EA FC 27'да Ўзбекистон билан Осиё Кубогида ўйнаш имконияти пайдо бўлади
Осиё Футбол Федерацияси (ОФК) "Electronic Arts" таркибига кирувчи "EА Sports FC" (собиқ ФИФА футбол симулятори) Осиё футболидаги энг йирик турнирлардан бири — "Осиё Кубоги 2027" учун тарихий ҳамкорликни йўлга қўйди.
Эндиликда турнир "EА Sports FC" ўйини серияларининг навбатдаги қисмида (FC27) расмий лицензияланган контент сифатида пайдо бўлади. Ўйин ичидаги махсус интеграциялар, янги режимлар ва бошқа функциялар ҳақида батафсил маълумотлар йил давомида эълон қилиниши кутилмоқда.
Бу шуни билдирадики, 2027 йилги Осиё Кубогида иштирок этувчи 24 та терма жамоалар ўйинга қўшилади. Жумладан Ўзбекистон миллий терма жамоаси шулар қаторида.
Маълумот ўрнида, 2027 йилги Осиё Кубоги 7 январдан 5 февралгача Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси қуръа натижаларига кўра, "Б" гуруҳидан ўрин олди. Ушбу гуруҳда Баҳрайн, КХДР ва Индонезия терма жамоалари ўрин олишган.

Фикрлар