Душанбедан дараклар. Терма жамоамиз вакилларининг илк машғулотидан фоторепортаж

Душанбе: Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси U-19 Осиё чемпионати саралаш босқичи ўйинларида иштирок этиш учун сешанба тонгида Тожикистон пойтахтига етиб келди. Ўзбекистон делегациясининг барча аъзолари Душанбе шаҳридаги «Атлас» меҳмонхонасига келиб жойлашди.

Бир неча соатлик ҳордиқдан сўнг футболчилар меҳмонхонадан унча узоқ бўлмаган Помир стадионига тегишли машғулотлар майдонида тикланиш ва чигалёзди машғулотларини ўтказишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ердаги ажойиб об-ҳаво жамоа вакилларига аъло кайфият бахш этмоқда. Иқлим шароити билан биргаликда маҳаллий аҳолининг бизга бегона бўлмаган маданияти, урф-одати ва анъаналари сабабли футболчилар ўзларини бошқа мамлакатда эмас, балки Ўзбекистоннинг қайсидир шаҳрида юргандек ҳис қилишмоқда.

Шунингдек, маҳаллий аҳолининг ўзбек тилида бемалол суҳбатлаша олиши ушбу ҳисни икки баробарга оширади. Александр Мочинов жамоаси саралаш баҳсларини эртага Мальдив ороллари терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.

Кеча, 31 октябрь куни саралаш босқичининг 1-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Қизиқарли жиҳати, барча ўйинларда дуранг натижаси қайд этилган. Шри-Ланка вакиллари Малдив оролларига қарши баҳснинг сўнги дақиқаларида мағлубиятдан қутулиб қолди ва бир очкони қўлга киритди. Тожикистонликлар эса Бангладеш дарвозасини ишғол эта олмади ва учрашув 0-0 ҳисоби билан якунига етди.

 

Душанбе шаҳридан SPORTS.uz учун махсус тайёрланди.

Ёқубжон Сохибов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!