Душанбедан дараклар. Бангладеш вакиллари қандай таслим этилди? (Фото)

Ҳисор: Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-19 Осиё чемпионати саралаш босқичи доирасида 4-тур баҳсида Бангладеш вакиллари билан куч синашди.

Кутилмаганда рақиблар ўйинни фаоллик билан бошлади. Ўйиндаги дастлабки хавфли вазият ҳам улар томонидан содир этилди. Умиджон Эргашов ушбу вазиятда қийинчиликсиз дарвоза томон йўлланган зарбани тўхтатиб қолди.

Кейинги дақиқаларда ёшларимиз ўйин тизгинини ўз қўлларига олишди ва рақиб дарвозаси томон кетма-кет хавфли зарбалар бера бошлади. Ишончли тарзда ҳимоялана олган бангладешликлар фақатгина қарши ҳужумда ўз омадларини синаб кўришди. Бироқ биринчи бўлим 0:0 ҳисобида якунига етди.

Иккинчи 45 дақиқалик ҳамюртларимизнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Ўз жарима майдонларига қамалиб олган рақиблар ҳимояда тартибли ҳаракат қилди. Бир қанча ҳужумларимиз эса қўполлик билан тўхтатиб қолинди.

Учрашувнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётганда Бангладеш футболчиси Муҳаммад Аттикуззамон ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Натижада ҳамюртларимиз зафар қучишди.

 

Ёқубжон Сохибов
Ҳисор, Душанбе, Тожикистон

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!