоқда. Ниҳоят, бош мураббий Шота Арвеладзе жамоада рақобатни ўтган йилгига қараганда янада юқори даражага олиб чиқа олди. Бунинг маҳсули эса ҳозирча Суперлига доирасида ўз самарасини беряпти. Тўғри, «шерлар» Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмади. Бироқ жамоа кўрсатган ўйин билан бемалол кейинги босқичга муносиб эди, аммо энди ҳаммаси тарихда қолди.

Биз бугунги мақоламизда бошқа жиҳат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Яъни, «Пахтакор»да юқори савияли футболчилар тўп суришяпти. Қолаверса, чемпионатимиздаги энг сара легионерлар ҳам ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сербиялик ҳужумчи Драган Черан алоҳида мавзуга айланиб қолди. Ушбу футболчининг бу йил «иштаҳаси карнай» эканлиги кўриниб турибди. Айтиш мумкинки, Черан фаолиятининг энг яхши дамларини Ўзбекистонда ўтказяпти десак муболаға қилмаган бўламиз.

Унинг олдинги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, катта футболга Сербиянинг «Смедерево» жамоаси орқали кириб келган. Шундан сўнг «Млади Радник» (Сербия), «Вестерло» (Бельгия), «Хапоэл» (Исроил), «Маккаби» (Исроил), «Симурғ» (Озарбайжон), «Хажер» (Саудия Арабистони), «Вардар» (Македония) каби жамоаларда тўп сурган. Чераннинг юртимиздаги фаолияти эса 2016 йилдан бошланган. Ҳаммага маълум бўлса керак, у Қаршининг «Насаф» клубида 2018 йилнинг ярмигача фаолият олиб борди. Шу вақт давомида Драган «Насаф» таркибида 48 та учрашувда 34 та гол уришга эришди. Ўтган йилнинг ярмидан эса унинг фаолиятида янги саҳифа очилди. Энди у «Пахтакор» учун тўп сурмоқда. Айниқса, сербиялик футболчи жорий мавсумни ажойиб равишда бошлади ва шу руҳда давом этмоқда. Эътиборлиси Драган Черан май ойи якунларига кўра Суперлиганинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу эса легионер ўйинчи учун муносиб баҳо десак бўлаверади. Драганни эса ушбу шахсий соврин билан табриклаганимизда бу масала бўйича ўз фикрларини шундай ифодалади:

- Раҳмат. Лекин мен шахсий совринларни кўзлаётганим йўқ. Футбол – бу жамоавий ўйин ҳисобланади. Шунинг учун ғалаба ҳам, мағлубият ҳам фақат жамоаники ҳисобланади. Демак, футболда жамоавий сифатида қўлга киритиладиган ютуқ мен учун муҳим.

Унинг бу жавоби шуни кўрсатмоқдаки, аввало жамоасининг манфаатини биринчи ўринга қўяётганидан дарак. Тўғри, футболда муҳими ғалаба. Лекин ҳар бир ўйинчида қандайдир шахсий совринлар ҳам бўлиши мумкин ва кимдир бунга ҳам қизиқади. Қолаверса, у айни пайтда чемпионатимизда биринчи рақамли тўпурарга айланиб олди. Хўш, футболчининг асосий мақсади тўпурарликка эришишми? Аммо Черан бу ҳақида ўйлаётгани йўқ ва юқоридаги фикрларига қўшимча равишда яна қуйидагиларини маълум қилди:

- Шахсий совринлардан кўра жамоавий натижаларни биринчи ўринга қўяман. Агар тўп сураётган жамоангиз ниманидир ютса, бу индивидуал совринлардан кўра ёқимлироқ бўлади, - дея муносабат билдирди, футболчи.

Черан айни пайтда ўзининг юқори формасида эканлигини ўйинлари ва голлари билан исботлаб келмоқда. Шунинг учун ҳам 13 та гол билан Суперлигада яққол тўпурар бўлиб келмоқда. Айниқса, чемпионатнинг 11-турида сафарда “Бухоро”га қарши учрашув унинг учун унутилмас бўлди. “Пахтакор” 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва голлардан учтасини Драган Черан киритди. Эътиборлиси, у Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётганидан бери илк бор хет-трикка эришганини ҳам такидлашимиз керак. Айнан шуниси билан ушбу беллашув унинг учун унутилмас бўлиб қолди. Лекин тан олиш лозимки, гарчи “Пахтакор”нинг ғалабаси кутилган бўлса-да, аммо рақиб дарвозасига жавбсиз бешта гол урилиши кутилмаган ҳол бўлди дейиш мумкин. Балки “Бухоро” кучсиз ўйнадими ёки “Пахтакор” ўта кучли ўйин кўрсатдими? Драган билан мулоқотимиз жараёнида эса ушбу ўйинга ҳам тўхталиб ўтди.

- Биласизми, бу биз учун ҳайрон қолдирадиган даражада осон ўтган ўйин бўлди. Биз “Бухоро”га нисбатан жуда яхши ўйнадик ва шунга мос равишда ҳақли ғалаба қозондик. Дастлабки дақиқалардан ажойиб ҳаракат қилдик. Голларимга келсак, тўғриси, учта гол киритаман деб сира ўйламагандим. Аммо футбол – ақлбовар қилмас натижаларни тақдим этадиган ўйиндир.

Чемпионатнинг 11-туригача у 13 та гол уришнинг уддасидан чиқди. Ҳали биринчи давранинг қолган учрашувлари турибди ва яна бутун бошли иккинчи давра бор. Боя ўзи айтганидек, футбол чиндан ҳам ақлбовар қилмас натижалар тақдим этадиган ўйиндир. Қизиғи шундаки, Черан учун ўтган йилги мавсум у қадар самарали кечмаганди. Солиштириш учун айтамиз, биринчи даврада “Насаф” таркибида учта гол урган ва иккинчи даврада “Пахтакор”да ҳам учта гол урган, ҳаммаси бўлиб иккита жамоада олтита гол муаллифига айланган. Ўтган йилги натижаси билан бу йил ҳозиргача бўлган натижани солиштираётгандирсиз. Чиндан ҳам унда ўсиш катта, шундай эмасми? Айниқса, “Пахтакор”га ўтгач, Чераннинг ўйини яна “очилди”. Бунда эса бош мураббий Шота Арвеладзенинг ҳам хизматларини алоҳида айтиш мумкин.

- Мен яхши машқ қилишга ҳаракат қиляпман. Фақат шундан сўнг бундай машқлар ўйинимга ижобий таъсир ўтказади”, дея фикр билдириб ўтди, Черан.

“Пахтакор”нинг бундай дадил одимлаётгани туфайли кўпчилик ушбу мавсумда бу жамоанинг чемпион бўлишини тахмин қилмоқдалар. Чунки ҳозирча “Пахтакор”ни тўхтатадиган рақибнинг ўзи топилмаяпти. Жамоанинг муваффақиятли юришининг сабабини сўраганимизда, Драган бунга ўзига хос тарзда шундай жавоб қайтарди:

- Биз ҳар бир навбатдаги ўйинга эътиборимизни қаратамиз ва бу бизнинг кучимиздир. Рақибнинг номи бизни хавотирга солмайди. Бундай туйғу жамоамизга ёт.

Ўтган вақт давомида Черан футболимизга тўла мослашиб кета олди. Одатда бирор-бир легионер келса, унинг мослашиши учун вақт талаб этилади. Ёки бўлмаса жамоадан-жамоага кўчиб ўтса ҳам унга кўникиб кетиши учун сабр қилишга тўғри келади. Юқорида айтганимиздек, ўтган йили “Пахтакор”да фақат 3 та гол урган бўлса, бу йилги мавсумнинг биринчи давраси тугамай турибоқ 13 та голнинг соҳибига айланди. Шунинг учун у мослашиш жараёнини ўтаб бўлди. Ўз навбатида ҳужумчи бу масала бўйича ҳам чиройли тарзда жавоб қайтарди:

- Буларнинг бари инсонга боғлиқ. Биз серблар вазиятга осонликча мослашамиз. Шунинг эвазига сербиялик футболчилар қайси биринчиликда ўйнашмасин, дарҳол ўзларини кўрсатишга тушишади. Қолаверса, серб футболчилари тезкорлиги билан ажралиб туришади. Бунинг устига оилам ҳам бу ерга мослашиб кетган.

Шунингдек, Черан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини юқори баҳолаган. Қолаверса, бунгача ўзи ўйнаган барча собиқ клубларини кузатиб боришини ҳамда Златан Ибрагимовичнинг ўйинларини ёқтиришини ҳам алоҳида айтиб ўтди. 32 ёшли ҳужумчи ўзига билдирилган ишончларни оқлашда давом этар экан, бу кетишда ундан яна кўплаб голлар кўришимиз тайин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
21/06/2019 07:38
Чиранга гап йӯқ