ЕЧЛ: Февралда кўришгунча
Хабарингиз бор, бугун ЕЧЛ нимчорак финал баҳсларига қуръа ташланди. Унга кўра кейинги босқичда йўл олган жамоалар ўз рақиблари ким бўлишини билиб олишди.
Биз ушбу қарама-қаршиликлар олдидан қисқача фикр юритдик.
"Манчестер Сити" - "Монако". "Шаҳарликлар" учун ўртамиёна рақиб
"Манчестер Сити" қуръа натижаларидан мамнун бўлган икки клубнинг бири. Улар февралда "Монако" билан тўқнаш келишади. Бу учрашувда эса катта эҳтимол билан "кўклар" зафар қучишлари ёки камида дуранглар билан бўлсада, чорак финалга йўл олишлари ҳақиқатга яқинроқ. Агар воқеалар ривожи шундай кўриниш олмаса шундоқ ҳам курсиси қимирлаб қолган Хосеп Гвардиоланинг Манчестер шаҳридаги "саргузаштлари" якунланиши мумкин. Шундай экан "Ман Сити" бу баҳсда бироз устундек.
"Реал" - "Наполи". Флорентино Пересдан УЕФАга "салом"
Қуръа ташлаш маросими якунланмасидан "Реал" кейинги босқич ҳақида ўйлай бошлаган бўлса ажабмас. Чунки "қироллик клуби"га бу босқичда доимгидек нисбатан осонроқ рақиб тўқнаш келди.
Мадридликларга сўнгги йилларда плей-офф босқичларида унчалик ҳам муаммо туғдирмайдиган клублар рўбаро келишмоқда. Буни кўпчилик Флорентино Перес билан боғламоқда. Аммо бу шунчаки тасодиф ёки омад билан ҳам боғлаш мумкин. Аммо неаполликларнинг сўнгги пайтлардаги натижалари Зиданни ҳам ўйлашга мажбур қилиши турган гап.
"Бенфика" - "Боруссия Д". 1/8 финалнинг томошабоб ўйини
"Бенфика" Португалиянинг энг кучли клубларидан. Аммо кейинги босқичга чиқиш борасида "Боруссия Д"нинг имкониятлари юқори. Чунки германияликлар таркиби ва уларнинг айни пайтдаги ўйини шундай фикрлашимизга ундайди. Бироқ "Бенфика" Томас Тухел жамоасини анчагина тер тўкишга мажбур қилади.
"Бавария" - "Арсенал". Венгерни яна 5 йилга қаритган қуръа
ЕЧЛнинг бу босқичида бир-бирига бегона бўлмаган рақиблар. Бу жамоаларнинг тўқнашуви доим қизиқарли ва муросасиз руҳда ўтган. Аммо қуръанинг шундай кўриниш олиши Арсен Венгерни яна 5 йилга қаритиб юборди десак ҳам бўлади. Чунки лондонликларнинг охирги пайтлардаги натижаларига қарасак, мюнхенликлар улар учун сўнгги манзил. Қолаверса, ушбу икки клубларнинг ўзаро тўқнаш келиши барчани зериктириб ҳам юборди. Боз устига керакли паллада "Арсенал" футболчиларининг жароҳатлари панд бериб қўйиши ҳам Венгернинг оғриқли нуқталаридан биридир.
"Порту" - "Ювентус". Касильяс - Буффон қарама-қаршилиги
Ушбу тўқнашда Туринликларнинг қўли баланд келиши аниқроқ. Чунки бир неча йил олдин "Порту" яхшигина кучга эга бўлган жамоа ҳисобланарди. Уларнинг таркибида бразилиялик тажрибали футболчилар ҳаракат қилишарди. Аммо ҳозирги "ажадарлар" туринликларни енга оладиган кучга эга эмасдек кўринмоқда. Қолаверса, футболнинг иккита тирик афсоналари Касильяс - Буффон қарама-қаршилиги ҳам бўлиб ўтади.
"Байер" - "Атлетико". Чичарито - Гризманн тўқнашуви
Мазкур учрашув ЕЧЛ нимчорак финалининг муросасиз беллашуви бўлиши мумкин. Бир қарашда мадридликлар кучлидек кўринишмоқда. Аммо германияликлар осонликча таслим бўлишмайди. Қолаверса, бу баҳсда Гризманн ва Чичарито тўқнашувининг ҳам шоҳиди бўламиз.
ПСЖ - "Барселона". Каталонияликларнинг навбатдаги Парижга саёҳати
Франциянинг биринчи рақамли жамоаси ҳисобланган ПСЖнинг йўли яна "Барселона"га тўқнаш келди. Париж - Каталония йўналиши бўйлаб парвоз қиладиган Луис Энрике шогирдлари Ибрагимовичсиз ПСЖни таслим қилишлари аниқ. Қолаверса, сўнгги пайтларда парижликларнинг ўйинлари мухлислар кутганидек жозибали кўринмаяпти. Шунинг учун сўнгги пайтларда Унаи Эмерининг ўрнига бошқа номзодлар кўрилётгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
"Севилья" - "Лестер". "Тулкилар"га ЕЧЛ ҳавоси ёқиб қолди
Испаниянинг "Севилья" клуби бу пайтга келиб ЕЧЛдан ЕЛга кўчиб ўтиб шу турнирда ўз юришини давом эттирар эди. Аммо бу йил мақсад ЕЛда навбатдаги кубокни эмас балки, нуфузи бўйича энг юқори туридиган ЕЧЛда имкон қадар узоқроққа боришни режалаштирган кўринади.
Англия премьер лигасининг амалдаги чемпиони ҳисобланган "Лестер" ЕЧЛда ҳам шов-шув кўтармоқчи. Ҳар ҳолда "тулкилар" гуруҳ босқичида биринчи ўрин билан нимчорак финалга йўл олишди. Бу босқичда уларга бошқа жуфтликларга қараганда нисбатан осон рақиб тўқнаш келди.
Хуллас барчасини февраль ойининг ўзида ёки мартда билиб олишмиз мумкин.
Фикрлар