Дзюдо бўйича Тошкент Гран-приси сентябрь ойига ўзгартирилди

Бир неча кун аввал Халқаро дзюдо федерацияси ўз тақвим режасига ўзгартириш киритгани ва унга мувофиқ “Катта дубулға” турнирлари орасига Бразилия турнири ҳам қўшилгани ҳақида хабар берган эдик. Шу муносабат билан жаҳон чемпионатидан сўнг ўтадиган айрим мусобақалар тақвимида яна кичик ўзгаришлар рўй берди.

Биз учун эътиборлиси, улар орасида Тошкентда бўлиб ўтадиган Гран-прининг санаси ўзгаргани. Халқаро ташкилотнинг йил бошида маълум қилган тақвимига кўра, мусобақа ноябрь ойида ўтиши белгиланган эди. Бироқ сўнгги янгиланган тақвимга кўра, пойтахтимиз мезбонлигида кечадиган баҳслар 20-22 сентябрь кунларига ўзгартирилди. Бу ҳақида МОҚ хабар бермоқда.

Шу тариқа Тошкент Гран-приси жаҳон чемпионатидан сўнг ўтадиган дастлабки йирик турнир сифатида белгиланмоқда. Унда келаси йил бўлиб ўтадиган Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколари ўйналиши яна бир муҳим жиҳатдир. Эслатиб ўтамиз, Гран-при мусобақасида шоҳсупага кўтарилган дзюдочилар ўринларига қараб мос равишда 700-490-350 рейтинг очколарига эга бўлишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!