Эътиборга молик мавзу: ҳаммаси терма жамоалар миқёсидаги дербилар ҳақида!
Албатта, аксарият ишқибозлар дербилар деганда фақат клуб миқёсидаги ўйинларни тушунишади. Бироқ терма жамоалар миқёсида ҳам шу мақомга мос келадиган учрашувлар борки, негадир бу хусусда камдан-кам, фақат фурсати келгандагина эсга олинади. Олдиндан айтиш керакки, бундай халқаро мақомдаги дерби ҳақида гап кетса, фақат бир минтақада ёнма-ён жойлашганлик кузатилмай, бутунлай бошқа-бошқа қитъаларда жойлашган тақдирда ҳам икки терма жамоанинг бир-бирига фақат спорт эмас, балки сиёсий томондан кескин муносабатда бўлиши тушунилади.
МИЛЛИЙ ДЕРБИЛАР
Буюк Британия деганда, аввало Англия, Шотландия, Шимолий Ирландия ва Уэльс давлатлари тушунилади. Ушбу давлатлар ФИФА ва УЕФАнинг расмий аъзолари сифатида қабул қилинганидан сўнг мос равишда жаҳон ҳамда Европа чемпионатларида мустақил равишда иштирок этиш имкониятига эга чиққандилар. Ўз-ўзидан худди клуб миқёсилаги сингари уларнинг терма жамоалар мақомидаги ўзаро тўқнашувлари ҳам миллий дербилар мақомини олган. Миллий дербилар ўз навбатида қуйидаги уч тоифага бўлинади:
1) шунчаки спорт нуқтаи назаридан ўзаро (бундай пайтда терма жамоаларнинг кучи бир-бириникига тенглиги туфайли асосий урғу ўйиндаги ғалабага қаратилади) қарама-қаршилик;
2) икки давлат ёнма-ён қўшни бўлгани ва шунинг эвазига миллий терма жамоаларининг тез-тез учрашиб туриши;
3) фақат спорт эмас, балки икки давлат ўртасида юзага келган сиёсий муносабатдаги (бунда терма жамоаларнинг бутунлай бошқа-бошқа қитъаларда жой олганига ҳам эътибор қаратилмайди) совуқ муносабат туфайли кескинликнинг авж нуқтага чиқиб қолиши тушунилади.
Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, миллий дербиларда юқорида санаб ўтилган бир ё икки эмас, камдан-кам ҳолларда учала жиҳат ҳам кузатилади.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ГФР терма жамоасига нисбатан фақат спорт эмас, балки сиёсий нуқтаи назардан ҳам аксарият мамлакатлар ўта жиддий муносабатда бўлганлар. Яъни, уруш туфайли катта йўқотишларга учраган қатор давлатларнинг миллий термалари учун бундестимдан устун келиш худди фашистлар Германиясини тор-мор келтирилганидек аҳамият касб этган. Хуллас, бу масалада ҳаммаси тушунарли бўлса, асосий мавзуга ўтиш фурсати етди.
АНГЛИЯ - ГЕРМАНИЯ
Кескинликнинг асосий сабаблари: спорт ва сиёсий томондан.
Терма жамоалар миқёсидаги энг кескин ва принципиал рақобат сифатида айнан Англия - Германия терма жамолари ўртасидаги қарама-қаршилик кўрсатилади. Икки терма жамоа ўртасида спорт нуқтаи назаридан бўлган кескинлик 1966 йили Англия мезбонлигида ўтган мундилада бошланган эди. Айтиш мумкин бўлса, ушбу давлатлар ўртасидаги тарихий қарама-қаршилик (биринчи ва иккинчи жаҳон урушларидаги ўзаро жанглар, жумладан нацистлар Германияси томонидан бомбардимоннинг амалга оширилгани) бунга ҳамма вақт янада ўзгача шиддат бериб келади. ЖЧ-1966 финалида қандай воқеалар юз бергани ҳақида билмаган ё эшитмаган мухлислар бўлмаса керак. Эътиборлиси, «Уч шерлар»нинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етган ўша беллашув чоғида «Уэмбли»даги минглаб маҳаллий мухлислар мана шундай гапларни баланд овозда айтганча немис футболчиларини руҳий мувозанатдан чиқаришга ҳаракат қилишган: «Ахтунг! Ахтунг! Фрицлар, мағлубиятни тан олингар-да, қўлларингизни кўтаринг!»
БРАЗИЛИЯ - АРГЕНТИНА
Кескинликнинг асосий сабаблари: спорт ва қитъа миқёсидаги гегемонлик масаласида.
Бразилия билан Аргентинада футбол сал бўлмаса дин даражасига кўтарилган. Ўз навбатида «Селесао» билан «Альбиселеста» нафақат қитъа, балки жаҳон миқёсида ҳам доимо энг кучли терма жамоалар сифатида тилга олиб келинади. Бразилиялик ва аргентиналик ишқибозларнинг ўзаро дербилар чоғида майдондаги футболчилардан кам бўлмаган даражада бир-бирлари билан жиққамушт бўлишлари ҳақида эса бежизга афсоналар юрмайди. Бразиллар Пелени жаҳон футболи қироли сифатида тан олинганини айтиб мақтансалар, аргентиналик фанатлар Диего Марадонани ундан ҳам зўр эканлигини таъкидлайдилар. Хуллас, бу икки қўшни давлат вакилларининг бир-бирларини кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ, деган гаплар бежиз эмас. Бунга қуйидаги биргина мисол ёрдамида ишонч ҳосил қилиш мумкин. 1991 йили «Копа Америка» чоғидаги ўзаро тўқнашувда бразилиялик уч (ўшалар Мазиньо, Марсио Сантос ва Карека), аргентиналик эса икки (Каниджа билан Энрике) футболчини шифокорлар майдондан замбилда кўтариб олиб чиқиб кетиганлар!!!
САЛЬВАДОР - ГОНДУРАС
Кескинликнинг асосий сабаблари: спорт ва сиёсий томондан.
ЖЧ-1970 финал босқичи йўлланмаси учун икки қўшни мамлакат терма жамоалари ўртасидаги плей-офф ўйинлари якунда Сальвадор ҳукуматининг Гондурасга уруш эълон қилиши-ю, бунинг оқибатида икки мингдан сал зиёдроқ кишининг қурбон бўлгани ҳақидаги маълумотлардан бехабар бирор-бир киши топилмаса керак. Ҳаммасига Гондурас пойтахти Тегусигальпадаги ўйинда майдон эгаларининг кичик ҳисобдаги ютуғидан сўнг сальвадорлик бир мухлиса аёлнинг ўзини отиб ўлдиргани сабаб бўлган эди. Албатта, Сальвадор терма жамоаси аъзолари Сан-Сальвадордаги жавоб баҳсида бунинг учун қасос олганлар.
Аммо серияда ғолибни аниқлаш учун бетараф майдон - Мексикада ўтказилган ҳал қилувчи дуэлда сальвадорликларнинг қўллари баланд келгач, икки давлат ўртасида шундоқ ҳам таранг бўлиб турган сиёсий ҳолатга буткул путур етган. Аввалига Гондурас ҳукумати Сальвадор билан дипломатик алоқани узган бўлса, орадан бир неча кун ўтганидан кейин Сальвадор армияси қўшни мамлакат чегарасини бузиб, 8 км. узоқликда ичкаригача бостириб кирган!
МЕКСИКА - АҚШ
Кескинликнинг асосий сабаблари: спорт, сиёсий ва минтақавий аҳамият томонидан.
Тарихдан маълумки, 1846-1848 йиллар давомида АҚШ ва Мексика давлатлари ўртасида уруш бўлиб ўтган. Ўша уруш ацтеклар авлодларининг мағлубияти билан ниҳоясига етган. Бунинг натижасида илгари Мексикага тегишли бўлган катта ҳуддулар америкаликлар қўлига ўтиб, АҚШ харитасида Нью-Мексика, Невада, Юта ва Аризона штатлари пайдо бўлган эди.
Ўзингиз яхши билсангиз керак, КОНКАКАФ минтақасида Мексика билан АҚШ терма жамоалари қолганлардан бир калла баланд туришади. Ўз навбатида ғолиблик масаласи ҳам аксар ҳолларда «Ацтеклар» билан «Янкилар» ўртасида ҳал этиб келинади. Албатта, минтақада тенгсизлик борасида Мексика 11 та муваффақияти билан бу борада АҚШдан салкам икки баробар (америкаликлар ҳисобида 6 та ғалаба бор) ўзиб кетган. Энг қизиғи, АҚШ терма жамоаси ўта муҳим паллаларда энг пирнципиал рақибидан устун келган! Масалан, ЖЧ-1934 йўлланмаси учун бетараф майдон - Италияда ташкил этилган плей-офф ўйинида «Янкилар» эски танишларини 4:2 ҳисобида енгишга эришганлар.
Иккала давлат ўртасидаги тангликни яна шундан ҳам билиб олиш мумкинки, нафақат футболчилар, балки оддий аҳоли вакиллари ҳам бир-бири билан учрашиб қолса, доим ёвқараш қилади. Маълумотларда келтирилишича, ўша - 1934 йилги ЖЧ йўлланмаси учун ҳал қилувчи ўйин Италияда ташкил этилиши маълум бўлгач, иккала терма аъзолари ўша ёққа битта кемада эмас, балки бошқа-бошқа кемаларда етиб боришни маъқул топганлар!!! 2002 йили Япония ва Жанубий Корея яшил майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида «Сеҳрли диёр» вакиллари кутилмаганда «Ацтеклар»ни 2:0 ҳисобда тор-мор этгани ҳам Мексикада худди миллий мотам каби қабул қилинганди. Чунки ўзаро ўйинлар борасидаги статистикада устунлик мексикаликлар томонида ва энг асосийси, Мексикада ўтказилган беллашувларда майдон эгалари 23 бор ғалаба қозониб, фақат 1 марта рақиблари билан очколарни бўлишиб олганлар холос.
АНГЛИЯ - АРГЕНТИНА
Кескинликнинг асосий сабаблари: спорт ва сиёсий томондан.
Англия ва Аргентина терма жамоалари биринчи бор йирик турнирда 1966 йили учрашганлар. Ўшанда мундиал мезбонлари океанортилик рақиблари устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганлар. Энг қизиғи, инглизлар ўша ғалаба тўпини ўйиндан ташқари ҳолатда киритишган. Қолаверса, бош ҳакам ҳеч бир асоссиз «Альбиселеста» сардори Раттинани майдондан ҳайдаб чиқарганди. Ҳаммасидан кўра «Уч шерлар» бош мураббийи Альф Рамсейнинг ўйиндан кейин аргентиналикларни маҳлуқлар деб ҳақорат қилгани худди олов устига сепилган мойдек бўлган.
Тарихдан маълумки, Англия ва Аргентина давлатлари ўртасида Фолкленд ороллари учун жанг кечган. Якунда инглизларнинг қўллари баланд келгани учун аргентиналиклар уларни биринчи рақамли душман сифатида қабул қилишга киришиб кетгандилар. Шу боисдан ҳам икки юрт терма жамоаси аъзоларининг яшил майдонда учрашишлари ҳамма вақт ўта кескин ва шиддатли руҳда кечиб келган. Айтиш мумкин бўлса, аламзада аргентиналиклар ЖЧ-1986 чорак финалида афсонавий Диего Марадонанинг бир-биридан кескин фарқ қиладиган иккита голи эвазига 1982 йил ўша орол учун кечган урушдаги мағлубият аламини олганлар. Аргентина терма жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етган ўша баҳсда дон Диего дастлаб қўли ёрдамида гол урган бўлса, иккинчисини жуда ажойиб кўринишда принципиал рақиблар дарвозасига жойлаб қўйганди. Эътиборлиси, моҳир ҳужумчи ўшанда бир ўзи деярли инглизларнинг тенг ярмини алдаб ўтганча, дарвозани ишғол этган. Ҳозиргача ўша гол ХХ асрдаги энг чиройлиси сифатида тан олиб келинади.
Шунингдек, 1998 йили Франция яшил майдонларида бўлиб ўтган ЖЧда иккала юрт вакиллари иштирокидаги ўйин ўта драматик тарзда ниҳоясига етган. Биласиз, асосий ва қўшимча бўлимларда кучлар тенг (2:2) келгани боис ғолибни аниқлаш учун пенальтилар серияси ўтказилган ва унда жанубий америкаликлар 4:3 ҳисобида устун келгандилар. Беллашув давомида инглизларнинг ишонган юлдузи Дэвид Бекхэм Диего Симеоненинг айёрона усули туфайли майдондан четлатилгани ҳам инглизларга жуда қимматга тушганди.
Фикрлар