"Дуранг мағлубиятдан яхшироқ, бирор-бир рақибни хавфли демаган бўлардим" - Лутфулла Тўраев
Фарғонанинг “Нефтчи” клуби бу йилги мавсумни қандай ўтказаётганини яхши биласиз. Ҳозиргача энг кўп дуранг қайд этган клуб 3-ўринда боряпти. 18 та учрашувда 8 ғалаба ва 10 дурангги бор. Мағлубияти ноль!
Ҳа, Суперлигада ҳали умуман ютқазмаган ягона клуб “Нефтчи” қолди, холос. Ҳеч ким фарғоналикларнинг курагини ерга теккиза олмаяпти. Жамоанинг мақсади совриндор бўлиш. Қолаверса, ўз дарвозасидан энг оз тўп ўтказган клуб ҳам “Нефтчи”. 11 та тўп олиб чиққишган холос. Бош мураббий Виталий Левченко эса раҳбарият ҳамда мухлисларнинг меҳрини, уларнинг ишончини қозона олди. Шунинг учун бўлса керак, яқинда “Нефтчи” ўзининг бош мураббийи билан шартномани яна узайтирди.
Шуни ҳам айтиш керакки, Левченконинг майдондаги ёрдамчиси, унинг “ўнг қўли” бу бевосита жамоа сардори Лутфулла Тўраевдир. Тажрибали ўйинчи майдонда жамоасининг ўйинини назорат қилиб туради ва мураббийнинг кўрсатмаларини бажаришда у бош-қош бўлади. Футболчи Sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб қайтарди.
- Яқинда “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченко шартномасини яна узайтирди. Бу сиз учун кутилган янгиликмиди ёки...
- Бу кутилган эди. Чунки анчадан бери шартномасини узайтириши борасида гап-сўзлар юрганди.
- “Нефтчи”ни Суперлигада ҳеч ким ютолмаяпти. Сиз учун мағлубиятсиз серияни охиригача сақлаб қолиш муҳимми ёки ютқазса ҳам совриндор бўлиш муҳимми?
- Мен учун мағлубиятсиз тугатиб шу ўринда совриндорлар сафида бўлиш муҳим.
- Жамоанинг дуранглари кўпайиб кетгани нимадан далолат? Яъни, бу мағлубиятдан кўра яхшироқ, шундайми?
- Биласизми, дуранг мағлубиятдан кўра яхшироқ.
- “Нефтчи” учун энг хавфли рақиб ким?
- Мен ҳозирги вазиятда бирор-бир рақибни хавфли демаган бўлардим. Чунки барчаси фақат ўзимизга боғлиқ.
- Табатадзенинг кетиши жамоа учун йўқотиш деб ўйлайсизми?
- Йўқотиш деб ўйламаган бўлардим.
- Чемпионатга тайёргарлик қандай кетяпти ва спорт формани сақлаб қолиш қийин бўлмаяптими?
- Тайёргарлигимиз яхши, режа бўйича давом этяпти. Ўртоқлик ўйинларимиз бор. Олдимизда турган ўртоқлик учрашувлари орқали 22 сентбярь куни бўладиган расмий баҳсга жиддий тайёрланяпмиз. Спорт формамга келадиган бўлсак, аъло даражада.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар